Жамият | 14:51 / 23.07.2020
14418
5 дақиқада ўқилади

Шартни уй эгасимас, қурувчи қўйган. Самарқандда уйи бузилган оила уч йилдан буён кўчада сарсон бўлмоқда

Самарқанд шаҳрининг «Геологлар» маҳалласида яшовчи бир қанча фуқаролар уч йилдан буён ўз уйларидан айрилиб, бола-чақаси билан сарсон-у саргардон бўлишмоқда.

Ана шундай фуқаролардан бири Мавлуда Мухторова таҳририятга мурожаат қилди.

«Тинчгина яшаб турган уйимизни қурувчи бузиб ташлаганига уч йил бўлди. Келишувга кўра, у икки йил ичида олдимиздаги майдонда уй қуриб битказиши ва унгача бизга ижара уйда яшашимиз учун ойлик тўлов бериб бориши керак эди. Шу вақтгача уй ҳам битмади, беш ойдирки ижара учун белгиланган тўловни ҳам бермай келмоқда. Қаердан уй топсак, ижара ҳақини топиб беролмаганимиздан кейин кўп ўтмай ҳайдаламиз, невара-ю бола чақамиз билан кўчада қоламиз. Мана, ҳозир турган уйимиздан ҳам эртага бизни чиқариб уйни қулфлашади. Зўравонлик шу даражадаки, ўз ҳақимизни талаб қилиб борсак «қаерга борсанг бор» деб ҳайдаб солишади», дейилади мурожаатда.

Ўзи аслида уй-жой фуқаронинг хусусий мулки экани, кўп қаватли уй солиш учун аввал бу ердаги уй-жой эгалари билан келишиш ва бу келишувга амал қилиш содда ва оддийгина қоида. Аммо бу ҳудуддаги бир неча оила ана шу энг оддий ҳуқуқларидан ҳам мосуво. Улар ўз уйи бўла туриб, бугун кўчама-кўча сарсон.

Шартнома ўз вақтида бажарилмади, эндиликда ижара ҳақи ҳам йўқ, Мавлуда Мухторова, унинг фарзанди, келини ва неваралари уйига қайтиб келай деса мана бу аҳвол:

Бу уйни «Мевазор равнақ савдо» масъулияти чекланган жамияти қурилиш корхонаси офис қуриш мақсадида бузиб ташлаган. Шу вақтгача тегишли идоралар бу ҳолатга жиддий эътибор қаратмаган, қаратса-да жиддий  чора белгиламаган кўринади. Чунки ҳуқуқи бузилган бу фуқароларнинг аҳволини кўриб турибсиз.

Аҳолининг уйларини бузиб ташлаб, вақтида кўп қаватли уй қура олмаган «Мевазор равнақ савдо» масъулияти чекланган жамияти вакилларининг фикрини тингламоқчи бўлдик. Аммо мазкур корхонанинг бу ердаги кўп қаватли уй қуриш ҳуқуқи бошқа корхона — «Самарқанд сити ЛТД» масъулияти чекланган жамиятига ўтган экан. Аммо ҳуқуқий ворис — янги корхона уй эгаларини мутлақо қониқтирмайдиган янги шартнома таклиф қилган. Қизиқ ҳолат шуки, бу ерда ҳақиқий уй эгалари эмас, жойни сотиб олаётган қурувчи аҳолига шарт қўймоқда. Таклиф қилинаётган янги шартномада эса хонадон эгаларига 2021 йилда уй ўрнига уй берилиши ёзиб қўйилган. Янаям қизиғи, унгача бу оилаларнинг яшаб туриши учун ижара ҳақи ҳам назарда тутилмаган. Унгача, ёш боласи билан оиланинг қаерда яшаши ҳеч кимни қизиқтирмаяпти.

Мурожаатчининг маълум қилишича, шу йил уларнинг аризасига биноан ҳокимлик вакиллари келиб, кўчада қолган оилалар билан учрашган. Қурувчига 15 кунда муаммога ечим топиш топшириғи берилган. Аммо бу гаплар ҳам эски бузилган уй харобалари орасига сингиб, йўқ бўлиб кетган...

Бир неча кун аввал маҳаллага вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари келиб аҳоли билан суҳбат уюштирган. Унда айтилган гапларга кўра, уй эгасидан ҳолат бўйича шаҳар ИИБ бошлиғи номига ариза олинган.

Бу орада худди шу ҳудудда яшовчи яна 4 киши таҳририятга мурожаат қилди. Айнан шу муаммо — қурувчи икки йил олдин уларнинг уйини олган, аммо ваъда қилинган янги уйлар ҳамон йўқ.

Мавлуда Мухторова ҳамда ҳудуддаги бошқа мурожаат эгаларини сабрини тўлдирган нарса шуки, шусиз ҳам уларга ваъда қилинган кўп қаватли уй қачон битиши аниқ эмас. Лекин қурилиш корхонаси уларга ана шу ярмига етган бинодан эмас, ундан кейин қурилажак бинодан уй бермоқчи. Шусиз ҳам ўз уйидан айрилиб, йиллар давомида кўчада қолаётган фуқароларни бундай таклиф табиийки норози қилмоқда.

Фуқаролар маълум қилганидек, иш ҳуқуқ-тартибот идоралари назоратига ўтган. Аммо уларнинг муаммоси қачон барҳам топиши ҳозирча номаълум бўлиб қолмоқда.

Анвар Мустафоқулов, Kun.uz мухбири

Мавзуга оид