Президент Шавкат Мирзиёев 23 январ куни Олмазор тумани Ҳастимом маҳалласи Зарқайнар кўчасида ташкил этилган туризм ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти билан танишди.

Расмий хабарга кўра, Олмазор туманида 447 гектар ҳудудни қамраб олган туристик лойиҳа амалга оширилмоқда: 15 та маҳаллани ўзаро боғловчи туман аҳамиятидаги 6 та кўчада туризм ва хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилади.

Зарқайнар кўчасидаги бунёдкорлик ишлари – ана шу лойиҳанинг бир қисми. Бу ҳудуд асрлар давомида шаклланган тарихий қиёфаси, миллий меъморчилик анъаналари ва ҳунармандчилик руҳи билан ажралиб туради.

Республика бюджетидан ажратилган 150 миллиард сўм ҳисобига бу ердаги 576 та хонадон миллий кўринишда таъмирланиб, маҳалла тарихий муҳитга уйғун қиёфа касб этди.

100 нафар тадбиркор томонидан 166 миллиард сўм инвестиция киритилгани натижасида 7 та меҳмонхона, 8 та ресторан, 5 та ҳунармандлик маркази, 1 та савдо маркази, 125 та хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилди, 1500 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланди.

Давлат раҳбари янгиланган кўча бўйлаб юрар экан, миллий меъморий услубда таъмирланган хонадонлар, обод кўчалар ва аҳоли учун яратилган шароитларни кўздан кечирди. Шу ерда истиқомат қилаётган оилалар, туристлар, ҳунармандлар билан суҳбатлашди.

“Ҳунармандчилик – миллийлигимизни ифодалайдиган асосий йўналишлардан бири. Шу боис ҳунармандлар маҳсулот ишлаб чиқариши учун барча зарур шарт-шароитларни яратиб бериш – бизнинг вазифамиз. Малакали кадрлар тайёрлаш зарур. Шу мақсадда ҳунармандлар университетини ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Биз тадбиркорлар билан учрашяпмиз, эндиликда ҳунармандлар билан ҳам алоҳида учрашувлар ташкил этамиз”, – деди президент.

Мутасаддиларга туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги ишларни янада такомиллаштириш, маҳаллалардаги тарихий муҳитни асраб-авайлаган ҳолда иқтисодий фаолликни ошириш, энг муҳими, одамлар манфаатига хизмат қиладиган барқарор тизимни шакллантириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.