Қишлоқ хўжалиги кооперативлари ҳақидаги узоқ кутилган қонун имзоланди. Соҳада нима ўзгаради?
Кооперативларга бирлашган фермерлар қатор давлатларнинг иқтисодий таянчига айланган. Энди Ўзбекистонда ҳам кооперативлар ташкил бўлиши ва ривожланиши, фермер ва деҳқон хўжаликлари ихтиёрий тарзда ўз ресурсларини бирлаштириб, юқори самарага интилишлари учун ҳуқуқий замин яратилди. Хўш, кооператив ўзи нима, янги қонун қандай ишлайди?
Kun.uz журналисти Шокир Шарипов бу мавзуда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги департамент директори Соатмурод Қулмирзаев ва вазирлик бошқарма бошлиғи Суннатилла Рашидов ҳамда Агробизнес ассоциацияси раҳбари Камолиддин Икромов билан суҳбат қурди.
Ш.Шарипов: Биринчи саволим, кооператив ўзи нима?
С.Қулмирзаев: Авваламбор барча деҳқонларимиз ва фермерларимизни қишлоқ хўжалик кооперативи тўғрисидаги қонун қабул қилингани билан табриклаймиз. Кооператив дегани бир гуруҳ юридик ёки жисмоний шахсларнинг бир мақсад сари куч ва ресурсларини бирлаштирган ҳолда муваффақиятга эришишидир. Масалан, охирги уч-тўрт йилда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 270 мингдан ортиқ ер майдонлари тарқатилди. Бу ер майдонларида 800 мингдан ортиқ, салкам 900 мингта деҳқон ва деҳқон хўжаликлари ташкил этилди, яъни кичик ишлаб чиқарувчилар.
Демак, кичик ишлаб чиқарувчилар ўзаро ихтиёрий равишда бирлашиб, маҳсулотларни сифатли ва жаҳон талабига жавоб бера оладиган даражада ишлаб чиқариш, сақлаш, қайта ишлаш учун ҳамкорлик қила бошлайди. Улар ресурсларда тежамкорликка эришиб, кам харажат билан юқори даромадни таъминлаш мақсадида ўзаро бирлашади. Бу жараёнга нафақат фермер ва деҳқонлар, балки таъминотчилар, қайта ишловчилар, экспортёр корхоналар ва бошқа агро тадбиркорлик субъектлари ҳам аъзо бўлиши мумкин. Буларнинг барчаси бир мақсад сари, кооператив аъзоларнинг манфаати учун ишлайди.
Ш.Шарипов: Мен икки йил олдин немис мутахассиси Карл Кругдан кооперативлар тўғрисида интервю олгандим, у давлатимизга ушбу қонунни ишлаб чиқишда ёрдам берган бўлиб, кооператив ҳуқуқи бўйича халқаро эксперт ҳисобланади. У айтдики, фермерларнинг бирлашуви дегани фермерлар батамом бирлашиб кетади дегани эмас, ҳар бир фермер ўз фаолиятини давом этаверади, фақат керак бўлганда ресурсларни бирлаштиради, деган эди.
С.Қулмирзаев: Шундай. Масалан, кимдир маҳсулотни сақловчи омборхонага эга, бошқа бирининг эса маҳсулотни қайта ишловчи корхонаси бор, улар имкониятни бирлаштиришади. Бундан ташқари, кимдир турли хил хизматлар кўрсатади, масалан, ўғитларни ва уруғларни етказиб беради. Бу жараёнда ҳамма манфаат топади.
Дейлик, 50 та кичик деҳқон хўжалиги бир кооперативга бирикди. Экспортёр корхона бу кооперативга таклиф қилади, масалан, “менга сабзи етиштириб беринглар” дейди. Кооператив маҳсулотни етиштириб, сақлаб, қайта ишлаб беради. Фермерлар бирлашишади, кимдир техникага эга, кимдир маблағга. Қонунчилигимизда “инвестиция киритувчи аъзолар” деган янги институтлар қўшилган, улар ўз маблағи билан кооператив фаолиятини ривожлантиришга ҳисса қўшади.
К.Икромов: Ҳали айтилганидек, 270 минг гектар деҳқонларга ер ажратилди. Шу ерда таъкидлаш керакки, мазкур деҳқонларда “бизларни мажбурий бирлаштириб, кооперацияларга қўшишади, ёки еримиз кетиб қолади” деган хавотир пайдо бўлиши мумкин. Йўқ, ундай эмас. Улар кооперативга бирлашиб ишлашлари ҳам мумкин. Қулай томони – мисол учун, қирқ сотих ери бор битта деҳқон ерини ҳайдатмоқчи бўлса, ерини бир миллион сўмга ҳайдашади. Аммо ўн гектар ерни катта техникада ҳайдатганда, 300 минг сўмдан ҳайдайди гектарини...
Худди шундай бошқа ишлар ҳам бор, бирлашиб бухгалтер олишлари мумкин, иқтисодчи, юрист ёллашлари мумкин, қайта ишлаш занжирларини ўтказиш учун музлаткичлар қўйишлари мумкин. Булар бирлашиб қилинганида арзон ва қулай бўлади, ўзларига яқин жойга қўйишади, бу эса даромадларининг ўсишига олиб келади.
Ш.Шарипов: Кооперативларнинг айнан жорий вазиятдаги аҳамияти ҳақида гаплашсак.
С.Рашидов: Бугунги кунгача ҳам табиий равишда бирлашиб келган кооперативларимиз бор эди. Лекин ҳуқуқий асос фундаменти йўқ эди. Маълум бир қарорларнинг қанақадир қисмида кўрсатиб кетилганди ёки норматив ҳуқуқий ҳужжатларда кўрсатиб берилганди фаолиятни қандай ташкил этиш. Биржа орқали хомашёни сотиш бошланди. Ҳамма нарса биржа орқали амалга оширилмоқда. Лекин битта муаммо фермерларни қийнаб келмоқда: халқаро тажрибадаги каби кооперативларга бирлашгандан кейин фермерлар охирги қайта ишланган маҳсулотдан ҳам ўзининг улушига эга бўлмаяпти. Бизнинг фермерлар фақатгина етиштирган маҳсулотини сотади, холос. Яъни фойдаси чегараланади. Эндиликда кооперативга бирлашадиган бўлса, маҳсулотини бирламчи қайта ишлашдан ҳам маълум даражада фойда олишни бошлайди.
Пахтачиликни мисол қилиб айтадиган бўлсак, кооперативга қўшилган фермер пахта хомашёсини тергандан кейин, толасини ва чигитини алоҳида қилиб қайта ишлаб сотадиган бўлса, хомашёни сотишдан кўра юқорироқ даромад олиш имкони пайдо бўлади.
Бунда давлат томонидан берилаётган имтиёзли кредитларни камайтириш мумкин бўлади. Бора-бора кооперативларга бирлашган фермерлар ўз маҳсулотларини мустақил етиштиришни бошлайди, ўз техникаси бўлади, ўз агрономи бўлади ва ҳоказо. Ўн гектардан ўнта фермер бирлашса, фақат битта агрономга маблағ, яъни ойлик тўлайди. Агар улар алоҳида ҳаракат қилмоқчи бўлса, жуда кўп харажатлар қилиши керак бўлади.
Дунё бозорида рақобат жуда катта. Маҳсулотимиз рақобатбардош бўлиши учун энг биринчи ўринда харажатни камайтиришимиз керак. Харажатни камайтириш учун кооператив – ҳақиқий ечим деб айта оламиз, яъни кооперативларга бирлашиш.
С.Қулмирзаев: Яна бир муҳим жиҳати шуки, фермерлар бирлашиб йил давомида зарурий ресурсларни ҳам биржа орқали сотиб олишлари мумкин. Кам миқдордаги зарурий ресурсларни сотиб олиб, олиб келиш бир фермерга қимматга тушади, турли қийинчиликлар ҳам юзага келди.
Тажрибадан айтиш мумкинки, фермерлар моддий ресурсларни бирлашиб сотиб олиш ва сақлаш орқали ўттиз беш-қирқ фоизгача харажатларни қисқартиришга эришиляпти. Биз буни Германия тажрибасида таҳлил қилганмиз.
Иккинчи муҳим масала шундаки, фермерларимиз жаҳон бозорига секин-секин ўз маҳсулотлари билан кириб боришади. Жаҳон бозорига кириб боришдаги энг муҳим қадам бу – кооперативларга бирлашиш. Жаҳон бозори талаб қиладиган ҳар қандай сертификатларни битта фермер қўлга кирита олмайди. GLOBALG.A.P. дейсизми, бошқасими, жаҳон бозорида талаб қилинадиган сертификатларни олиш керак. Элликта фермер кооперативга бирлашганда, бу осонлашади.
Бу ёқда маркетинг ва логистика бор, комплекс лойиҳалар ишлаб чиқиш бор – буларни ҳам бирлашиб қилиш осон.
Ш.Шарипов: Хориждан мутахассисларни жалб қилиш мумкин...
С.Қулмирзаев: Ҳа. Қонунчилик бўйича эндиликда тажрибали менежерларни, хорижий экспертларни ва етакчи мутахассисларни ёллаш бошқарувда, масалан, ижрочи директор сифатида мисол келтириш мумкин.
Кооперативлар халқаро грантлар ва молия институтларидан маблағ жалб қилишда халқаро алоқаларини бойитади. Ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш кооперативнинг асосий фаолиятидан биридир. Бу ҳам муҳим ҳисобланади. Давлат аралашмаслиги керак. Кооператив тижорат ташкилоти сифатида тан олинади ва эркин фаолият қилади, маҳсулотни етиштиради, қайта ишлайди, сотади ва экспорт қилади. Хизмат кўрсатиш асосан ўз аъзоларига йўналтирилган.
Фермерлар молиявий бошқарув тушунчаларидан бехабар бўлиши мумкин. Замонавий савдо жараёнларини қандай бошқариш кераклигини тушуниш учун ўқитиш талаб этилади. Электрон тизимга ўтганимиз сабабли электрон калитлардан қандай фойдаланишни билиш муҳимдир. Ишларнинг молиявий томонини, маблағлар айланмасини, унинг текширувларини, шаффофлигини таъминлашга алоҳида мутахассислар жалб қилиниши мумкин бўлади. Бу харажат ва даромад ҳисоб-китоби ўз вақтида юритилишига, ўз вақтида солиқ органларига, давлат ташкилотларига ҳисоботлар топширилишида жуда муҳим аҳамиятга эга.
Ш.Шарипов: Беш, ўн ёки йигирма фермерлар бирлашиб, кооператив тузайлик, деди. Уларнинг биринчи ҳаракати нимадан иборат бўлиши керак, нима қилишлари керак бўлади?
С.Қулмирзаев: Қонунчиликда кўзда тутилган, кооперативни ташкил этиш учун алоҳида белгиланган маълумотлар асосида ҳаракат қилишлари керак. Биринчи қадам – кооператив ташкил этишни истаган ташаббускорлар, хоҳ жисмоний ёки юридик шахслар бўлсин, кооперативнинг таъсис ҳужжатларини тайёрлашлари керак.
Даставвал ўзларининг ичидан, ўзлари истаган ҳолда, раҳбар сайлайди. Раҳбар томонидан таъсис ҳужжатлари имзоланади, ва кооперативнинг низоми ишлаб чиқилади. Кооперативнинг асосий масалалари низомда бўлади. Таъсисчилар томонидан ишлаб чиқилган устав жойлардаги давлат хизматлари марказларидан рўйхатдан ўтказилади. Бу жараёнда туман ҳокимининг қарори керак эмас, аксинча, қонунда келтирилганидек, қишлоқ хўжалиги кооперативи ихтиёрий равишда бирлашган жисмоний ёки юридик шахсларни ифодалайди.
Шу пайтгача тугаб кетган кооперативлар фаолиятни текширганимизда, омадсизлик сабаби бошқарувдаги ёки таъсис ҳужжатлардаги хатоликлар эканини кўришимиз мумкин. Шу учун қонунда икир-чикиригача батафсил белгиланди.
Учтага органлар бўлади. Умумий йиғилиш (олий орган), кузатув кенгаши (назорат органи) ва ижро органи – бошқарувда муҳим аҳамиятга эга. Рўйхатга олингандан кейин, бу органлар ўз ишлаш тартибини белгилайдилар. Умумий йиғилишда улар ўзларининг уч йиллик, беш йиллик мақсадларини, йўналишини белгилайдилар.
Бу йилги режа маҳсулотни сақлаб сотиш бўлса, келаси йил дастлабки қайта ишлаб сотиш, ундан кейинги йилда чуқур қайта ишлаб сотиш ва ҳоказо.
Энг асосийси, бу ерда тенг ҳуқуқлилик бўлади: ҳар бир аъзо битта овозга эга, у юз гектар ери бўлса ҳам, ўн гектар ери бўлса ҳам бир хил овозга эга. Кооператорларнинг тугаб кетишига айнан шу сабаб бўлган – ичидан юқорироқ улушга эга бўлган оператив аъзоси доим бошқаларни босим остида ушлашга ҳаракат қилган. Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир аъзо битта овозга эга бўлиш қонунда белгиланди. Мажбурий пайбадал ҳам бор. Мажбурий пайбадали ҳам тенг миқдорда белгиланган.
Кооперативнинг низомида бўлиши керак: ҳар бир аъзонинг кириши, чиқиши, қабул қилиниши, кооперативдан чиқарилиши, пайбадаллар, бўлинмас жамғармалар, захира жамғармалардан қандай фойдаланиш, зарарларни қандай тақсимлаш, фойдани қандай тақсимлаш, барчаси уставда ўз аксини топади. Уставда аъзоларга қўйиладиган талаблар ҳам бор, талабига жавоб бериш керак. Бу талаблар ҳам муҳим ҳужжат ҳисобланади.
К.Икромов: Уставни содда деҳқонча тилда айтадиган бўлсак, қонунни бузмаган ҳолда ўзаро келишиб иш юритиш усули бу. Келишув уставда акс этади, бу келишув қонунда кўрсатилган барчасини ўз ичига олади. Бундан ташқари, қонунни бузмаган ҳолда ўзаро шартларни ёзиб қўйиб келишиб ишлашади, ўзаро шерикчилик шартномасидек. Тенг овозга эгалик фойдани тақсимлашда тенг оламан дегани эмас. Соф фойда тақсимотида ўша ер майдонига мутаносиб равишда тақсимот қилинади.
С.Рашидов: Юз гектар ерга эга бўлган аъзо олган ҳосилига қараб фоиз олади, ўн гектарлик ери бор аъзоси ўн гектарга мутаносиб равишда фойдасини олади. Яъни ҳамма тенг ҳуқуқли битта овозга эга, лекин фойдани тақсимлашда кимда кўпроқ ер бўлса, ўшанга мутаносиб равишда фойда олинади. Бу нарса ҳам уставда аниқ кўрсатилиши керак. Бошқа ҳолатлар назарда тутилиши керак бўлса, уни ҳам ёзиш имкони бор. Яъни уставда чегараларни белгиламаганмиз. Қонунчиликда тақиқланмаган бошқа йўналишларда ҳам бемалол кўрсатиш мумкин бўлади.
Ш.Шарипов: Кооператив раҳбарни сайлаш бу – аъзолардан қайсидир фермер сайланадими раҳбар қилиб ёки четдан иш юритувчи ёлланиши мумкинми?
С.Қулмирзаев: Аъзолар ичидан сайланади. Сиз айтаётгандай, менежерларни ва бошқа мутахассисларни ёллаш ижро органининг ваколатида. Умумий йиғилишга масала қўйилади: "Кооперативимизга тажрибали менежер керак". Қонунчиликда бунга тақиқлов қўйилмаган.
