Жамият | 14:26 / 28.04.2026
3287
2 дақиқада ўқилади

Бук-кафе очган тадбиркорларга имтиёз берилади

2026 йилда Фарғона вилоятидаги 100 та маҳаллада намунавий маҳалла кутубхоналари ташкил этилади. Бук-кафе очган тадбиркорларга солиқ ва ижара тўловларидан имтиёз берилади.

Фото: iStock

Ахборот хуружлари авж олаётган ҳозирги даврда ёшлар ўртасида китобхонликни оммалаштириш ҳар қачонгидан ҳам долзарб. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи доирасидаги йиғилишда айтиб ўтди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, шу мақсадда 2026 йилда вилоятдаги 100 та маҳаллада намунавий маҳалла кутубхоналари ташкил этилади, бук-кафе очган тадбиркорларга солиқ ва ижара тўловларидан имтиёз берилади.

Шавкат Мирзиёев “Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм мажмуасида ҳар икки йилда Халқаро китобхонлик фестивалини ўтказиш, ушбу тадбирга дунёнинг машҳур ёзувчи ва шоирларини таклиф қилиш ташаббусини билдирди.

Президент ўзбек адабиёти тарихида Қўқон адабий муҳитининг ўрни беқиёс экани, бу заминда 300 дан зиёд шоир ва адиб яшаб ижод қилганини ҳам қайд этди.

Шундай адибларни етиштирган Қўқон UNESCO'нинг “Адабиёт шаҳри” мақомини олишга ҳам муносиб. Лекин бундай бой мерос ҳалигача тизимли ўрганилмагани, илмий тадқиқотлар олиб борилмагани қайд этилди

Шу боис, Қўқон адабий муҳити антологияси ва электрон платформасини яратиш, Адабиёт ва ижод мактабини ташкил этиш таклиф қилинди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид