Иқтисодиёт | 15:00 / 04.04.2017
17023
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш суръати йилига ўртача 9-10 фоизга ўсмоқда

Бугун, 4 апрел куни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигида "Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ва истиқболдаги вазифалар" мавзусидаги  матбуот брифинги ўтказилди.

Тадбирда иштирок этган "Кун.уз" мухбирининг хабар беришича, унда мустақиллик йилларида озиқ-овқат соҳасини ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилгани, мазкур соҳага инвестиция жалб этган ҳолда, замонавий технологияларни мева-сабзавот, гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш ва ишлаб чиқаришга жорий қилинаётгани, ишлаб чиқариш технологик базасининг янгиланиши эвазига ички бозорни сифатли маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш имконияти яратилиб, саноатда мазкур тармоқ улушининг тобора ошишига замин яратгани таъкидланди.

Брифингда маълум қилинишича, Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ўсиш суръати йилига ўртача 9-10 фоизни ташкил этмоқда. Шунингдек, маҳсулотнинг экспорт ҳажми ҳам йилдан-йилга ортмоқда. Бу борада давлатимиз томонидан муҳим фармон ва қарорлар, давлат дастурлари қабул қилиниб, уларнинг ижроси изчил таъминланмоқда.

Сўнгги 5 йилда  мамлакатда озиқ-овқат соҳасини жадал ривожлантириш ва диверсификациялаш унинг хом ашё базасини кенгайтириш ва маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш имконини берди. Жумладан, мева-сабзавот ва узум маҳсулотлари ишлаб чиқариш 1,6 бараварга, гўшт маҳсулотлари – 1,4 бараварга, сут маҳсулотлари – 1,4 бараварга ошди.

Бугунги кунда республикамизда 9760 дан ортиқ озиқ-овқат корхоналари фаолият кўрсатиб келмоқда. Йилига ўртача 1,74 миллион тонна мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш имкониятига эга бўлган 270 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда, шунингдек, 479 минг тонна озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш қувватига эга совутиш камералари билан жиҳозланган 994 та замонавий сиғимлар мавжуд.

Мавзуга оид