Ўзбекистон | 11:54 / 30.06.2020
22264
2 дақиқада ўқилади

Давлат хизматлари агентлиги директори янги ишга ўтди

Ҳалилилло Тўрахўжаев Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг раиси лавозимида иш бошлади.

Фото: Давлат хизматлари агентлиги

Ўзбекистон президентининг фармони билан Ҳалилилло Собиржонович Тўрахўжаев Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг раиси лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги хабар берди.

Ҳалилилло Тўрахўжаев 1972 йил 21 январда Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида туғилган. Маълумоти олий, ҳуқуқшунос, 1-даражали адлия маслаҳатчиси. 

У 1997 йил Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1991 йилда Тошкент шаҳар Ҳамза тумани судининг курьери лавозимида ишлашдан бошлаган. 

1992-1997 йилларда Тошкент шаҳар Ҳамза тумани судининг котиби, суд ижрочиси, 1997-2000 йилларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг катта, етакчи, бош маслаҳатчиси, 2000-2001 йилларда Чилонзор туман судининг судьяси, 2001-2003 йилларда Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туманлараро суди судьяси, 2003-2005 йилларда Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг судьяси, 2005-2008 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси бўлиб ишлаган.

2008-2014 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Давлат маслаҳатчиси хизматининг Адлия ва суд идоралари фаолияти масалалари бўйича етакчи инспектори, Суд тизими фаолияти масалалари бўйича етакчи инспектори, 2014-2017 йилларда Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг раиси, 2017 йил 12 апрелдан 12 декабрь кунига қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати Давлат маслаҳатчисининг ўринбосари, биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатган. 

  • Ҳалилилло Тўрахўжаев 2017 йил 12 декабрдан буён Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги директори лавозимида ишлаб келаётганди.
  • У янги лавозимида Абдушукур Абдуллаев ўрнига «Ергеодезкадастр»га раҳбарлик қилади.

Мавзуга оид