Жаҳон | 15:58 / 28.11.2024
3994
16 дақиқада ўқилади

Россияда мигрантларнинг рус тилини билмайдиган болаларига мактаб тақиқланмоқда. Бу ташаббус қанчалик асосли?

Россия Давлат думаси мигрантларнинг фарзандлари рус мактабларида таълим олишини жиддий қийинлаштирадиган, айрим ҳолларда эса уни умуман имконсиз ҳолатга келтирадиган қонун лойиҳасини муҳокама қилишга киришди. Ташаббус муаллифлари, жумладан, Давлат думаси раиси Вячеслав Володин, чет эл фуқароларининг болаларини мактабга қабул қилишни рус тили бўйича тестдан ўтиш шартига боғлашни таклиф қилишмоқда.

Фото: Maxim Kimerling/TASS

Бу Россия Конституциясига зид, чунки у бош қонун ҳар бир боланинг таълим олиш ҳуқуқини кафолатлайди. Экспертлар бу ташаббус интеграция жараёнига халал бериши мумкинлигини айтишмоқда, аммо мазкур янги қонун Россия ҳукуматининг сўнгги вақтлардаги антимиграцион сиёсатига мос келади.

Давлат думасига киритилган таълим тўғрисидаги асосий қонунга ўзгартиришлар матнига кўра, Россия мактабларига, жумладан, биринчи синфга қабул қилиниши учун чет эллик болалар рус тилини билиш даражаси бўйича тестдан муваффақиятли ўтиши керак бўлади. Тест рус тилини ўрганиш учун етарли даражада бўлиши керак. Тестдан ўтиш тартибини Россия Таълим вазирлиги ишлаб чиқади, услуб ва мезонлар эса Рособрнадзор томонидан белгиланади. Агар бола тестдан ўта олмаса, у мактабга ўқишга қабул қилинмайди.

Иккинчи шарт — боланинг ота-онаси Россия ҳудудида қонуний яшаши керак.

Вячеслав Володин ўз Телеграм-каналида рус тилини яхши билмаслик ёки умуман билмаслик боланинг ўзи учун ҳам, унинг синфдошлари учун ҳам стресс бўлиши, ўқитувчилар эса ўз билимларини сифатли етказа олмасликларини таъкидлади. Унинг фикрича, бу ҳол синфдаги барча болалар учун таълим дастурини ўзлаштиришда қийинчиликларга олиб келади.

Қонун лойиҳаси муаллифлари сифатида Давлат думасининг барча фракциялари етакчилари ҳамда Вячеслав Володин кўрсатилган. Одатда, бундай ташаббусларнинг қабул қилиниши эҳтимоли юқори бўлади. Лойиҳанинг биринчи ўқишдаги муҳокамаси 10 декабрга белгиланган.

Бу ўзгартиришлар амалдаги таълим қонунчилигига ҳам жиддий ўзгаришлар киритади. Ҳозирда чет элликлар мактабгача ва мактаб таълимини россияликлар билан тенг ҳуқуқларда олиши мумкин. «Таълим тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасига кўра, таълим олиш ҳуқуқи жинс, миллат, тил, яшаш жойи ва бошқа ҳолатларга боғлиқ эмас. Россия Конституциясининг 43-моддаси ҳам ҳар бир шахснинг таълим олиш ҳуқуқини кафолатлайди.

Ҳозирдаги 67-моддага кўра, болани мактабга қабул қилишни рад этиш учун фақатгина мактабда бўш ўринлар мавжуд эмаслиги асос бўлиши мумкин.

Болалар уйда қолмоқда

Болалар учун тил бўйича тест жорий этиш ва уни мактабга қабул қилиш шарти сифатида белгилаш ғояси илк марта Россия Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин томонидан 2024 йил июлида Давлат думасига юборилган миграция қонунчилигига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга оид 18 таклифдан бири сифатида тилга олинган эди.

Икки ой ўтгач, Вячеслав Володин бутун палатанинг фикрига таяниб, меҳнат мигрантлари Россияга ўз оилаларини олиб келиши керак эмаслиги ва бу борада қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар устида иш олиб борилишини маълум қилди.

Володин таянган Ички ишлар вазирлиги ва Таълим вазирлиги маълумотларига кўра, Россияда 18 миллион ўқувчи бор, уларнинг тахминан 200 минг нафари хорижликлардир. 2024 йил 1 октябрдаги статистикага кўра, Россияда тахминан 6,5 миллион чет эллик яшаган. Демак, Россияга олиб келинаётган болаларнинг сони у қадар кўп эмас.

Статистика мигрантлар билан ишлайдиганларнинг кузатувларини тасдиқлайди. «Россияга болалар билан фақат қирғизистонлик аёллар (бу тахминан йилига 15 минг кишини ташкил этади) ёки Россия фуқаролигини олган тожикистонлик эркакларнинг аёллари келади. Болалари эса 3–4 ой ичида Россия фуқаролигини олади», — дейди мигрантлар учун бепул юридик ёрдам кўрсатувчи Валентина Чупик.

Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Россияда 2024 йил 1 октябр ҳолатига кўра тахминан 740 минг ноқонуний мигрант бўлган. Миграция қонунчилиги бўйича мутахассислардан бири қонунчиликка киритилаётган ўзгартиришлар улар учун кўп нарсани ўзгартирмаслигини таъкидлади. Унинг фикрича, мигрант болаларнинг таълим олиш ҳуқуқи амалда уларнинг Россияда қонуний бўлишига боғлиқ: ота-онаси ноқонуний бўлса, болани мактабга жойлаштириш жуда катта муаммога айланади.

Бироқ қонуний мигрантлар учун ҳам қонун ечим таклиф қилмайди, фақат чекловлар қўяди. «Албатта, бундай ўзгартиришлар таълим тўғрисидаги қонун ва Конституцияга зиддир. Боз устига, Россияда мигрантлар учун давлат интеграцион курслари йўқ, бошқа мамлакатларда эса бундай курслар мавжуд», — дейди ҳуқуқшунос.

Агар ўзгартиришлардан мақсад меҳнат мигрантларининг йўлига қўшимча тўсиқлар яратиш бўлса, бу кутилган натижани бермайди, деб ҳисоблайди Валентина Чупик. «Бу дискриминацион қонун Россиядаги мигрантлар сонига ҳеч қандай таъсир қилмайди. Лекин Россияга қарши кайфият кучайиши ва диний экстремизм таъсири ошишига олиб келади», — дейди у.

Рус тили қай аҳволда ўзи?

Мигрант болаларининг рус тилини билиши қанчалик жиддий муаммо?

«Ведомости» газетаси РФ президенти ҳузуридаги Россия давлат хўжалиги ва давлат хизмати академияси (РАНХиГС)нинг Иқтисодиёт ва узлуксиз таълим маркази ўтказган социологик тадқиқот маълумотларига таяниб ёзишича, сўралган 2000 дан ортиқ ўқитувчининг қарийб ярми — 53 фоизи мигрант болаларда рус тилини билиш бўйича муаммолар бор, деб ҳисоблайди. 42 фоиз сўралганлар эса бунга қарши фикр билдирган. Улар учун умумий таълим дастурларини ўзлаштириш қийинчиликлари ҳақидаги саволга келганда, фикрлар деярли тенг тақсимланган. Аммо 80 фоиз ўқитувчилар чет эллик болаларда хулқ-атвор билан боғлиқ муаммолар йўқлиги, 70 фоизи эса уларнинг бошқа болалар билан мулоқоти муаммосизлигини таъкидлаган.

Тадқиқотчилар она тили рус тили бўлмаган болаларга ёрдам бериш учун қатор тавсиялар берган: мактабларда рус тилини чет тили сифатида ўргатиш курсларини ташкил этиш, рус тилидан қўшимча дарсларни осонроқ қилиш, рус тилини ўргатувчи рақамли қўлланмаларни оммалаштириш. Аммо бундай болалар билан ишлаш қўшимча юк бўлиб, ҳамма ерда ҳам бунинг учун зарур ресурслар ва кадрлар мавжуд эмас, дея таъкидлайди тадқиқотчилар.

Кўп мактаблар чет эллик болаларга рус тилини ўрганишда ёрдам бермайди, дейди Санкт-Петербургда қийин аҳволдаги оилалар, жумладан, мигрант болаларга ёрдам берадиган хайрия ташкилоти катта волонтёри Кристина (исми ўзгартирилган). У бундай болалар билан дарс ўтган. Кристинанинг айтишича, унинг тарбияланувчилари, одатда, бошланғич мактабдаёқ маълум даражада рус тилини билишган.

«Бир қизча бор, у хатолар билан ёзади, лекин рус тилида яхши гапиради. У Россияга келганига икки йилдан кўпроқ бўлган, — дейди Кристина. — Афғонистондан келган икки опа-сингил бор, улар 4-синфда ўқийди ва осонгина рус тилида гаплашади, аммо ёзишда кўп хатолар қилади, қийин матнни, масалан, шеърни тушунмайди. Бир ўғил бола бор, у бу ерда етти йил яшаган, лекин унинг рус тили даражаси талабга жавоб бермайди, [шунга қарамай] у қандайдир тарзда еттинчи синфгача ўқиган».

Боланинг синфи ва болалар ўртасидаги муносабатлар кўп нарсани ҳал қилади: рус тилини яхши билмасликни бошқалар мазах қилишига сабаб бўлиши мумкин, дейди Кристина.

Рус тили муҳити инонационал болалар учун тилни ўзлаштиришда муҳим омилдир. Болалар қанчалик эртароқ бу муҳитга тушса, уларнинг рус тилини ўзлаштириши шунчалик осон бўлади, дейди педагоглар. Санкт-Петербургдаги болалар боғчасида тарбиячи ёрдамчиси бўлиб ишловчи Елена (исми ўзгартирилган)нинг айтишича, ишлаган ҳар уч навбатда камида бир ёки икки хорижлик бола бўлган. «Улар бошқа болалар билан биргаликда ўйнашади ва бу жараёнда ўз-ўзидан гапира бошлашади», — дейди Елена.

Еленанинг ўзи ҳам бола тарбияламоқда. Унинг ўғли 1-синфда ўқийди, унинг синфида кўплаб мигрант болалар бор. Елена улар рус тилини яхши тушунмаслиги сабабли дарсларда зерикишларини қайд этади. У шундай болалардан бири унинг боласини мазах қилганини сўзлаб берди, лекин боланинг отасига мактуб ёзиш орқали муносабатларни яхшилашга муваффақ бўлган: «У мени тушунди, энди болалар дўстлашиб кетди».

Мактабда бола бир йил ичида рус тилида яхши гапиришни ўрганиши мумкин. Агар унинг тенгдошлари билан мулоқот тажрибаси бўлган бўлса, бундан ҳам тезроқ ўрганади, деб ҳисоблайди калининградлик ўқитувчи Константин. Илгари у рус тили ва адабиётдан дарс берган, ҳозир эса дастурлаш бўйича машғулотлар ўтказади.

Бироқ дарс жараёнида, масалан, рус тили қоидаларини тушунтириш учун рус тилини ёмон билиш етарли эмас, дейди у. «Кўп ҳолларда адабий мисоллар келтирилади, иншо ва ёзишга ўргатиш керак, шеър ёдлаш керак ва ҳоказо. Бу нарсалар бугунги маҳаллий болаларга ҳам жуда қийин бўлмоқда, чет эллик болаларнику, қўяверинг», — дейди Константин.

У болаларни рус тилини билмагани учун мактабга қабул қилмаслик ғояси ҳамкасблари орасида муҳокама бўлганини эшитмаган, лекин бу ғоя тарафдорлари бўлиши мумкинлигини истисно қилмайди: «Давлат мактабларида бу лойиҳани катта энтузиазм билан қабул қилишади, деган ҳис бор. Ҳозирги кунда мигрант болаларга ҳам, уларнинг ота-оналарига ҳам кўпроқ салбий муносабатда бўлишмоқда».

Мигрантларнинг болаларини рус тилига ўқитиш билан “Фуқаролик ёрдами” каби нодавлат нотижорат ташкилотлар шуғулланиб келаётганди. Россияда бу ташкилот чет эл агенти деб топилган. Фото: ТАСС

«Аутсайдер сифатида қабул қилинаётган болаларни нима қилишсин?»

Рус тилини яхши билмайдиган болаларнинг мактаб томон йўлини ёпиш — уларни Россия жамиятининг бир қисми бўлиш имкониятидан маҳрум қилиш дегани, деб ҳисоблайди Павел Б. У яқин вақтгача Москва мактабларида тарих, маданиятшунослик ва жамиятшунослик ўқитувчиси бўлиб ишлаган ва тарихдан ягона давлат имтиҳонига тайёргарлик бўйича қўлланма ёзган.

«Биз ҳозирда Александр IIIнинг «қашшоқларнинг болалари» тўғрисидаги номақбул фармони каби хатони такрорлаяпмиз, — дея ишонади у. — Биз ўзимиз болаларни жамиятга интеграция қилиш йўлини жуда қийинлаштиряпмиз. XIX асрнинг 90-йилларида таълим муассасаларидан ҳайдалган ёки ўқишга қўйилмаган ўсмирлар радикал инқилобий ғоялар учун самарали замин бўлган».

Павел 2023 йилгача Москва четидаги Лублино, Братеево ва Богородское каби туманлардаги мактабларда ишлаган. «Бу мактабларда мигрантларнинг болалари ўқиши одатий ҳол, улар синфнинг учдан бир ёки тўртдан бир қисмини ташкил этади. Улар рус тилини билади, аммо жуда суст даражада», — дея эслайди у. Бу эса бутун синфнинг таълим дастурини ўзлаштиришига таъсир қилади, деб тан олади ўқитувчи.

«Икки вариант бор: ё мавзуларни жуда секин ўтасан, ёки рус тилини ёмон билган болаларни «йўқотасан», — дейди Павел ўз тажрибасидан келиб чиқиб. Иккинчи вариант (кўпроқ шундай бўлган) дегани, уларнинг муваффақиятсизлиги янада тушиб кетган, улар ўсмирлар гуруҳларига йиғилишган, синф ва ўқитувчилар, жумладан, кўплаб миллатчилар билан келишмовчиликлар бошланган, дейди у: «Ахир бундай болалар нима қилишсин, агар улар аутсайдер сифатида қабул қилинса?» Унинг фикрича, бундай болалар ва уларнинг оилаларига нафақат қўшимча ўқитувчилар, балки психологлар ҳам зарур.

София Владивостокдаги қўшимча таълим марказида бошланғич синф болалари билан ишлайди. Бу ердаги машғулотлар пуллик, аммо унинг ўқувчилари орасида доим Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келган болалар бўлади. У Павелнинг фикрига қўшилади: рус тилини билмаган чет эллик болаларни Россия мактабларига қабул қилишдан воз кечишга йўл қўйиб бўлмайди. У депутатларнинг ташаббусини хавфли деб билади, чунки бу ташаббус келгинди болаларнинг янада маргиналлашувига олиб келади, деб ҳисоблайди.

«Муаммонинг эҳтимолий ечими шундаки, бола таълим даражаси бир босқич пастроқда ўқиши ёки ўз ёш гуруҳида ўқиб, биринчи йилда аттестация қилинмасдан, бироқ у интенсив равишда репетитор билан қўшимча машғулотлар ўтказилиши керак, — дейди София. — Тушунаман, бу ҳолатда мигрантлар оиласига вақтинчалик ва катта молиявий юк тушади, аммо давлатнинг бир ўзи бу масалани оиланинг ёрдамисиз ҳал қила олмайди».

Мигрантлар Россия иқтисодиётининг кўплаб соҳалари учун зарур ва фақат фуқаролик ҳаёти соҳасида эмас. Армияда контракт билан хизмат қилиш рекламаси исталган миграцион марказда осиб қўйилган. Фото: Kirill Kukhmar/TASS

Катта бутуннинг бир қисми

Володин ва бошқа депутатлар томонидан киритилган ўзгаришлар 2024 йилда Давлат думасида ишлаб чиқилган янги антимигрант қонунлар мажмуасининг яна бир қисми бўлади.

