Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент-Самарқанд пулли йўлини қуриш тендерида Хитой компанияси ғолиб бўлди
Бу ҳақда транспорт вазири Илҳом Маҳкамов маълум қилди, аммо тендерда ғолиб чиққан компания номига аниқлик киритмади.
Фото: Ўзбекистон 24
Тошкент ва Самарқанд ўртасида пулли йўл қуриш лойиҳаси бўйича тендерда Хитой компанияси ғолиб чиқди. Бу ҳақда транспорт вазири Илҳом Маҳкамов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ҳозир хитойлик ҳамкорлар билан шартнома тузиш ва қурилиш ишларини бошлаш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Бироқ, вазир тендерда ғолиб чиққан компания номига аниқлик киритмади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ҳукумати лойиҳани амалга оширишга техник назоратни амалга оширадиган, иш сифатини назорат қиладиган ва лойиҳа ечимларини экспертизадан ўтказадиган халқаро консалтинг компаниясини жалб қилиш ниятида.
Йўл қурилиши жорий йил июль ойида бошланиши режалаштирилган. 282 километр узунликдаги янги автомобил йўли мавжуд магистралнинг юкини камайтиришга мўлжалланган, бундан ташқари, у ҳайдовчиларга пойтахтдан Самарқандга икки баравар тезроқ етиб бориш имконини беради. Маҳкамовнинг қўшимча қилишича, пуллик йўл орқали шаҳарлар ўртасидаги саёҳат вақти тахминан 2,5 соатни ташкил этади.
Ўзбекистон Миллий банки бошқаруви раиси Алишер Мирсоатов, ўз навбатида, Тошкент-Самарқанд автомобил йўли лойиҳасининг қиймати қарийб 2,2 миллиард долларга баҳоланаётганини таъкидлади. Лойиҳани амалга ошириш тўрт босқичга бўлинган бўлиб, қурилишни молиялаштиришга Хитой кредит ташкилотлари, хусусан, Хитой тараққиёт банки, Хитой экспорт-импорт банки ва Хитой коммуникациялар банки жалб қилинади.
Шунингдек, ишларнинг узлуксизлигини таъминлаш учун Ўзбекистон ҳукумати бир йил муддатга 200 миллион доллар миқдорида брич-кредит (қисқа муддатли қарз) жалб қилиши мумкин.
Таъкидланишича, пулли йўл қурилишини молиялаштиришнинг 85 фоизи хорижий кредиторлар зиммасига тушади, қолган 15 фоизи республика давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.
Мавзуга оид
09:20
Тошкентдан Қорақалпоғистонгача “яшил” техникумлар ташкил этилади
17:44 / 26.05.2026
Ҳайит куни Тошкентда қисқа муддатли чанг-тўзон кузатилиши мумкин
17:55 / 25.05.2026
Ҳайит куни Тошкентда жамоат транспорти соат 4:00 дан ҳаракатланади
15:54 / 25.05.2026