Жаҳон | 12:21 / 08.09.2022
31851
6 дақиқада ўқилади

Россия «ҳеч нарса йўқотмади», Ғарб ҳаммани «отди», ЕИ эса «аҳмоқона қарорлар» қабул қиляпти — Путиннинг баёнотидан асосий иқтибослар

7 сентябр куни Россия президенти Владимир Путин Владивостокда бўлиб ўтган Шарқий иқтисодий форум пленар сессиясида чиқиш қилди. У Украинадаги уруш сабаблари, Россия энергияси нархига чегара қўйишга уриниш, халқаро экспертларнинг Запорижжя АЭСга ташрифи борасида фикр билдирди. Қуйида унинг баёнотидан асосий иқтибослар келтирилади.

Владимир Смирнов / EPA / Scanpix / LETA

Украинадаги уруш ва унинг Россия учун оқибатлари ҳақида

Биз ҳеч нарса йўқотмадик. Ҳеч нарса йўқотмаймиз ҳам. Энг асосий эришганимиз – суверенитетимизнинг мустаҳкамланиши. Ҳа, маълум даражадаги қутблашув содир бўлмоқда, аммо мен дунёда ҳам, мамлакатимизда ҳам бу фақат фойдали бўлади деб ҳисоблайман. Чунки барча кераксиз нарсалар ва олға юришимизга халақит бераётган барча нарса улоқтириб ташланади...

Энг асосийси эса, яна бир бор таъкидламоқчиман, биз ҳарбий ҳаракатлар нуқтайи назаридан ҳеч нарсани бошламадик, балки якунлашга уриняпмиз. Ҳарбий ҳаракатларни 2014 йилда тинч ривожланишни истамаган ва ўз халқига босим ўтказишга уринганлар бошлаган

Россия муаммони тинч йўл билан ҳал қилишга кўп марта уринганидан кейин худди шу йўл билан – қуролли йўл билан жавоб беришга қарор қилди. Биз буни онгли равишда қилдик, барча ҳаракатларимиз Донбассда яшаётган одамларга ёрдам беришга қаратилган. Бу бизнинг бурчимиз ва уни охиригача адо этамиз. Охир-оқибат бу мамлакатимизнинг ичкаридан ва ташқи сиёсат нуқтайи назаридан мустаҳкамланишига олиб келади. 

Россия гази нархини чегаралашга уриниш ҳақида

Кимдир бу аҳмоқона қарорни амалга оширишга уринадиган бўлса, бу мазкур қарорни қабул қилганлар учун яхшиликка олиб келмайди. Шартномавий мажбуриятлар бор. Шартномага зид сиёсий қарорлар қабул қилинадими? Биз уларни бажармай қўя қоламиз. Агар манфаатларимизга зид келадиган бўлса, ҳеч нарса етказиб бермаймиз. На нефт, на кўмир, на мазут. Бизга ўзиникини ўтказмоқчи бўлаётганлар ҳозирда бизга буйруқ берадиган ҳолатда эмас. Ўйлаб кўришсин. Биз эса худди эртакдагидек: «Музла, музла, бўрининг думи» дейишимиз қолди.

Запорижжя АЭСдаги вазият ва ХАЭА миссияси ташрифи ҳақида

Мен Халқаро атом Энергетикаси агентлигининг ҳисоботига шубҳасиз ишонаман. ХАЭА — жуда масъулиятли халқаро ташкилот. Раҳбари — жуда профессионал инсон. Улар АҚШ, Европа мамлакатлари босими остида туради. Ўққа тутишлар Украина ҳудудидан амалга оширилаётганини тўғридан тўғри айта олишмайди. Бу яққол нарса. Ахир станцияни биз назорат қиляпмиз. У ерда бизнинг ҳарбийларимиз турибди. Хўш,ўзимизни ўзимиз ўққа тутяпмизми? Шунчаки бемаънилик... у ерда қанча HIMARS ва бошқа Ғарб қуроллари қолдиқлари ётибди. Бу таҳдид соладими? Албатта солади... станция ҳудудида Россия ҳарбий техникаси йўқ.