Яқинда қабул қилинган ўзгартишлар миграция қонунчилигини кескин кучайтиришга қаратилган. Хусусан, полиция суд қарорига қараб ўтирмасдан, айрим ҳуқуқбузарликлар (масалан, наркотрафик, жамоат жойларида алкогол истеъмоли, ЛГБТ тарғиботи ва ҳоказо) учун чет элликларни мустақил равишда мамлакатдан чиқариб юбориш ҳуқуқини олди.

Яна бир ташаббус – Россияда ноқонуний яшайдиган ёки бошқа қонунбузарлик содир этган мигрантлар учун махсус «депортация режими» яратишни назарда тутади. Унга кўра, бундай шахслар махсус рўйхатга киритилади ва уларга уй-жой харид қилиш, банкда ҳисобрақам очиш каби имкониятлар тақиқланади.

Депутатлар миграция қонунчилигини бузганлик учун жазони ҳам кучайтиришди. Ноқонуний миграцияни ташкил этганлик учун жазо муддати 15 йилгача оширилди, минимал муддат эса икки йил этиб белгиланди. Чет элликларнинг сохта рўйхатдан ўтказилиши учун жазо муддати ҳам 3 йилдан 5 йилгача оширилди. Бундан ташқари, Россия ҳудудида ноқонуний бўлиш ҳар қандай жиноят содир этилганда оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланади.

Илгари Россия фуқароси билан никоҳга кирган хорижий фуқаро вақтинчалик яшаш рухсатномасини олиш ҳуқуқига эга бўлиши учун ФҲДЁда никоҳни рўйхатдан ўтказганидан кейин уч йил ўтиши кераклиги белгиланган эди.

Бундан ташқари, айрим ҳудудий ҳокимиятлар чет элликларни таксичи, сотувчи, ошпаз ва шу каби лавозимларга ишга қабул қилишни тақиқлашга қаратилган чекловларни фаол жорий қилишмоқда. Россиянинг ҳар учинчи ҳудудида шундай тақиқлар мавжуд, деб ҳисоблаб чиққан «Агентство» нашри.

Антимигрант қонунчиликнинг кучайтирилиши ва умумий миграция сиёсатига жиддий таъсир кўрсатган омиллардан бири 2024 йил март ойида Москвадаги «Крокус Сити Ҳолл»да содир бўлган террорчилик актидир. Бу ҳодиса давомида 145 киши ҳалок бўлган. Террорчилик ҳаракатини содир этганликда айбланаётганлар орасида Тожикистоннинг бир неча фуқароси ҳам бор. Бу воқеага жавобан Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари Марказий Осиёдан келган фуқароларга нисбатан рейдлар, оммавий депортациялар ва Россияга кириш тақиқлари жорий эта бошлади.

Бу чоралар мигрантлар сонига таъсир кўрсатди. Ички ишлар вазири ўринбосари Александр Горовойнинг 2024 йил август ойида билдиришича, жорий йилнинг биринчи ярмида Россияга 5,4 миллион чет эллик кирган бўлиб, бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 8,4 фоизга камайган. Шундай бўлса-да, Россиядан депортация қилинган чет элликлар сони 55 фоизга ошган ва 65 минг кишини ташкил этган.

Шу билан бирга, Россия иқтисодиётига меҳнат мигрантлари зарур. Демографик вазиятнинг ўзига хослиги, шунингдек, мудофаа саноати ва Украина билан уруш сабабли «фуқаролик» тармоқлари билан рақобатда ишчи қўллари етишмаяпти. Россия Фанлар академиясининг Иқтисодиёт институти ҳисоб-китобларига кўра, 2023 йилда Россияда тахминан 5 миллион ишчи етишмаган. Бу ҳолат яқин келажакда янада оғирлашиб бораверади.

Шу билан бирга, Москва чет элликларга Россия паспортларини тезлаштирилган ва енгиллаштирилган тартибда беришга тайёр, агар улар Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиб, Украина фронтига жўнашга тайёр бўлишса.

Тайёрлаган:  Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид