Иқтисодиёт | 18:41 / 08.08.2025
2793
2 дақиқада ўқилади

Айрим соҳаларда меҳнат шартномалари электрон шаклга ўтади

Ходимлари сони 50 нафаргача бўлган кафе-ресторанлар ва бошқа хизмат кўрсатиш компаниялари, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳасидаги иш берувчилар ходимлар билан Face-ID орқали электрон шартнома тузиши ва бекор қилиши мумкин бўлади. Меҳнат қонунчилиги бузилган ҳолатларни иш берувчи иштирокисиз кўриб чиқиш ва электрон шаклда маъмурий қарор қабул қилиш йўлга қўйилади.

Фото: Unsplash

“Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2025 йил 1 сентябрдан эътиборан:

  • ходимлари 50 нафаргача бўлган хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳасидаги хўжалик юритувчи субъектларга ягона миллий меҳнат тизими (ЯММТ)да биометрик идентификация қилиш (Face-ID) орқали электрон меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилишни расмийлаштиришга рухсат берилади;
  • давлат меҳнат инспекторлари томонидан ўтказиладиган текширувлар ҳақида ваколатли органни олдиндан хабардор қилиш тартиби бекор қилинади;
  • “Хавфни таҳлил этиш” тизимининг таҳлил натижаларига асосан ўтказиладиган текширувларнинг бошланиши ҳақида камида 10 иш куни олдин тадбиркорни хабардор қилиш тартиби давлат меҳнат инспекторлари томонидан ўтказиладиган текширувларга татбиқ этилмайди.

2026 йил 1 январдан эътиборан, ЯММТ орқали қайд этилган меҳнат қонунчилиги бузилишини иш берувчи иштирокисиз кўриб чиқиш ва қонунбузилиши ҳолатлари бўйича электрон маъмурий қарор қабул қилиш тизими жорий этилади.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид