Янги инфографика 2005 йилдан буён Хитойнинг хорижий инвестицияларини акс эттиради ва American Enterprise Institute ҳамда Heritage Foundation'нинг қўшма лойиҳаси бўлган China Global Investment Tracker (CGIT) маълумотлари асосида тўғридан тўғри хорижий инвестицияларнинг мамлакатлар бўйича тақсимотини кўрсатади.

2005–2025 йиллар оралиғида Хитой компаниялари хорижга 1,5 триллион доллардан ортиқ сармоя киритган. Бунда ушбу сумманинг ярмидан кўпроғи — 806,8 миллиард доллар атиги ўнта давлат ҳиссасига тўғри келган. Ҳисоб-китобга фақат қиймати 100 миллион доллардан юқори бўлган битимлар киритилган.

Хитой иқтисодиёти очилганидан буён ҳеч бир мамлакат Хитой сармоясини АҚШчалик кўп жалб этмаган: 2005–2025 йилларда Хитой компаниялари у ерга 204,14 миллиард доллар йўналтирган. Энг йирик битим 2013 йилда Shuanghui компаниясининг Smithfield Foods компаниясини 7,1 миллиард долларга сотиб олгани бўлган.

АҚШда йирик хорижий инвестициялар ва қўшиб олишлар Хорижий инвестициялар бўйича қўмита (CFIUS) томонидан маъқулланиши керак. У сўнгги йилларда Америка—Хитой муносабатлари ёмонлашгани фонида Хитой капиталига нисбатан тобора эҳтиёткорона муносабатда бўлмоқда.

Шунга қарамай, ҳатто 2025 йилда ҳам янги инвестициялар ҳажми 3,79 миллиард доллардан ошган. Бу эса ўсиб бораётган рақобатга қарамасдан, дунёдаги икки энг йирик иқтисодиёт ўртасида тўлиқ иқтисодий узилиш юз бермаганини кўрсатади.

АҚШдан ташқари, Хитой инвестицияларини энг кўп қабул қилган ўнта давлатнинг аксарияти ривожланган ғарб иқтисодиётларидир: Австралия — 108,1 миллиард доллар, Швейцария — 62,9 миллиард доллар, Канада — 57,3 миллиард доллар, Германия — 56,3 миллиард доллар, Франция — 37,1 миллиард доллар ва Буюк Британия — 106,6 миллиард доллар.

Истисно тариқасида, кенгайтирилган БРИКС+ форматига кирувчи икки йирик ривожланаётган бозор — Бразилия ва Индонезия ҳам ушбу рўйхатдан жой олган. Бразилия 78,9 миллиард доллар, Индонезия эса 49,4 миллиард доллар Хитой сармоясини жалб этган. 2025 йилда айнан Бразилия Хитой инвестицияларини энг кўп қабул қилган давлатга айланиб, State Grid ва China Communications Construction каби компаниялардан 7,31 миллиард доллардан ортиқ сармоя жалб қилган.

Аҳолиси 6 миллиондан сал кўпроқ бўлган шаҳар-давлат Сингапур 2005 йилдан буён 46 миллиард доллардан ортиқ инвестиция қабул қилди. Бу кўрсаткич аҳоли сони бўйича дунёда тўртинчи ўринда турувчи Индонезияга яқин. Бу эса ривожланган ва диверсификация қилинган иқтисодиёт Хитой капиталини жалб қилишда қанчалик муҳим эканини кўрсатади.