Ўзбекистон | 15:14 / 24.05.2019
6516
8 дақиқада ўқилади

Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш бўйича техник талаблар тасдиқланади

Фото: Getty Images

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш бўйича техник талаблар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Низом “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни (ГАПП) сақлашга мўлжалланган жойларнинг муҳандислик-техник жиҳатдан мустаҳкамлигига, жисмоний ҳимоясини ташкил этилишига ҳамда қўриқлаш ва ёнғиндан дарак берувчи сигнализация воситалари билан жиҳозланишига қўйиладиган талабларни, шунингдек объектнинг (хонанинг) ГАППларни сақлаш бўйича техник талабларга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосани олишда рухсат бериш тартиб-таомилларни ўтиш тартибини белгилайди.

Низом талаблари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси органлари ва бўлинмаларининг экспертиза ва тезкор-қидирув фаолиятида, шунингдек Адлия вазирлигининг суд-экспертиза муассасалари фаолиятида фойдаланиладиган ГАППларга татбиқ этилмайди.

ГАППларни сақлашга мўлжалланган жойлар техник мустаҳкамлилик, жисмоний ҳимояланганлик ҳамда қўриқлаш ва ёнғиндан дарак берувчи сигнализация мосламалари билан жиҳозланиш даражасига қараб уч тоифалардаги объектларга бўлинади:

а) биринчи тоифадаги объектларга умумий тўсиқ девор билан ўраб олинган ва техник мустаҳкамланган ҳудудда жойлашган қуйидаги фаолиятни амалга оширишга мўлжалланган бинолар, иншоотлар ва хоналар киради:

прекурсорларни сотиш (бериш) (прекурсорлар сақланадиган база ва омборхоналар);
ГАППларни ишлаб чиқаришга ва тайёрлаш;

таркибида гиёҳванд модда бўлган ўсимликларни ўстириш;

б) иккинчи тоифадаги объектларга қуйидаги фаолиятни амалга оширишга мўлжалланган хоналар киради:

ГАППларни сотиш (бериш) ва тақсимлаш (дорихоналар ва даволаш-профилактика муассасаларининг дорихоналари);

янги наркотик воситаларини, уларнинг аналогларини ва психотроп моддаларни ишлаб чиқиш;

ГАППлардан ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун, илмий ва таълим мақсадларида учун фойдаланиш; 

ГАППларни йўқ қилиш;

в) учинчи тоифадаги объектларга лабораторияларнинг, даволаш-профилактика муассасалари бўлинмаларининг, тиббиёт пунктларининг, ўзга  тиббиёт муассасаларининг гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларни сақлаш бўйича фаолиятни амалга оширишга мўлжалланган хоналар  киради.

Объектнинг тоифаси ва сақланувчи предметларнинг хоссаларидан келиб чиқиб, талабларга мувофиқ техник мустаҳкамланган ҳамда қўриқлаш ва ёнғиндан дарак берувчи сигнализациялари билан жиҳозланган сақлаш жойлари ҳудудида ва махсус хоналарда ГАППларни сақлашнинг қуйидаги режимлари ўрнатилади:

биринчи тоифадаги объектларда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларнинг сақланиши махсус хоналар ичида жойлаштирилган сейфларда ёки металл шкафларда амалга оширилади;

биринчи тоифадаги объектларда прекурсорларнинг сақланиши сақлаш жойи ҳудудида ва махсус хоналар ичида амалга оширилади;

иккинчи ва учинчи тоифалардаги объектларда ГАППларнинг сақланиши махсус хоналар ичида амалга оширилади, бунда гиёҳвандлик воситалари ва уларнинг аналогларининг сейфларда, психотроп моддаларнинг металл шкафларда, прекурсорларнинг эса – ишлаб чиқарувчининг ушбу маҳсулот учун техник ҳужжатлар билан белгиланган идишлар ва қадоқларда сақланиши таъминланади;

гиёҳвандлик воситаларининг, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларнинг иккинчи тоифадаги объектларга кирувчи даволаш-профилактика муассасаларида навбатчи тиббиёт ходимлари томонидан сақланиши ушбу мақсадларда махсус ажратилган, полга ёки деворга қотирилган сейф ёки металл шкафларда амалга оширилади;

гиёҳвандлик воситаларининг, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларнинг тез тиббий ёрдам хизматининг транспорт воситаларида тиббий мақсадларда ташиш давомида сақланиши тиббий қутиларда амалга оширилади.

Кимёвий ва физик-кимёвий хоссаларидан келиб чиқиб гиёҳвандлик воситаларининг, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларнинг сақлашнинг ҳарорат режимига риоя қилиш зарур бўлган ҳолларда, юридик шахс раҳбарининг буйруғига асосан уларнинг махсус хоналарда ўрнатилган, ички қулфга қулфланадиган ва муҳрланадиган музлаткичли камераларда (музлаткичларда) сақланишига рухсат берилади.

Гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларни сақлашга мўлжалланган сейфлар ва металл шкафлар деворларининг қалинлиги 3 мм дан кам бўлмаслиги, камида иккита ички (ўйма) қулфлар билан жиҳозланган ҳамда пол ёки деворга қотирилган (пайвандланган) бўлиши лозим, ўртача ва катта габаритли (ўлчамлари 1500 х 600 х 500 мм дан кам бўлмаган), оғир (оғирлиги 700 кг дан ортиқ) сейф ва металл шкафлар бундан мустасно. Гиёҳвандлик воситаларини сақлашга мўлжалланган металл шкафларнинг эшиклари металли уст қўймалар (накладка) ёки бурчаклар билан мустаҳкамланади.

Гиёҳвандлик воситаларининг, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларнинг сейф типидаги битта ички қулфга эга бўлган оғир сейфларда сақланишига рухсат берилади.

Сейфлар, металл шкафлар ва музлаткичли камералар (музлаткичлар) иш куни давомида ёпиқ ҳолда бўлиши керак. Иш куни якунлангандан сўнг ГАППлар сақланадиган сейфлар, металл шкафлар, музлаткичли камералар (музлаткичлар) ва хоналар қулфланиши, муҳрланиши (пломбаланиши) ва қўриқловга топширилиши, калитлар, муҳр ва тамғалар эса – ГАППлар сақланиши учун жавобгар шахсда бўлиши шарт.

Муҳрлаш учун каноп ип тугунларсиз, бутун бўлиши керак. Каноп ип ГАППларни сақлашга мўлжалланган махсус хоналар, сейфлар, металл шкаф ва музлаткичли камералар (музлаткичлар)нинг эшигидаги қулоқчаси (илгаги ёки тутқичи)дан шундай  ўтказилиши керакки, эшикни каноп ипга ва муҳр оттискига (изига) зарар етказмасдан очишнинг имкони бўлмаслиги керак. Бунда муҳрлар каноп ип устидан муҳрлар оттиски (изи) учун чуқурчага эга бўлган тахтачага босилиши лозим.

ГАППларни сақлашга мўлжалланган махсус хоналар ва унга олиб келувчи йўлларнинг етарлича ёритилиши таъминланади.

Бундан ташқари, хоналар фонарлар ёки бошқа ёритишнинг авариявий (захира) манбалари билан таъминланган бўлиши керак. Шам, машъала, керосинли фонар, очиқ оловли чироқлар ва бошқа ёритиш воситаларини ишлатиш, ушбу мақсадларда суюқ ёнувчи моддалардан фойдаланиш тақиқланади.

ГАППларни сақлашга мўлжалланган махсус хоналар қуруқ ва хонага яқин (10 метрдан узоқ бўлмаган) жойда ўрнатиладиган ёнғинга қарши инвентарлар билан таъминланган бўлиши лозим.

Гиёҳвандлик воситалари ва уларнинг аналогларини сақлаш ва қадоқлашга мўлжалланган хоналарнинг деворларини, шифт ва ички конструкцияларини пардозлаш учун чанг ва буғ йиғмайдиган, осон тозалаш ва ювиш имконини берадиган материаллардан фойдаланилиши лозим. Деворнинг пол билан туташган қисми айланасимон шаклда ишланади. Бу хоналар ҳавони тортувчи вентиляция билан жиҳозланади.

Прекурсорларни сақлашга мўлжалланган махсус хоналарда уларни шамоллатиш учун табиий вентиляциядан фойдаланилади.

ГАППларни сақлашга мўлжалланган жойлар ва махсус хоналар мазкур Низомнинг 4-боби талабларига мувофиқ қўриқлаш ва ёнғиндан дарак берувчи сигнализациялари билан таъминланган бўлиши лозим.

ГАППларни сақлашга мўлжалланган махсус хоналар, сейфлар, металл шкафлар ва музлаткичли камералар (музлаткичлар) калитларининг икки тўплами бўлиши керак. Калитларнинг бир тўплами доимий равишда ГАППларни сақлаш учун жавобгар шахсда, иккинчи тўплами – муҳрланган қутичада юридик шахс раҳбарида сақланиши лозим.

Бу калитларни столларда, бошқа жойларда қолдириш тақиқланади.

ГАППларни сақлашга мўлжалланган махсус хонада сейфлар, металл шкафлар ва музлаткичли камералар (музлаткичлар) рақами ва улар муҳрланадиган муҳрлар кўрсатилган буюмларнинг рўйхати бўлиши керак.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид