Ўзбекистон | 18:35 / 30.10.2025
5631
4 дақиқада ўқилади

Самарқандда ЮНEСКОнинг 43-бош конференцияси иш бошлади

30 октябр куни БМТнинг Таълим, фан ва маданият ташкилоти – ЮНEСКОнинг сўнгги 40 йилликда Париждан ташқарида ўтаётган илк конференцияси Самарқандда очилди. Шавкат Мирзиёев Словакия ва Сербия президентлари ҳамда ташкилот бош котиби билан глобал тадбирни очиб берди. Анжуманда қатнашиш учун 2800 дан ортиқ делегатлар Ўзбекистонга келган.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Бош конференция 30 октябрдан 13 ноябрга қадар давом этади, биринчи кунда очилиш сессияси ўтказилмоқда. Ташкилотга аъзо 190 дан ортиқ давлатларнинг делегатлари Самарқандда йиғилган, демак энди ЮНEСКОнинг янги қарорлари Париждан эмас, Самарқанддан қабул қилинади.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг маълум қилишича, 200 га яқин давлатдан 2800 дан ортиқ делегатлар ушбу тадбирда қатнашмоқда. Шунингдек, 70 га яқин юқори мартабали меҳмонлар ҳам иштирокчилар қаторида. Глобал тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон президенти билан бирга Сербия ва Словакия президентлари - Александр Вучич ҳамда Петтер Пелегринилар қатнашмоқда, ЮНEСКО бош директори Одри Азуле модераторлик қилмоқда.

Шиддат билан ўзгараётган дунёда гуманитар соҳада глобал консенсус ва кўп томонлама ҳамкорлик механизмларининг заифлашгани албатта барчамизда жиддий ташвиш уйғотмоқда. Геосиёсий кескинлик ва ҳарбий можаролар таъсирида сайёрамиздаги ноёб ёдгорликлар, муқаддас қадамжолар ва бебаҳо маданият мерос катта зиён кўрмоқда. Давлатлар ўртасидаги билим ва технологиялар, рақамли ресурслардан фойдаланиш бўйича тафовут ортиб бормоқда. Бунинг натижасида имкониятлар тенгсизлиги ва қашшоқлик кучаймоқда. Бундай мураккаб вазият ЮНEСКОнинг асосий вазифаларини тўлиқ амалга ошириш бўйича сай-ҳаракатларимизни ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ бирлаштиришни тақозо этмоқда. Биз ЮНEСКОнинг олийжаноб ва эзгу мақсадларига қатъий содиқ эканимизни яна бир бор таъкидлаймиз”, - дейди президент Мирзиёев ўз нутқида.

Бош конференция доирасида 150 дан ортиқ тадбирлар, мезбон Ўзбекистоннинг ташаббуси билан 20 дан ортиқ қўшимча учрашувлар ўтказилган. Бу тарихий конференцияни ёритиш учун эса дунёнинг етакчи ОАВларидан 500 дан ортиқ журналист ва мухбирлари етиб келган, дейди президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

Бу шаҳар – ёзувчи Амин Маалуф таърифлаганидек, ернинг қуёшга юзланган энг гўзал сиймосидир. Бу ерда қадимги Суғдиёна ва Бақтрия даврларидан бери халқлар саёҳат қилган, савдо-сотиқ билан шуғулланган ва мулоқотда бўлган. Юнонлар, форслар, араблар, турклар, мўғуллар ва бошқа кўплаб халқлар бу ерда ўз изини қолдирган. Айтилган сўздан қайтилмайдиган буюк савдо маскани – Самарқанд турли даврларда мустаҳкам қалъа, империя пойтахти, карвонлар тўхтайдиган манзил, илм-фан маркази ва санъат бешиги бўлган. Шаҳарнинг илмий ва интеллектуал мероси замонавий дунёни шакллантирган. Кўп томонлама муносабатларнинг аҳамияти шубҳа остига олинаётган бир пайтда, биз биргаликда мулоқотимиз ва амалий ҳаракатларимизнинг долзарблигини исботладик. Бу – ушбу танқидларга биз бера оладиган энг яхши жавобдир. Сўнгги саккиз йил давомида биз фаолиятимизнинг марказига мулоқотни – консенсус усулини қўйишга эришдик. У барча меъёрий ва амалий ташаббусларимизни қўллаб-қувватлаш учун нафақат давлатларни, балки фуқаролик жамиятларини, энг илғор мутахассисларни, йирик компанияларни ва кенг жамоатчиликни ҳам ўз ичига олади”, - деди ЮНEСКО бош директори Одри Азуле.

Шундай қилиб, қадимий шаҳар Самарқанд яна тарих марказига айланди. Бу сафар бутун дунё нигоҳи ЮНEСКО минбарида Самарқандга қаратилмоқда.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, ЮНEСКО раҳбариятидан иборат делегация Париж-Самарқанд илк чартер рейси билан 29 октябр тонгида Ўзбекистонга етиб келган. Ҳозирги бош директор, 2017 йилдан бери лавозимида бўлиб келаётган Одри Азуле учун Самарқанд конференцияси сўнггиси бўлади, чунки у лавозимини янги бош директор, яқинда сайланган 54 ёшли Миср вакили Ҳалид эл Ананига топширмоқда.

Шоҳрух Мажидзода тайёрлади.

Мавзуга оид