Ўзбекистон | 11:23 / 21.07.2020
8854
3 дақиқада ўқилади

Ергеодезкадастр тизимида яна бир нечта раҳбар ишдан олинди – қўмита

17 июль куни Ергеодезкадастр тизимидаги 9 нафар раҳбар эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

«Давергоедезкадастр» қўмитаси ахборот хизматининг хабар беришича, Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл, Шоманай, Тахтакўпир, Беруний, Элликқалъа тумани ва Нукус шаҳри, Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани ҳамда Бухоро вилоятининг Когон туман “Ермулккадастр” корхоналари раҳбар ва ходимлари бўлиб, улар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинган. 

Яқинда Давергоедезкадастр қўмитаси тозалаш ишлари бошлангани ва 7 та раҳбар лавозимини суиистеъмол қилгани, ўз ишига масъулиятсизлик ва совуққонлик билан ёндошиб тизим идораларида етарли даражада ишни ташкил этмаганлиги ва энг асосийси халқнинг муаммоларига чуқур ўрганиб ечим топмагани учун ишдан бўшатилган эди.

10 июль куни кадастр тизимида «тозалаш ишлари» бошлангани маълум қилинган эди. Жумладан, фаолиятида кўплаб хатоларга йўл қўйгани учун республика, вилоят ва туман миқёcидаги 7 нафар раҳбар эгаллаб турган лавозимидан озод этилган эди.

«Бу бошланиши! Соҳанинг ривожига тўсиқ бўлаётган ҳар бир муаммони ечиш қўмита олдида турган пировард мақсад бўлиб, мана шундай ходимлар доимий нишонда бўлади», дейилган эди қўмитанинг расмий хабарида.

Шу йилнинг 4 июль куни Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг янги раиси Халилилло Тўрахўжаев жамоатчиликка мурожаат қилиб, кадастр соҳасини шаффоф, коррупциядан холи тизимга айлантириш учун ўзбекистонликлардан ёрдам сўраган эди.

Халилулло Тўрахўжаев Давгеодезкадастр қўмитаси фаолиятидаги муаммолар, ҳал этилмаган ишлар, бюрократик тўсиқ ва ғовларга дуч келаётган, шунингдек, мазкур йўналишни ривожлантириш, такомиллаштириш бўйича ғоя ва таклифларга эга ўзбекистонликлар билан очиқ мулоқотга тайёрлигини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, Халилилло Тўрахўжаев 30 июнь куни Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг раиси лавозимида иш бошлаган эди. Собиқ раис Абдушукур Абдуллаев эса унга ўринбосар этиб тайинланган.

Халилилло Тўрахўжаев бунгача – 2017 йил 12 декабрдан буён Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги директори лавозимида фаолият юритган.

Мавзуга оид