Ўзбекистон | 07:43 / 10.02.2022
9755
2 дақиқада ўқилади

Тошкентнинг Эски шаҳар ҳудудида арт-резиденциялар пайдо бўлади

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Тошкент шаҳрининг тарихий маҳаллаларини, уларнинг ноёблиги ва маданий-тарихий меросини асраб-авайлаш бўйича ўз ишларини давом эттирмоқда ҳамда Эски шаҳар ҳудудида арт-резиденциялар яратиш ташаббусини илгари сурмоқда.

Фото: Kun.uz

Лойиҳа дизайн-концепцияси жаҳон талабларини инобатга олган ҳолда Марокашдаги «Studio KO» меъморчилик бюроси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилади. Ушбу лойиҳа Алишер Усмоновнинг «Санъат, илм ва спорт» хайрия жамғармаси кўмагида амалга оширилади.

“Юртимиз ва чет элликлар учун ижодий масканни ташкил этиш бўйича пойтахтимизнинг Олмазор туманида жойлашган иккита объект танлаб олинди”, дейилади Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси хабарида.

Биринчи объект Намуна маҳалласида жойлашган, анъанавий меъморий кўриниши сақлаб қолинган ҳамда қайта таъмирланган «Маткаримбой» мадрасаси бўлиб, ушбу манзил ижодий майдон яратиш учун хизмат қилади. Иккинчи объект эса эски болалар боғчаси – Ҳастимом маҳалласида жойлашган.

Маткаримбой мадрасани реставрация қилиш лойиҳаси
Фото: t.me/acdfuz

Тошкентдаги арт-резиденциялар Замонавий санъат марказининг таълим йўналиши учун платформа ҳамда маҳаллий ва халқаро ижод вакиллари ўртасида ҳамкорлик учун хизмат қилади.

Аввалроқ, Тошкент маҳаллалари ЮНЕСКО Бутунжаҳон маданий меросининг дастлабки рўйхатига киритилганди

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид