Жамият | 19:35
2161
5 дақиқада ўқилади

Мафия оламининг чиқиш эшиги йўқ ёхуд ҳокимиятнинг нархини биласизми?

Бу оламнинг қонунлари бошқача ишлайди. Қайсидир таклифни рад этиш ўз маъносида эмас, садоқат ҳам бутунлай бошқа нарсаларга ишора қилади. Бу тоифа инсонларнинг сукунати қўрқинчли, таъсири бошқа ўлкаларга ҳам етиб боради. Ва энг асосийси, бу қудратнинг ўз бадали, тўлови бор. Бугун “5 дақиқа”да Марио Пюзонинг “Чўқинтирган ота” романи ҳақида гаплашамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

“Чўқинтирган ота” XX асрнинг энг нуфузли асарларидан бири сифатида нафақат мафия ҳаёти, балки Америка жамиятининг қоронғи механизмларини очиб беради.

Асар қаҳрамони Вито Корлеоне. У Сицилиядаги зулмдан қочган муҳожир сифатида Ню Йоркка келган. Оғир турмуш, муҳтожлик, майда криминал тузилмалар назорати Витонинг ҳаёт йўлини белгилайди. У жиноят йўлини танламайди, балки муҳит уни шу йўлга мослаштиради. Унинг қудрати зўравонликдан эмас, балки одамларнинг устидан таъсир ўтказиш қобилиятидан, ҳар бир кишига хизмат қилиб, эвазига садоқат талаб қилишдан келиб чиқади. Мана шу “қарз” тизими орқали Вито ўз атрофида қудратли империя барпо қилади.

Корлеоне оиласидаги тўй манзараси жуда қизиқ. Ўша лавҳада мафия дунёсидаги алоқалар, ўзаро ҳисоб-китоблар, сиёсий келишувлар, қонунни четлаб ўтиш механизмлари ҳақида гап боради. Бу саҳнада асар қаҳрамонларининг характери намоён бўлади. Катта ўғил Соннининг қизиққонлиги, оиланинг адвокати Том Хейгеннинг мулоҳазакорлиги, кичик ўғил Майклнинг ҳали оила бизнесидан узоқда туриб, йўлини эркин танлашга интилаётганига гувоҳ бўламиз.

Муҳит мафияларни яратади

Мафия етакчиларидан бири Солоццонинг наркотик бизнесига кириш таклифи воқеаларни ривожлантиради. Карлеоне бу таклифни рад этади. Наркотикнинг сиёсий ва ижтимоий хавфи катта экани, давлат бундай бизнесни қўллаб-қувватламаслигини айтади. Ана шунда мафия оламидаги муносабатлар издан чиқади. Витога қилинган суиқасд нафақат оилага зарба беради, балки жамиятда тинчликни бузади. Ҳолат Вито Корлеоне кланини заифлаштиргандек кўринса-да, бу воқеа кичик ўғил Майклни майдонга олиб киради.

Майкл Корлеоне психологик жиҳатдан мураккаб қаҳрамон. У дастлаб мафиядан узоқ туришни, тинч ҳаёт кечиришни истаган йигит эди. Бироқ у мафия Солоццо ва полиция ходимини ўлдириш орқали “қайтиб бўлмас йўл”ни танлайди. Майкл шу ҳаракати билан мафия қонунларини қабул қилади.

Унинг Сицилияга сургун қилиниши муҳим рамзий аҳамиятга эга. Бу муҳитда у нафақат ўзининг тарихий илдизларини, балки мафия маданиятининг асл моҳиятини кўради. Маҳаллий одатлар, ҳурмат, қон олиб қон қайтариш анъаналари унинг характерини шакллантиради. Бир вақтда Ню Йоркда кечаётган воқеалар – акаси Соннининг ўлдирилиши, оилавий тузилманинг таназзули Майклни ўзга инсонга айлантиради.

Қудрат қурбонлик талаб қилади

Майкл Карлеоне оила ва ўз тарафдорларини ҳимоя қилиш учун ҳаракат қилади. Унинг бошқарув услуби отасиникидан фарқ қиларди. Майкл ҳаётга стратегик, математик қарайди. Ҳамма рақиблари, хиёнатчилар ва хавф солувчи фигураларни бир вақтда йўқ қилиб, ҳақиқий “дон”га айланади.

Чўқинтирган ота вафотидан сўнг мафия оламини ўғил бошқаради.

Бу жараён романдаги энг фалсафий нуқта. Майкл ўз оиласини ҳимоя қилиш орқали аста-секин ўша оиласидан узоқлашади. Хотини Кей билан муносабатдаги совуқлик, ёлғон ва иккиюзламачилик унинг инсоний сифатларини, оилага нисбатан ишонч ва муҳаббатини сусайтиради.

Ёзувчи мафияни оқламайди ҳам, қораламайди ҳам. У мафияни жамиятнинг ўзи яратаётган мураккаб механизм сифатида кўрсатади. Қонунсизлик – қонуннинг заифлигидан, жиноят – ҳокимиятнинг масхарабозлигидан пайдо бўлади. Вито ва Майкл оиласини ҳимоя қилишни жиноят орқали амалга оширса-да, уларда инсонийлик, садоқат, муҳаббат каби ҳислар кучли эди.

Китоб нафақат мафияни, балки ҳокимиятнинг инсон руҳини қандай ўзгартириши, оилавий қадриятлар қандай қилиб қудрат ўйинида қурбон бўлишини ҳикоя қилади. Асар сўнгида Корлеоне оиласи кучли кўринади, аммо бу кучнинг эвазига қачонлардир муқаддас бўлган оила бой берилганди.

Ҳокимият шундай, инсонни йўқ қилади, лекин инсон уни барибир қўлга киритишга интилаверади. Бу қоида ҳамиша амалда бўлган!

Исомиддин Пўлатов

Мавзуга оид