Ўзбекистон | 17:16 / 14.10.2025
6718
5 дақиқада ўқилади

Президент «еттилик» иш вақтининг ярмини мажлис ва тадбирларда ўтказаётганини танқид қилди

Маҳаллла ва кўчаларда озодалик талабларига риоя этилмаётгани танқид остига олиниб, республикада тозалик ва озодалик ойлиги эълон қилинди. ИИВ ва Миллий гвардия чиқинди ташлаганлик учун кунлик назорат ўрнатади, 24 соат ишлайдиган ободонлаштириш бригадалари ташкил этилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев маҳаллла ва кўчаларда озодалик талабларига риоя этилмаётганини танқид қилиб, бутун республикада тозалик ва озодалик ойлигини эълон қилди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

«Маҳалланинг озодалиги шу ерда яшаётган аҳоли, “маҳалла еттилиги”, ҳокимнинг “юзи”. Шундай бўлса-да, айрим маҳаллалар, кўчалар, қурилишлар атрофи, ариқлар, хиёбонларда озодалик талабларига риоя этилмаяпти. Шу боис, бутун республикада тозалик ва озодалик ойлиги эълон қилинади»,  деди давлат раҳбари.

Ҳар бир туман ва шаҳар ҳокими кўчаси, йўли, ариғи, хиёбонини тартибга келтириб, доимо озода тутиши шартлиги қайд этилди.

Ободонлаштиришга масъул ҳоким ўринбосарларига бугуноқ 24 соат ишлайдиган бригадалар ташкил қилиб, кўча, хонадон, кўп қаватли уй, ижтимоий объектлар атрофини тозалаш топширилди. «Тоза ҳудуд» корхоналарига қарашли махсус техникалар ҳам бунга тўлиқ сафарбар қилинади.

Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардияга чиқинди ташлаганлик учун жарима қўллаш ваколати берилгани қайд этилиб, уларга жойларга чиқиб, шаҳар ва туман марказларида кунлик назорат ўрнатиш топширилди.

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, маҳаллалар аҳолиси ўзлари дарахт экиб, парвариш қилишга, яшил ҳудудларни кўпайтиришга тайёр. Лекин бирорта ҳоким ёки маҳалла раиси тайинли жойни кўрсатиб бермаяпти.

Эндиликда «еттилик», маҳалла аҳолиси яшил ҳудуд қилиш ташаббуси билан чиқса, туман ҳокими 10 сотихгача ер майдони ажратиб беради. Ҳокимлар ва «еттилик» бунинг устидан таъсирчан жамоатчилик назорати ўрнатилиши, бу ерлар бошқа мақсадларга бериладиган бўлса, қонун устувор, жазо муқаррар бўлиши ҳақида огоҳлантирилди.

Бош прокуратурага бошқа мақсадлар учун бериб юборилган яшил ҳудуд, спорт майдончаси, болалар ўйингоҳларини жойига қайтариш бўйича топшириқ берилган эди. Тўрт ой ичида 20 гектар яшил ҳудуд, 107 та спорт майдончаси ва болалар ўйингоҳи тикланди.

Президент бундай жойларнинг барчаси жой-жойига қўйилмагунча ишни давом эттириш вазифасини қўйди.

Давлат раҳбари «еттилик» иш вақтининг ярмини турли мажлис ва тадбирларда ўтказаётганини кўрсатиб ўтди. 

Ёки «еттилик» ходимларининг аниқ вазифалари ва KPI белгилангани билан маҳалладаги умумий натижадорликни баҳолайдиган тизим йўқ.

Ҳозирда «еттилик» аъзоларининг 1 минг 700 нафари маҳалла ҳудудидан 20-30 километр узоқдан қатнайди. Оқибатда ўтган йили 68 нафар «еттилик» вакиллари бириктирилган маҳалласига бир неча ой келмаган.

Мутасаддиларга «еттилик» фаолиятини комплекс баҳолайдиган тизимни ишга тушириш топширилди.

Туман ҳокимлари йил якунига кўра, яхши ишлаган 10 та «еттилик»нинг барчасини мукофотлаш, уларга қўшимча устамалар беришни йўлга қўяди.

«Шунда “еттилик” ҳамжиҳат ва ягона жамоа бўлиб ишлайди», – деди президент.

Бундан буён «еттилик» ходимлари билан ҳар бир йўналиш бўйича алоҳида йиғилиш ўтказиш тақиқланиши белгиланди.

«Ислоҳотларимизнинг остонаси бўлган ҳар бир маҳаллага Янги Ўзбекистон нафасини олиб кириш, энг аввало, “маҳалла еттилиги”нинг ягона жамоа бўлиб ишлашига бевосита боғлиқ», – деди давлат раҳбари.

Шу боис, маҳалла раиси бошчилигидаги «еттилик»нинг ҳар бир вакили ўзига масъулият олиб, юқорида қўйилган вазифалар ижроси бўйича мурожаат билан чиқиб, бир йиллик дастурини аҳолига эълон қилиши муҳимлиги таъкидланди.

Вилоят ва туман ҳокимлари ҳам ҳар бир маҳалла кесимида қиладиган ҳар ойлик ишларини маҳаллий кенгашларда ҳимоя қилиб, одамларга мурожаат йўллайди. Ҳар ойда маҳалла аҳолиси билан бевосита учрашиб, оммавий ахборот воситалари орқали қилинган ишлар бўйича халққа ҳисобот бериш топширилди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид