Жамият | 20:42 / 18.10.2025
5022
5 дақиқада ўқилади

Инсон эмас, инсонийлик ўлганда ҳақиқий жиноят содир бўлади

Ҳар инсоннинг ичида бир “жиноятчи” яшайди. У гўёки дунёни яхшилик томон ўзгартирмоқчи бўлади, ҳамиша ўз ҳақиқатини сингдиришга уринади. Бироқ дунёда кимнинг яшаши ёки яшамаслиги, табиий мувозанатни бузишга бирор инсоннинг ҳаққи йўқ.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Бугун “5 дақиқа”да Фёдор Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо” романи ҳақида гаплашамиз.

Петербург. Ифлос кўчалар, нам уйлар, очлик ва хавотирли одамлар. Ана шу муҳитда ёш талабa – Родион Расколников яшайди.

У камбағал, лекин ақли ўткир. Унинг бошида ғалати ғоя айлана бошлайди: “Дунёда икки хил одам бор – оддий инсонлар ва алоҳида шахслар. Оддийлар қонунга бўйсунади, алоҳида шахслар эса уни яратади. Наполеон каби. Агар жиноят жамият манфаати учун бўлса, у жиноят эмас”, дейди у.

Айтиб қўяй, бу жуда хавфли қараш. Яъни жамиятда кимнидир кераксиз деб ҳисоблайсан-у, ҳукм ўқийсан. Ёки “мен ҳақман”, деган ўй билан истаган ишингни қиласан. Бу тийиқсиз мияга нималар келмайди дейсиз.

Мен одамларга яхшилик қиляпман...

Расколников ўша фикрни синаб кўришга қарор қилади. Бир қари кампирни болта билан ўлдиради. Йигит воқеага гувоҳ бўлиб қолган кампирнинг синглисини ҳам ўлдиришига тўғри келади. Жиноятни жиноят билан яширади.

У ўзига шундай таскин бермоқчи бўлади. Жамиятдаги судхўр, ҳамманинг жонига теккан кампирни ўлдириш орқали “инсониятга ёрдам бердим” деб ҳисоблайди.

Қамоқда эркинликка эришди

Аммо шундан кейин Расколниковни полиция эмас, виждони таъқиб эта бошлайди. Достоевский жиноятни эмас, жиноят ортидаги инсон руҳини очади. Расколниковнинг ҳар нафасида азоб ва пушаймонлик пайдо бўлади.

У одамлар ичида юради, аммо ёлғиз ва хавотирли. Достоевский айтади: одамнинг ҳақиқий судяси – унинг виждони. Ундан қочиб бўлмайди.

Асарда яна бир қаҳрамон бор – Соня Мармеладова. У Расколниковга жиноятини тан олишни маслаҳат беради. Шу орқали Аллоҳнинг олдида ҳам, виждони олдида ҳам покланиши мумкинлигини айтади.

Бу сўзлар йигитни титратади. У биринчи марта тушунади: инсонни поклайдиган нарса – жазо эмас, тавба.

Ниҳоят, полицияга бориб, жиноятини тан олади. У қамалади. Аммо айнан қамоқда биринчи марта эркин нафас олади.

Бу асар замонавий психологияда ҳам ўрганилади

Асарда яна бир муҳим савол бор: инсон ҳақиқатан ҳам қонунни бузишга ҳақлими, агар бу “фойдали” бўлса ҳам?

Йўқ, дейди Достоевский. Чунки одам ҳаётини “фойдали” ёки “фойдасиз” деб баҳолаш – энг катта хато. Расколниковнинг ҳақиқий жинояти – у инсонни эмас, инсонийликни ўлдирганида.

Бу асар нафақат рус адабиёти, балки бутун инсоният фикр-қарашларига таъсир қилган. Унинг таъсирини Камюнинг “Бегона”сида, Сартрнинг асарларида, ҳатто замонавий психологияда ҳам кўрамиз.

Бу асардан кейин фалсафа ҳам, психология ҳам инсоннинг ичкарисидаги “жиноятчи”ни ўрганишни бошлади. “Жиноят ва жазо” одамни тартибга солади. Миянгизнинг яширин бурчакларида ғимирлаб юрган душманларни ўлдиради.

Асарни ўқиб бўларкансиз, худди наркоздан кейин уйғонаётган одамдек ўзингизга кела бошлайсиз. Бу – жуда фойдали жараён.

Хулоса

Достоевский асари бизга қўрқинчли ҳақиқатни кўрсатади: ҳар бир инсоннинг ичида Расколников яшайди. Биз ҳам баъзан “адолат” ўрнатмоқчи бўламиз, мана бундай қилсам жамиятга фойдаси бўлади-ку, деган ўй ўтади. Лекин ҳаётдаги энг оғир жиноят бу ўзингни булғаш, синдириш. Расколников шуни англаб етди: одамнинг ҳақиқий душмани унинг ичидадир. Ва уни енгиш учун қонун эмас, тавба ва муҳаббат керак. Шу англаш – йигитнинг озодлиги бўлди.

Ушбу китобни қуйидаги ҳавола орқали юклаб олиб, тўлиқ аудио шаклда эшитишингиз мумкин.

Исомиддин Пўлатов.

Мавзуга оид