«Uzbekistan airways» юклар учун алоҳида ҳақ олмоқда. Компания буни янги тизимга ўтиш дея изоҳлади
28 мартдан бошлаб “Uzbekistan airways” авиакомпанияси хизматидан фойдаланувчи йўловчилар кутилмаган янгиликка дуч келди. Улардан багаж учун алоҳида ҳақ (ўртача 10 АҚШ доллари) ундирила бошланган.
Жумладан, 29 март куни Тошкент маҳаллий аэропорти орқали сафарга чиққан Kun.uz мухбири Илёс Сафаров ана шу ҳолатга дуч келган:
“Ўзбекистонлик йўловчилар, чет эллик меҳмонлар бу янгиликдан кичик шок ҳолатига тушди. Чунки бундан мутлақо ҳамма бехабар бўлган. Янгиликка кўра, юк учун олдингидай чиптага киритилган умумий оғирликка кўра эмас, биттадан ташқари ҳар бир багажга алоҳида ҳақ олинар экан. Бундан, табиийки, ҳамма норози бўлди, эътирозлар билдирилди. “Uzbekistan airways” балки қайсидир платформаси орқали бу янгилик ҳақида хабар бергандир, аммо чипта сотилганда огоҳлантирилмагани уятли ҳолат деб ҳисоблайман. Чунки ёнида пули бўлмаганлар энди юкларини ташлаб кетишига тўғри келадими? Қолаверса, бу янгиликка шу ерга келиб дуч келган йўловчиларга тушунтириш ишлари ҳам тўғри йўлга қўйилмаган, анъанавий қўполлик ҳукм сурмоқда”, дейди мухбир аэропортдан туриб.
“Uzbekistan airways” AЖ ўзининг расмий саҳифасида бу ҳолатни қуйидагича изоҳлаган:
“Ҳурматли йўловчилар! Муҳим маълумот:
2021 йилнинг 28 мартидан “Uzbekistan airways” AЖ ўзининг Ўзбекистон-Истанбул/Дубай/Шаржа ва орқага қайтиш йўналишларидан ташқари барча йўналишларда “Piece Concept” (багажлар сонига кўра) тартиби бўйича олиб ўтиладиган багаж меъёрларини киритмоқда. Шунга кўра, “Piece Concept” олиб ўтиладиган багаж меъёрлари амал қилади:
- Хизмат кўрсатишнинг бизнес класси — уч ўлчов суммаси бўйича 32 кг.дан ошмаган ва габарити 158 см.дан ошмаган оғирликдаги 1 рўйхатга олинган багаж, (ИНФ) ўрни берилмаган чақалоқ учун уч ўлчов суммаси бўйича 10 кг.дан ошмаган ва габарити 115 см.дан ошмаган 1 рўйхатга олинган багаж;
- Хизмат кўрсатишнинг эконом класси — уч ўлчов суммаси бўйича 23 кг.дан ошмаган ва габарити 158 см.дан ошмаган оғирликдаги 1 рўйхатга олинган багаж, (ИНФ) ўрни берилмаган чақалоқ учун уч ўлчов суммаси бўйича 10 кг.дан ошмаган ва габарити 115 см.дан ошмаган 1 рўйхатга олинган багаж;
- Эконом класси учун қўл юки — 1 багаж учун 8 кг, бизнес класси учун – 1 багаж учун 10 кг. Қўл юки ўлчами уч ўлчов суммаси бўйича 115 см.дан ошмаслиги лозим.
Истисно ҳолатлар:
- Ўзбекистон – Истанбул/Дубай/Шаржа ва орқага қайтиш йўналишларида олиб ўтиладиган багаж меъёри “Weight Concept” тартиби бўйича амал қилади. Шу билан бирга, Истанбул/Дубай/Шаржага/дан бўлган ўтувчи халқаро йўналишларда олиб ўтиладиган багаж меъёри PC бўйича қўлланилади (истисно Ўзбекистоннинг шаҳарларига/дан – Истанбул/Дубай/Шаржа ва орқага қайтиш ўтувчи йўналишларида олиб ўтиладиган багаж меъёри “Weight Concept” тартиби бўйича қўлланилади);
- Нью-Йорк ва Пекин учун олиб ўтиладиган багаж меъёри ўзгаришларсиз қолади (истисно Тошкент — Нью-Йорк ва орқага қайтиш йўналишида 2021 йил 28 мартдан сотув учун қайтарилмаслик шарти билан эконом класси тарифлари бўйича 23 кг.дан ортиқ бўлмаган 1 PC олиб ўтиладиган багаж меъёри белгиланади);
- Чиптани сотиб олишда албатта тарифларни қўллаш шартлари ва қоидалари билан танишиб чиқишингизни сўраймиз”.
Хўш, оддий тил билан тушунтирганда “Piece Concept” ва “Weight Concept” усуллари ўзи нима?
- Агар сизнинг чиптангизда Piece Concept назарда тутилган бўлса, чиптада кўрсатилган юк оғирлиги 20 кг вазнни ташкил қилса, аммо у иккига бўлинган ҳолда (дейлик, 15+5 кг) бўлса, иккинчи 5 кг.лик алоҳида багаж учун алоҳида ҳақ (бу ўринда 10 АҚШ доллари) тўлайсиз;
- Борди-ю, чиптангизда Weight Concept усули назарда тутилган бўлса, унда белгиланган юк вазни (мисол тариқасида 30 кг)дан ортиқ ҳар бир килограмм учун авиакомпания белгилаган тарифлар бўйича ҳақ тўлайсиз.
Таъкидлаш жоиз, бу икки услуб дунёнинг турли авиакомпанияларида турлича параметрларга кўра қўлланилади.
Мавзуга оид
16:05 / 17.12.2024
Uzbekistan Airways ва Silk Avia монополистлар рўйхатига киритилди
20:50 / 28.04.2021
Стюардессаларга ўзбек тилида чиройли гапириш талаби қўйилади — Илҳом Маҳкамов
14:14 / 20.04.2021
Uzbekistan Airways 9та давлатга рейсларни ёпади. Улар «норентабел» деб топилган
18:27 / 19.03.2021