19:50 / 20.04.2020
26494

Коронавирус хронологияси: ЖССТ нималар қилди ва нималар қилмади?

1948 йилда ташкил этилган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) коронавирус эпидемияси сабаб ўз тарихининг энг оғир даврини бошдан кечирмоқда.

Фото: EPA/Vostock-photo

Соғлиқни сақлаш бўйича халқаро тадқиқотлар ўтказадиган мазкур ташкилот дунёнинг қарийб 7,7 миллиард аҳолиси тиббиёт тизимида ишонадиган ягона халқаро платформадир.

Бутун дунёни қамраб олган пандемия қўрқуви aйбдорни топишга ундаётгани сабаб нигоҳлар ЖССТ ва вирус пайдо бўлган давлат – Хитойга қадалган. Бошқача айтганда, Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг катта инқирозни келтириб чиқарган Covid-19 пандемияси ЖССТни танқидлар нишонига айлантирди.

Ташкилот Хитойнинг айбини яшириш, у билан тил бириктириш, глобал фавқулодда вазият ва пандемияни эълон қилишда кечикиш, мамлакатларга бир неча бор «Хитой билан чегараларингизни ёпманг», дея эпидемиянинг глобал миқёсда тез тарқалишига сабаб бўлиш каби бир қатор айблар билан айбланмоқда.

АҚШ президенти Дональд Трамп сўнгги пайтларда ЖССТ, шунингдек, Хитойни тез-тез танқид қилмоқда. У айблаш билангина чекланиб қолмай, мамлакатнинг ташкилотга берадиган маблағини тўхтатиб туришга ҳам буйруқ берди.

Гебреисус ушбу лавозимга 4 йил аввал келганди

ЖССТ директори Тедрос Адханом Гебрейесус Фото: Reuters

1948 йил 7 апрелда ташкил этилган ЖССТнинг штаб-квартираси Женевада (Швейцария) жойлашган бўлиб, у бутун дунё бўйлаб 150 ваколатхона ва 7000га яқин ходимга эга.

ЖССТ бош директори Тедрос Адҳаном Гебреисус 2017 йил 23 майда 5 йил муддатга сайланган, ўша йилнинг 1 июль куни расман ўз лавозимига киришганди.

Гебреисус британиялик рақиби Девид Набаррони катта фарқ билан ортда қолдириб, сайловда ғолиб чиққанда БМТнинг Женевадаги ваколатхонаси катта шодиёналарга гувоҳ бўлганди.

Гебреисус ЖССТдаги фаолиятидан олдин 2005-2012 йилларда Эфиопия Соғлиқни сақлаш вазири, 2012-2016 йилларда ушбу мамлакат Ташқи ишлар вазири лавозимларида фаолият олиб борган.

АҚШнинг ЖССТ бюджетига қўшган ҳиссаси қанча?

ЖССТ 194та аъзо мамлакат ва кўнгилли ташкилотлар билан иш кўради. Унинг бюджети икки қисм: солиқ бадаллари ва ихтиёрий бадаллардан иборат.

Аъзо давлатлар ўз аҳолиси сони ва иқтисодий имкониятидан келиб чиққан ҳолда йиллик бадал тўлайди. Ушбу тўловлар ташкилот бюджетининг қарийб 17 фоизини ташкил қилади.

Ташкилотнинг 2 йиллик, яъни 2020-2021 йиллар учун мўлжалланган бюджети ўтган йилгига нисбатан 9 фоизга ўсиб, тахминан 4,5 миллиард долларга етди.

АҚШ ЖССТ йиллик бюджетининг қарийб 14,67 фоизини молиялаштиради ва унинг бир йиллик умумий ёрдами 412 миллион долларни ташкил этади. Шундан 300 миллион доллари ихтиёрий бадалдир.

ЖССТнинг биринчи рақамли молиячиси Билл Гейтс бўлиши мумкин

Ташкилотнинг энг йирик молиячиси бўлган АҚШ 2019 йил охирида 2018-2019 йил бюджет учун 800 миллион доллардан кўпроқ маблағ ажратди. АҚШдан кейинги ўринларда Билл ва Мелинда Гейтс жамғармаси, шунингдек, Англия ва Германия давлатлари туради.

Хитой эса жами 43 миллион доллар тўлайди ва бу давлат 0,21 фоизлик улуш билан ҳомийлар орасида 49-ўринда. Қолаверса, ушбу маблағнинг қарийб 38 миллион доллари мажбурий бадалдир.

Агар АҚШ молиявий ёрдамни тўхтатса, Билл Гейтс ЖССТнинг биринчи рақамли молиячисига айланиши мумкин.

ЖССТ Трампни Covid-19’ни «сиёсийлаштирганликда» айбламоқда

GETTY IMAGES

ЖССТ бош директори Гебреисус Трампнинг «оғир» ва «адоқсиз» айбловларига қарши «мўътадил» ва «эҳтиёткор» муносабатда бўлмоқда. У Трампнинг даъволарига аниқ жавоб қайтариш ўрнига пандемияни сиёсийлаштирмаслик кераклигини таъкидламоқда.

Хўш, Трамп айбловларда ҳақлими?

ЖССТ нафақат АҚШ, балки Япония, Тайван каби дунёнинг кўплаб мамлакатлари томонидан эпидемияга қарши кеч ва бир-бирига зид қарорлар қабул қилишда айбланмоқда.

Бу масалада ким ҳақ эканини билиш учун ортда қолган кунлар бирма-бир сарҳисоб қилиниши лозим. 2019 йилнинг 1 декабрида Хитойнинг Уҳан шаҳрида юзага келган вазиятдан сўнг ЖССТ қуйидагича иш олиб борди:

14 январь: ЖССТнинг твиттер аккаунтида хитойлик расмийларга асосланган ҳолда Covid-19 одамдан одамга юқиши ҳақида аниқ далиллар йўқлиги айтилди.

20 январь: Ташкилот вирус ҳайвонлардан одамларга юққани, шунингдек, яқин алоқа пайтида одамдан одамга ҳам юқиши мумкинлигини маълум қилди.

21 январь: Хитойда вафот этганлар сони 6 нафарга етди. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Гинг Шуанг ушбу вирус пайдо бўлгани ҳақида ЖССТ ва ташкилотга аъзо давлатлар хабардор қилинганини таъкидлади.

23 январь: ЖССТ бош директори Гебреисус Хитойда тез тарқала бошлаган вирус билан боғлиқ «халқаро соғлиқни сақлаш фавқулодда ҳолати»ни эълон қилишга ҳали эрта экани ва далиллар етарли эмаслигини айтди.

24 январь: Гебреисус Хитой ташқи ишлар вазири Ванг Йи билан Пекинда бўлиб ўтган учрашувдан кейин Хитой ҳукумати томонидан кўрилган чораларни юқори баҳолаб, «ЖССТ Хитой эҳтиёж туювчи нарсаларни етказиб беришга тайёрлиги, ташкилот Хитой ҳукуматининг эпидемияга қарши курашишдаги қобилиятига тўлиқ ишониши»ни маълум қилди.

29 январь: Гебреисус Хитойга ташрифидан сўнг бу ерда 6 минг 65 ҳолат аниқлангани, 132 киши ҳалок бўлгани, пандемиянинг тарқалиш эҳтимоли жуда юқори эканини маълум қилди ҳамда давлатларни огоҳликка чақирди.

30 январь: ЖССТ Covid-19 тарқалиши билан боғлиқ «халқаро соғлиқни сақлаш фавқулодда ҳолати»ни эълон қилди. Гебреисус «асосий масала Хитой  эмас, балки бошқа мамлакатларда содир бўлаётган ҳодисалардир», деб Хитой билан савдо фаолияти ва саёҳатларни чеклаш тўғрисида қарор қабул қилиш учун ҳеч қандай сабаб йўқлигини таъкидлади. Гебреисус Хитойни мақтар экан, фавқулодда ҳолат Чинга нисбатан ишончсизлик кўриниши эмаслигини билдирди ва мамлакатнинг вирусга қарши курашини кутилганиданда аъло, деб баҳолади.

31 январь: ЖССТ глобал фавқулодда ҳолат эълон қилинганига қарамай, «Хитой билан чегараларингизни ёпманг», деди. ЖССТ матбуот котиби Кристиан Линдмайернинг «Давлатлар Хитой билан расмий чегараларни очишлари учун катта сабаблар бор. Ташкилот Хитойга саёҳат ва савдо чекловлари жорий қилинишини тавсия этмаслигини такрорлайди», деди

3 февраль: Гебреисус Хитойга қарши савдо ва саёҳат чекловларига қарши эканини яна бир бор таъкидлади.

11 февраль: ЖССТ Хитойда пайдо бўлган коронавируснинг янги тури  «Covid-19» деб номланганини эълон қилди.

22 февраль: Гебреисус Covid-19 эпидемиясига қарши янада самарали курашиш учун халқаро ҳамжамиятдан 675 миллион доллар ёрдам сўради.

26 февраль: ЖССТ бош директори Covid-19 ҳолатлари Италия, Эрон ва Жанубий Кореяда тўсатдан кўпайишидан қаттиқ ташвишда эканини билдирсада, Covid-19’га нисбатан «эпидемия» сўзини ишлатишга қарши эканини билдирди.

27 февраль: Гебреисус сўнгги кунларда Хитойдан ташқари баъзи мамлакатларда Covid-19 ҳолатлари пайдо бўлиши билан вирус «маълум бир нуқтага етгани»ни очиқлади.

28 февраль: ЖССТ Covid-19 учун глобал хавф даражасини «юқори»дан «жуда юқори»га кўтарди.

2 март: Гебреисус Covid-19 Хитойдан ташқарида тез тарқалиб, дунёни «номаълум майдон»га айлантирганини таъкидлади.

6 март: Гебреисус касалликка чалиниш ҳолатларининг умумий сони 100 мингга етганини маълум қилди. «Covid-19 ҳолатлари кўпайиши муносабати билан биз барча мамлакатларга чекловларни биринчи ўринга қўйишни маслаҳат берамиз», деди у.

9 март: Гебреисус Covid-19 кўплаб мамлакатларга тарқалгани, пандемия хавфи ҳақиқатга жуда яқинлигини билдирди.

11 март: ЖССТ эпидемияни глобал пандемия деб эълон қилди.

12 март: Гебреисус Covid-19’ни «бошқариш мумкин бўлган пандемия» деб атади.

13 март: Ташкилот Европа Covid-19 эпидемиясининг марказига айланганини маълум қилди.

18 март: Гебреисус спорт тадбирлари, концертлар ва бошқа катта йиғилишларни бекор қилиш каби жисмоний чоралар Covid-19 тарқалишини секинлаштириши мумкинлигини таъкидлади.

20 март: Гебреисус тиббий асбоб-ускуналар етказиб беришга рози бўлган баъзи Хитой компаниялари билан боғланганини маълум қилди.

24 март: ЖССТ вакили Маргарет Ҳаррис эпидемиянинг янги маркази АҚШ бўлиши мумкинлигини айтди.

27 март: Гебреисус Covid-19 вакцинасини яратиш учун камида 12-18 ой кутиш кераклигини маълум қилди.

31 март: БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш коронавирус туфайли дунё Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг оғир инқирозга юз тутаётганини айтди.

1 апрель: «Дунё ҳеч қачон бундай пандемияга дуч келмаган. Номаълум ва хавфли вирус. Мен касалликнинг тез суръатлар билан кўпайиши ва бутун дунёга тарқалишидан хавотирдаман», деди Гебреисус.

8 апрель: Гебреисус Трамп томонидан Covid-19 эпидемиясига қарши курашда муваффақиятсизликка учраганликда айбланди. Кейин у Трампни аноним тарзда нишонга олди: «Бу вирусни сиёсийлаштирманг. Агар сиз кўпроқ жасадларни кўришни истасангиз, сиёсатдан фойдаланишни давом эттиришингиз мумкин». У Covid-19’ни сиёсийлаштириш ўрнига раҳбарлар учун ўзларини исботлаш мумкин бўлган бошқа муаммолар ҳам мавжудлигини таъкидлади.

13 апрель: Трампнинг ЖССТга АҚШ томонидан бериладиган маблағларни тўхтатиб қўйиши ҳақидаги хабарлардан сўнг Гебреисус ЖССТга бериладиган маблағлар тўхтатиб қўйилмаслигига умид билдирди. «Бизнинг Трамп билан муносабатларимиз жуда яхши ва бундан кейин шундай бўлиб қолади», деди у.

15 апрель: АҚШ ЖССТ учун узоқ ва саховатли дўст эканлигини таъкидлаган Гебреисус Трампнинг ЖССТга бериладиган маблағни тўхтатиш тўғрисидаги қарорини америкаликлар афсус билан қарши олганини таъкидлади.

17 апрель: ЖССТ вакили Ҳаррис Трампнинг айбловларига жавоб беришдан қочган ҳолда «АҚШ биз учун ҳар доим ажойиб шерик бўлган», деди.

Мутахассислар қандай фикрда?

Юқорида келтирилган хронологик маълумотлардан ЖССТга қарши билдирилаётган кескин танқид ва айбловларда етарлича асос борлигини англаш мумкин.

Халқаро пандемия мутахассисларининг таъкидлашича, 30 январь куни Covid-19 туфайли «глобал фавқулодда ҳолат» эълон қилинган пайт ЖССТ Хитойга «Ташқи дунё учун чегараларингизни ёпинг» деганда эди, дунё бугун глобал эпидемия ҳавфи остида қолмаган бўларди.

Эндиликда ташкилот бутун дунёнинг ишончини қозониш учун пандемия даврида ўзини кўрсатиши, вакцина тадқиқотларини тезлаштириши, дунё нормал ҳаётга қайтгач эса янги ислоҳотлар жараёнига кириши лозим.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top