Ўзбекистон | 12:32 / 12.03.2023
19497
2 дақиқада ўқилади

Миграция агентлиги Россияда ишлаётган ўзбекистонликларни огоҳликка чақирди

Миграция агентлиги Россияда ишлаётган ўзбекистонликларни интернет орқали катта пул эвазига маҳсулотларни бир манзилдан иккинчи манзилга етказиб бериш ҳақидаги эълонлар юзасидан огоҳликка чақирди

Хабарга кўра, сўнгги вақтларда Россияда ишлаётган юртдошлар орасида Интернет орқали катта пул эвазига маҳсулотларни бир манзилдан иккинчи манзилга етказиб бериш ҳақидаги эълонлар бўйича муаммолар юзага келмоқда. Норасмий курьерлик хизматларида наркотик ёки тақиқланган моддалар солинган буюртмаларни етказиб бериш («закладка») таклиф қилинмоқда ва бунинг оқибатида полиция ходимлари томонидан улар ушланиб, жиноий жавобгарликка тортилмоқда.

«Шу муносабат билан юртдошларимиздан норасмий курерлик хизматларида ишламасликни, катта миқдордаги пул эвазига шубҳали буюмларни бир манзилдан иккинчи манзилга етказиб бермасликни ёки маҳсулотни албатта текширишни сўраймиз.

Эслатиб ўтамиз, Россия қонунчилигига кўра, наркотик моддаларни сотиш ёки етказиб бериш учун узоқ муддатли қамоқ жазоси белгиланган», дейилади агентлик хабарида.

Маълумот учун, сўнгги вақтларда Россияда қамалган хорижликлар, жумладан Ўзбекистон фуқаролари Украинадаги ҳарбий ҳаракатларга жалб этилиши ҳолатлари кўпаймоқда.

Мавзуга оид