Кузатув кенгаши ҳам кооператив аъзолари ичидан сайланади. Ўнта фермер кооператив тузмоқчи, таъсис йиғилишини ўтказмоқда. Ўн киши йиғилишида келишиб олади ва айтади: "Энди кимдир ҳужжатларни рўйхатдан ўтказиши керак". Ўн киши ҳужжатни кўтариб юрмайди-ку, ичидан бир кишини тайинлайди. Ҳужжатга имзо қўйиш ва уни рўйхатдан ўтказиш учун ваколат беради. Ўн киши номидан ваколат берилади.
Рўйхатдан ўтказгандан кейин, биринчи қилинадиган иш: умумий йиғилиш чақирилади, яна ўша ўн киши йиғилади. Энди улар айтади: "Мана, ташкилотни, яъни кооперативни рўйхатдан ўтказдик. Қишлоқ хўжалиги кооперативи ташкил этилди". Ўн киши таъсисчи. Энди, мана шу ўн киши ҳам таъсисчи, ҳам аъзо.
Кооперативнинг умумий йиғилиши – энг олий орган. Бу ҳамма аъзолар томонидан ўтказиладиган йиғилиш бўлиб, ҳамма тенг овозга эга. Кейин умумий йиғилишда битта ижрочи директор, ёнига бухгалтер, агроном, масалан, тайинлаши мумкин. Бу ташкил этилгандан кейинги қилинадиган ишлардир. Кузатув кенгаши эса уша айнан кооператив аъзоларининг ичидан тайинланади. Улар ўша кооперативдаги ижрочи директорни кузатиб боради: ўтказмалар, пул билан муомала, ҳисоботлар топшириши.
К.Икромов: Кооперативлар 250 йиллик тарихга эга. Япония, Хитой ёки Америкада кооперативлар жуда ҳам ривожланган тизимдир. Сабаби – харажатларни камайтириш ва даромадни ошириш илинжи. Молиявий муаммоларни ҳал қилиш мақсадида бирлашганлар. Кейинчалик молиявий жиҳатдан ривожланиб кетганлар. Қишлоқ хўжалиги юқори таваккалчиликка асослангани учун банклар жуда юқори фоизларда кредит берган. Шу сабабли улар ўз банкларини ташкил этишган. Кўпгина давлатларда кооперативлар ўз банкларига эга. Улар арзон кредитлар орқали ривожланишни кейинги босқичга ўтказишган.
Мисол учун, Германияда Raiffeisen Bank деган банк бор. У дунё бўйича топ ўнталикка киради. Японияда ҳам шундай банк мавжуд бўлиб, топ йигирматаликдаги банклардан бири ҳисобланади. Кооперативлар фақат қишлоқ хўжалиги билан чекланиб қолмасдан, ижтимоий масалалар билан ҳам шуғулланади. Кооперативлар мавжуд бўлган жойда мактаблар ва бошқа ижтимоий объектлар ривожланади. Яъни кўплаб ижтимоий масалаларни ҳал қилишади.
Кооперативлар саноатлаштиришни йўлга қўйиб, заводларини қуриб бўлишган. Энди қишлоқ ривожланиши, инфратузилмасини яхшилаш ва одамларнинг фаровонлигини оширишга ҳаракат қилишмоқда.
С.Қулмирзаев: Хорижий давлатларда кооперативларда ижтимоий ғамхўрлик принципи асосий тамойиллардан бири сифатида киритилган. Бу принцип бизнинг қонунимиздан, янги қонундан ҳам жой олган.
К.Икромов: Германия, АҚШ, Канада, Хитой, Японияда кичик ишлаб чиқарувчиларнинг 70 фоиздан ортиғи ресурсларни кооператив орқали олишади, маҳсулотни ҳам кооператив орқали сотишади. Шуни кўришимиз мумкин, 70 фоиз кишилик ишлаб чиқарувчилар кооперативлар орқали ресурслар ва маҳсулотларни сотишади.
С.Қулмирзаев: Японияда, Германияда кооперативларнинг уюшмалари мавжуд. Бу уюшмалар ён-атроф туман, вилоят ва миллий даражада ташкил қилинади. Улар асосан ижтимоий масалаларни ҳал қилиш, уй-жой билан таъминлаш, кооператив аъзоларига кредитлар бериш, соғломлаштириш масканлари ва шунингдек уларнинг касалхоналари билан шуғулланади. Аъзолар ва уларнинг оила аъзоларига хизмат кўрсатадиган мактаблар, ҳаммаси кооперативлар орқали амалга оширилади.
Ш.Шарипов: Муҳими, бу жараёнда ҳаммаси кўнгилли равишда амалга оширилади, мажбурлов билан эмас.
К.Икромов: Табиий ва ихтиёрий кўринишда. Тизим деҳқоннинг ўзига нима ва қачон қилиш кераклигини билиш имконини беради. Кооператив буюртма беради ва маҳсулотларни етказиб беради. Маҳсулотнинг нархидан хавотирланмайди, сабаби кооператив керакли вақтда қулай нархда маҳсулотни сотади.
С.Қулмирзаев: Кооперативлар аниқ йўналишларга асосланган: мева-сабзавотчиликда олма кооперативлари, гуруч ишлаб чиқарувчилар кооперативлари мисол бўлади. Японияда гуруч ишлаб чиқарувчилар кооперативини ўрганиб, бошқаруви билан ҳамкорликда ишлашини кўрдик. Гуруч етиштирилгандан кейин келишилган нархда ички бозорда шаклланган нархда аъзоларига етказилади. Гуруч сақланиб, жаҳон бозорида сотилади.
Жаҳон бозорида сотилгандан кейин, аъзоларни яна бир марта йиғиб, “биз гуруч учун ўн сўмдан берган эдик, лекин жаҳон бозорида йигирма сўмдан сотдик, беш сўмни кооперативнинг фаолиятини ривожлантиришга, захирага, жамғармаларга ва ҳоказолар учун оламиз, ҳар бир аъзога улуши бўйича беш сўмни тақсимлаб чиқамиз ёки агар қайта ишланган бўлса, охирги даромаддан улушни тақсимлаб берамиз”, дейилади.
Ш.Шарипов: Демак, қандай маҳсулот етиштириш масаласини ҳал қилаётганда прагматик ёндашилади, кимдир "буни экасан" демайди.
К.Икромов: Нафақат “пахта, ғалла ёки дарахт экасан" деган нарса бор, ҳаттоки навларни келишиб танлашади. Масалан, ўн йил олдин олма ўстиришган бўлса, “бу нав эскирди” деб, янги нав экиб юборишади келишиб. Асосийси, бир хил нав экишади, чунки “обём” керак. Маҳсулотни катта савдо тармоқларига етказиб бериш мақсадида тез-тез навларини ўзгартириб туришади ва ишларига ҳеч ким аралашмайди.
Ш.Шарипов: Кооперативда қарорлар коллегиал тарзда қабул қилинади. Кворум масаласи қандай бўлади?
К.Икромов: Бу уставда белгилаб кетилади. Ўзаро келишилган ҳолда ҳал қилинади.
Ш.Шарипов: Ҳамма жиҳатларни ҳисобга олиш керак, келгуси хавотирлар ҳақида, кимда қандай хавотирлар бор?
К.Икромов: Деҳқонларда хавотир бўлиши мумкин. Улар бу янги тизимни эски колхоз деб ўйлашлари мумкин. Лекин кооперативга мажбурланмайди. Кооперативга ўтганда ҳам ерлар ўзларида қолади, узоқ муддатли ижара улар учун сақланиб қолади. Ҳисоб рақамлари ўзларида қолади. Истаса кооперативга киради, хоҳласа чиқиб кетади. Уставларда белгиланган чиқиш муддати бор, мавсумнинг охирида чиқиб кетиб қолинса, жарималар қўлланиши мумкин.
Бошқа кооперативлар билан ишлаш имкони ҳам бор. Агарда кластер тизими қулай бўлса, уларга қўшилиб ишлаш мумкин. Жойларда яхши кластерларимиз ҳам бор ва улар билан ишлаш қулай бўлса, кооперативлар ўз ишларини бемалол давом эттиришади. Улар билан ҳам ишлайверади, унда ҳеч қандай муаммо йўқ.
Ш.Шарипов: Карл Круг билан гаплашганимда айтди бу кластерларнинг ҳам манфаатига тўғри келади, чунки кооператив маҳсулотни тайёр қилиб беради.
С.Қулмирзаев: Шу ери жуда муҳим: кооперативлар маҳсулотларни тайёр ҳолда ёки бирламчи қайта ишлаган ҳолда кластерларга етказиб бериши мумкин. Бу жараёнда кластер умуман ишлаб чиқаришга маблағ тикиши ёки қандайдир механизация хизматлари кўрсатиши шарт эмас. Кластер бошқа мажбуриятларни бажаришга мажбур бўлмайди. Кластер кооперативдан биржа орқали маҳсулотни сотиб олиши мумкин. Яъни кластер ўзининг фаолият йўналиши билан шуғулланади, ҳар бир фермер билан алоҳида ишлаш ўрнига.
С.Рашидов: Кластер учун қулайлик томони шундаки, катта ҳажмдаги маҳсулот тайёрланади, сифатини кўради, нархини келишади, олиб кетади. Вақтдан ютилади: ҳам деҳқон вақтдан ютади, ҳам кластер вақтдан ютади. Вақт жуда қиммат нарса. Энг асосийси кластер ўз йўналишини ривожлантира олади, чунки у маҳсулот етиштиришга ўзини чалғитмайди.
Италия тажрибасини ўрганганимизда, уларда ўзларининг "MOF" деган бир тажрибаси бор. Ҳар бир кооперативнинг супермаркетда жойи бор. Бу қўшма кооперативларнинг натижаси. Шу даражага етишган. Италия тажрибасида катта-катта ишлаб чиқарувчиларнинг, қайта ишловчи корхоналарнинг кооперативга қўшилиши натижасида уч минг-тўрт минг аъзо шаклланган. Натижада, майда ишлаб чиқарувчилар ўша қайта ишловчи корхоналар сотган маҳсулотидан ҳам маълум маънода ўз фойдасини олишга эришган, қўшилган қийматдан фойда олишни бошлаган. Бу жуда катта мотивация берган ишлаб чиқарувчига.
Эндиликда бизнинг кластерларда ҳам имконият бор, фермер билан бемалол бирлашиб битта кооперативда ишлаши мумкин. Кластерлар учун ҳеч қандай чегара қўйилмаган, улар бемалол ҳудудидаги фермерлар билан битта кооперативда бўлиши мумкин. Бу янги бир кўриниш, яъни янги бир тизим шаклланишига олиб келади. Мен ўйлайманки, бу кластерларга ҳам жуда катта имконият очиб беради, яъни кооперативларнинг шаклланиши ва ривожланиши эртага каттароқ корпорацияларда бирлашишга олиб келади.
Биласиз, вилоят доирасида катта-катта қайта ишловчи корхоналаримиз ҳам мавжуд. Ғаллачиликда ёки пахтачиликда бешта босқичга эга бўлган, тўртта босқичдан ўтиб тайёр маҳсулотгача етказадиган заводларга эга корхоналар мавжуд.
Дунёдаги энг яхши ривожланган давлатлардан, Германия, Италия, Америка, Кореядан кооперативлар бўйича андазаларни ўзлаштирдик ва ўзимизга мос модул яратдик.
Ш.Шарипов: Дейлик, кооператив пахта етиштирди, ҳосил тайёр бўлди, сотиш масаласи келиб чиқади...
С.Рашидов: Оддий тажрибадан оддий қилиб тушунтираман: бугунги кунгача кўплаб кооперативлар табиий равишда шаклланди, фермерлар пахта етиштирган ҳолда кооператив сифатида рўйхатга туриб, сақлаш пунктларини тайёрлашди, ўзларининг тарози ва лабораторияларини ўрнатишди. Пахтани сақлайдиган пунктлар хавфсизлик талабларига жавоб берадиган ҳолатга келтирилди.
Шундан сўнг Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Агроинспекция, қишлоқ хўжалиги бўлими ва бошқа ташкилотлар келиб, кооперативнинг сақлаш пунктини текширганлари ва тайёрлигини тасдиқлагач, улар пахтани сақлашга рухсат олдилар. Энди улар ўз пахталарини эркин ҳолда, яъни спот-шартномалари ва биржа савдолари орқали ихтиёрий тадбиркорлик субъектларига сотиши мумкин. Бу Вазирлар маҳкамасининг 680-сонли қарорида ҳам белгиланган.
С.Қулмирзаев: Айнан бир муддатда сотиш талаб этилмайди. Мисол учун, сақлаётган хомашёсини бозордаги нархнинг кўтарилишига қараб хоҳлаган пайтда сотиш мумкин ва уни қайта ишлаб, қўшилган қиймат қўшиб сотиш мумкин. Дейлик, пахтани тола сифатида, чигитини ажратиб, қайта ишлаб, шрот ва бошқа турдаги маҳсулотларни ҳам сотиши мумкин. “Довалический” толани ҳам ип-калава қилиб сотиши мумкин. Хоҳласа хомашё сифатида, хоҳласа қайта ишлаб сотади. Пул заруратига қараб.
К.Икромов: Нега кооператив, МЧЖ эмас деган савол туғилиши мумкин. Масъулияти чекланган жамият билан кооперативнинг нима фарқи бор, деса: кооперативда ҳар бир аъзо ўзининг битта овозига эга, масъулияти чекланган жамиятда эса ким кўпроқ улуш киритган бўлса, ўша асосий овозга эга. Масалан, 51 фоиз улуш киритган одам асосий қарорларни қабул қилади. Кооперативда эса бу демократик принципларга асосланган бўлгани учун ҳар бир аъзо еридан ёки ўша қўшган пайбадалидан қатъи назар биттадан овозга эга. Маҳсулотни кимга сотишни, масалан, ўзаро келишган ҳолда овоз бериш йўли билан ҳал қилишади.
С.Қулмирзаев: Кейинги босқичдаги энг муҳим мақсадимиз – Ўзбекистондаги кооперативларни халқаро даражага кўтариш. Кейинги босқичда бизнинг кооперативларимиз халқаро кооперативлар алянсига аъзо бўлиши керак. Халқаро кооператив алянсига аъзо бўлишнинг жуда муҳим сабаблари бор: халқаро молия бозоридан арзон кредитларни тўғридан тўғри жалб қилиш, жаҳон бозорида ўрин топиш, халқаро алянслар томонидан берилаётган имтиёзлардан фойдаланиш ва халқаро грантларни фаолиятга жалб қилиш.
Бу борада Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва тегишли вазирлик идоралари билан муҳим ишлар амалга оширилади. Тегишли қонуности ҳужжатлари қабул қилинади ва умуман мамлакатимизда қишлоқ хўжалик кооперативлари фаолияти жаҳон талаблари асосида ривожланиши учун муҳим тадбирлар амалга оширилади. Мазкур қонуннинг қабул қилиниши ҳам бир қадам олдинга силжиш бўлди. Энди бунинг кўнгилдагидек ишлаши йўлида фермерларнинг роли катта, яъни фермерлар ўз устидан ишлаб, қонунлар билан танишиб, ўзлаштиришига боғлиқ бўлади.
Шокир Шарипов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
12:10
Ўзбекистонда фойдаланиладиган сув ресурслари 90 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келяпти
11:37
Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида импортни 50 фоизга қисқартириш режалаштирилмоқда
15:02 / 19.11.2024
Ўзбекистон Хитойга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилади
13:55 / 18.11.2024