Ўзбекистон | 09:27 / 24.12.2020
5570
2 дақиқада ўқилади

Халқ депутатлари кенгаши мактаб директорлари танловини ўтказади

“Ўзбекистон Республикасининг Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисидаги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди. 

Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисидаги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мўлжалланган.

Қонун 25-4-модда билан тўлдирилади. Унда халқ депутатлари кенгаши томонидан умумтаълим муассасаси директорлари танловини ўтказиш ва уларнинг ҳисоботларини эшитиш тартиби белгилаб қўйилади.

Қайд этилишича, умумтаълим муассасаларининг бўш директор лавозимлари учун ҳудудий халқ таълими бошқармалари киритган номзодлар халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари томонидан танловдан ўтказилади.

Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларида мактаб директори лавозимига номзодлар танловини ўтказиш мақсадида депутатларнинг ваколат муддатига мувофиқ доимий асосда ишловчи танлов комиссияси тузилади. Танлов комиссияси тўғрисидаги низом, танлов комиссияси таркиби ва танловни ўтказиш тартиби тегишли халқ депутатлари кенгаши томонидан тасдиқланади.

Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари томонидан танлов натижаларига кўра, умумтаълим муассасаси директори лавозимига тайинлаш учун энг яхши 3 йиллик дастур эгаси шаффофлик тамойиллари асосида танлаб олинади ҳамда лавозимга тайинлаш учун ҳудудий халқ таълими бошқармаларига тақдим этади.

Умумтаълим муассасаси директори йил якуни бўйича халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари ва жамоатчилик вакилларига 3 йиллик дастурнинг ижроси юзасидан ҳисобот тақдим этади.

Ҳар йили декабр ойида келгуси йил учун 3 йиллик дастурнинг ижроси юзасидан ҳисобот бериш жадвали халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари билан келишилган ҳолда ҳудудий халқ таълими бошқармалари томонидан тасдиқланади.

Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари мактаб директорларига юкланган 3 йиллик дастурнинг самарали бажарилиши бўйича улар фаолияти юзасидан мониторинг олиб боради, мактаб директори фаолияти самарадорлигига холисона баҳо берилади. Мониторинг ва баҳолаш якунлари бўйича мактаб директорини рағбатлантириш ёхуд йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жавобгарлик чоралари кўрилиши юзасидан ҳудудий халқ таълими бошқармаларига таклиф киритади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид