Ўзбекистон | 17:52 / 28.08.2022
29847
5 дақиқада ўқилади

Абитуриентларнинг имтиёзи ҳисобга олинди, лекин ижтимоий адолат принципи қаерда қолди? 

Ўқишга кирган ёки кирмаганлик ҳақидаги маълумотлар эълон қилингач, ўқишга кира олмаган кўплаб абитуриентлар имтиёзлар борасида турли саволлар билан мурожаат қилишмоқда. Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ўзининг Telegram-каналида шу ҳақда маълумот берди. 

Фото: KUN.UZ

Ҳар йили ногиронлиги бор шахслар учун ОТМлар кесимида алоҳида квота ажратилади. ОТМга ҳужжат топширган ногиронлиги бор шахслар ўша квота учун курашади. Ким юқорироқ балл тўпласа, давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади. Махсус квотага балли етмаганлар эса ўзи тўплаган балл бўйича эл қатори барча билан беллашиши керак бўлади.

Ногиронлик имтиёзи ҳисобга олинмадими?

Бу йил имтиёзларнинг барчаси ҳисобга олинган, фақатгина етарлича балл тўплай олмаган абитуриентлар ўқишга тавсия этилмаган.

Ногиронлик имтиёзи абитуриентга балл қўшиб бермайди. Имтиёз бор дегани, бу 100 фоиз ўқишга киради дегани эмас. Кўпчилик минимал ўтиш балли (56,7 балл)дан оширсам бўлди, мен аниқ ўқишга кираман, деб ўйламоқда. 

Аслида эса ундай эмас. Масалан, Тошкент тиббиёт академиясида ногиронлиги бор шахслар учун 29 та қўшимча давлат гранти жойи ажратилган бўлиб, жами 835 нафар ногиронлиги бор шахслар ҳужжат топширган. Ўтиш балли эса 119,7 балл бўлган.

Демак, ногиронлиги борлиги учун имтиёзга эга шахслар Тошкент тиббиёт академиясига ҳужжат топширган бўлса, бу улар аниқ шу ерга киради дегани эмас. 119,7 баллдан оширганлар грантга кирган, бундан паст балл тўплаганларга имтиёз қўлланмаган.

Хотин-қизларнинг 4 фоизлик тавсияномаси-чи?

2022 йилда ҳам хотин-қизларнинг давлат грантида ўқиши учун махсус 2 мингталик жой, яъни кўпчиликка 4 фоизлик грант номи билан таниш бўлган имтиёз берилди. Аммо аксарият абитуриентлар 4 фоиз балл қўшилиши керак эди, деб ўйлаяпти. 

Йўқ, бу имтиёз ҳеч қанақа балл қўшиб бермайди.

4 фоизлик тавсиянома олган хотин-қизлар учун ўтиш балли юқоридаги суратда кўрсатилган. Мана шу баллдан кам олганларга имтиёз қўлланмаган.

Бу ерда абитуриент топширган йўналиш қайси фанлар гуруҳига кириши ҳам муҳим. Афсуски, жорий йилги тақсимланиш туфайли баъзи ҳудудларда 68 балл билан ҳам грантга киришган, 140 балл билан ҳам тавсия этилмаган.

«Қизил рангда белгиланган ўтиш балларида «недобор» бўлган. Яъни гарчи кўпроқ квота ажратилган бўлса ҳам, 68 баллдан кам тўплаганлар ҳисобига ўша квоталар тўлмай қолган», — дея ёзади Хушнудбек Худойбердиев.

Шунингдек, унинг таъкидлашича, айнан шу ерда ижтимоий адолат бузилган. 

Жорий йилда хотин-қизлар учун квоталар нафақат ҳудудлар кесимида, балки илк марта соҳалар кесимида ҳам тақсимланди. 

«Бошида бу тўғри қарордек кўринганди, аммо натижалар чиққач, катта хато бўлгани, ижтимоий адолат принциплари бузилгани кўринмоқда. 

Юқоридаги постда тавсияномаси бор хотин-қизлар учун ўтиш баллари кўрсатилган. Кўриниб турибдики, ўтиш балларида ўта кескин тафовутлар кўринмоқда

Масалан, Бухорода 68,7 балл олган абитуриент техника фанлари йўналишида грантга кирган, аммо худди шунақа тавсияномаси бор бошқа хотин-қизлар умумий гуруҳда 150 балл билан ҳам ўқишга кира олмаган. Уларнинг ягона айби, танлаган йўналиши имтиёз ичида имтиёз берилган 3 та гуруҳга тааллуқли эмаслигида бўлган. 

Бу адолатдан эмас, менимча. Ўзи кимларгадир имтиёзлар тақсимланиши доим ижтимоий адолат принципини савол остига қолдиради. Имтиёзлилар ичидаги бундай жиддий табақаланиш ноқулай вазиятни янада кучайтариб юборади», — дейди у.

122 та ўрин тўлмай қолди, энди нима бўлади?

Қайд этилишича, абитуриентлар техника фанлари бўйича жуда паст ўтиш балларини олишган. Хусусан, 9 та ҳудудда белгиланган квота тўлмаган. Тиббиёт ва бошқа умумий фанларда эса ўтиш балли жуда юқори бўлган.

«Менинг ҳисоб-китобларим бўйича, хотин-қизларга ажратилган 2 мингта квотадан 122 таси тўлмай қолган. Хўш, энди бу очиқ квоталар нима бўлади? Бюджетга фойда бўлди, деб очиқлигича қолдириладими? Ғалати-ку. Шунча юқори балл олган тавсияномали хотин-қизлар турганда бу ҳам адолатсизлик эмасми?

Хуллас, соҳалар кесимида квоталарни бўлиш масаласини жиддий ўйлаб кўриш керак эмасми?

Олдин келишиб олишимиз керак, бизга техника фанлари йўналишида бир амаллаб 68 балл олган (35 фоизлик 2 баҳо даражасида биладиган), билими ҳаминқадар бўлган хотин-қизлар афзалми, ёки бошқа фанлар йўналишида 140-150 балл оладиган юқори билимга эга бўлган хотин-қизлар афзалми?

Шахсан менга билимлилар афзал. Солиқ тўловчи сифатида бюджет пуллари билимлиларга берилишини истайман. Яна ҳам кимга қанақа билмадим, бу шахсий фикрим», — деб ёзади ҳуқуқшунос.

Мавзуга оид