Ўзбекистон | 11:47 / 05.08.2021
32132
2 дақиқада ўқилади

«Адолат» партиясининг президентлик сайловида иштирок этадиган номзоди тавсия қилинди

Ўзбекистон президентлик сайловида «Адолат» социал-демократик партияси томонидан партия сиёсий кенгаши раиси, тарих фанлари доктори Баҳром Абдуҳалимов номзод сифатида иштирок этади. Бу ҳақда «Адолат» СДП марказий кенгашининг 5 август куни ўтказилган навбатдан ташқари VII пленумида маълум қилинди.

«Адолат» СДПнинг навбатдан ташқари пленумида 2021 йилги президентлик сайловларига партия раҳбари Баҳром Абдуҳалимовни номзод сифатида партия қурултойида кўрсатиш масаласи муҳокама қилинди.

Тадбирда айни пайтда партия лидери Баҳром Абдураҳимович Абдуҳалимов номзоди партия қурултойида номзод сифатида илгари суриш таклифи билдирилди. Барча сўзга чиққанлар бу таклифни маъқуллади.

Эндиликда унинг номзоди партия қурултойида тасдиқланиши керак.

Kun.uz мухбири хабар беришича, пленумда шунингдек, фуқароларнинг сиёсий ва ҳуқуқий саводхонлигини ривожлантириш ҳамда сайлов манфаатларини ҳимоя қилишга доир масалалар ҳам муҳокама қилинган.

Маълумот учун, Баҳром Абдуҳалимов 1959 йил 27 февралда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Тошкент давлат университетини тамомлаган (1981 йил). Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида кичик, катта илмий ходим, бўлим бошлиғи, илмий котиб, илмий ишлар бўйича директор ўринбосари, директор, Ўзбекистон президенти давлат маслаҳатчиси лавозимларида ишлаган. Тарих фанлари доктори, Марказий Осиё тарихи ва шарқшунослик соҳасидаги олим.

У 2011-2020 йилларда Фанлар академияси вице-президенти лавозимида ишлаган. 2020 йилнинг октябрида «Адолат» СДП сиёсий кенгаши раиси этиб сайланган.

Ўзбекистон президенти сайлови кампаниясига 23 июль куни старт берилди. Сайловларда 5 та партия – «Адолат» СДП, «Миллий тикланиш» ДП, ЎзЛиДеП, ХДП ва Ўзбекистон Экологик партияси ўз номзодини илгари суриш ҳуқуқига эга. Сайлов 24 октябрь куни бўлиб ўтади. 

Қонунчиликка кўра, партия юқори органи унинг номзодини маъқуллаши, Республикадаги жами сайловчиларнинг камида 1 фоизи номзодни қўллаб-қувватлаб имзо қўйиши керак бўлади.

Бундан олдинроқ, Экопартия президент сайловида Нарзулла Обломуродов номзод сифатида қатнашишини маълум қилганди.

Мавзуга оид