Ғалла келишуви натижалари ҳақида 

Геосиёсий рақибларимиз томонидан бизга қилинган босим Россияни камбағал давлатлар манфаатларини таъминлаш, бу мамлакатларда очарчиликка йўл қўймасликка чақиришга асосланганди. Биз бу келишув амалга ошиши учун ҳамма нарсани қилдик, бунга риоя қиляпмиз. Маълум бўлдики, бу сафар ҳам халқ тили билан айтганда «отишди». Аҳмоқ қилишди. Нафақат бизни, балки камбағал мамлакатларни...

Балки ғалла ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларининг бу йўналишда (Украинадан Европага) ташилишини чеклаш ҳақида ўйлаб кўриш керакдир. Мен бу мавзуда Туркия президенти жаноб Эрдўған билан албатта маслаҳатлашаман. Зеро Украина ғалласини ташиш механизмини у билан бирга ишлаб чиққанмиз. 

Россияликлар учун виза чекловлари ҳақида

Биз ҳеч кимга қандайдир қарорларини бизга ўтказишларига йўл қўймаймиз, уларнинг қўллари калта. Аммо бу соҳада ҳам манфаатларимизга зид ҳеч нарса қилмаслигимиз керак. Биз ёшлар мамлакатимизга келиб ўқишларидан манфаатдормиз. Биз барча чекловларга қарамасдан бизнес келиши ва ишлашидан манфаатдормиз. Уларни нима учун чеклаш керак? Биз бу алоқаларни узмаймиз. Улар (Ғарб мамлакатлари) буни сиёсийлаштирмоқда, улар бизни эмас, ўзларини иҳоталамоқда.

Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррелнинг Россия тўғрисидаги гаплари ҳақида

У шунчаки тилига эрк беряпти. У бу масалада йирик мутахассис. Биз Европа дипломатияси раҳбарининг Россияни жанг майдонида енгишга чақириқларини кўрдик. Ғаройиб дипломатия... Унга Худо бор.

Фашистлар режимига келсак, бунга нима дейиш мумкин? Агар у (Боррел) 30-йилларда яшаганида эди, у испаниялик... Менимча, у давлат тўнтаришига уринувчилар тарафида бўларди, чунки у бугун Украина ҳудудидаги ана шундай одамларни қўллаб-қувватлаяпти… У балки ўша даврда фашистлар томонида бўлган бўларди...

Бугун у бутун Европа каби Украина ҳукуматини қўллаб-қувватлаяпти... Агар ўша жаноб (Боррел) русларни ҳам, яҳудийларни ҳам, полякларни ҳам отган Бандера, Шухевич ва бошқа неонацистлар кимлигини билганида эди... Мана шулардан келиб чиқиб фикр қилганида эди, ҳақиқий нацизм қаерда гуллаб-яшнаётгани ва қаерда давлат даражасида қўллаб-қувватланаётганини билган бўларди.

Журналист Иван Сафроновга чиқарилган ҳукм ҳақида

(Сафронов иши бўйича) тафсилотларни билмайман. У нафақат журналист, балки «Роскосмос» раҳбари маслаҳатчиси бўлган ва нафақат журналистик фаолият, балки тегишли маълумотларни тўплаш ҳамда Ғарб разведкаларидан бирига бериш орқали ҳам пул топган. Суд буни исботланган деб топди ва тегишли қарор чиқарди. Унинг қилган иши учун муддат нуқтайи назаридан бу қанчалик адолатли — буни муҳокама қилмайман. Прокурор ҳар доим ҳукмга норозилик билдириши мумкин ва маҳкумнинг адвокатлари ҳам юқори турувчи суд инстанциясига тегишли ҳужжатларни тақдим этиши мумкин. 

Уруш бошланганидан сўнг мамлакатни тарк этган россиялик журналистлар ҳақида

Ҳа, ишонтириб айтаманки, улар кета олганлари учун хурсанд. Улар бу ердалигида ҳар доим мамлакатимизга қарши ишлашган. Энди эса бу ерда уларга нимадир хавф солаётгандек шу ерда олган ойликларини ўша ерда олиш учун жон-диллари билан кўчиб ўтишди.

Мавзуга оид