Ўзбекистон | 07:50 / 30.04.2019
28928
3 дақиқада ўқилади

Энди мақсадли қабулга топшириш учун ўша ҳудуднинг дипломи талаб этилмайди

Фото: KUN.UZ

2017 йилдан бошлаб тиббиёт йўналишларида, кейинчалик аграр ва қишлоқ хўжалиги йўналишида ҳам мақсадли қабул асосида давлат гранти бўйича ўқишга қабул қилиш бошланган эди. Шунингдек, ўтган йили жиззах ва бухоролик абитуриентлар учун ҳам айрим йўналишларга мақсадли қабул учун квоталар белгиланди.

Илгари қоида бўйича, мақсадли қабулга топшириш учун фақат ўша ҳудуддаги коллеж-лицейда ўқиган бўлиши керак эди. Яъни навоийлик абитуриент Навоий вилоятига ажратилган мақсадли қабул учун даъвогарлик қилмоқчи бўлса, у албатта коллеж ёки лицейни Навоийда тугатган бўлиши шарт эди. Бундай тақиқ бирмунча кулгили чекловларни келтириб чиқарар эди. Масалан, андижонлик абитуриент Фарғона тиббиёт коллежида ўқиган бўлса, унда у на Андижон бўйича, на Фарғона бўйича мақсадли қабулга топшира олар эди. Бундай вазиятда абитуриент шунчаки тиббиёт йўналишида давлат грантида ўқиш ҳуқуқидан автоматик маҳрум бўлиб қолар, фақат контрактга даъвогарлик қила олар эди.

Ўтган йили бу чеклов бироз юмшагандай бўлди. Қабул жараёнлари тугашига 2 кун қолганда республикадаги 41та тармоқ коллежларни (39та Тошкентдаги, 1та Фарғона ва 1та Самарқанд) тугатганлар ҳам истисно сифатида мақсадли қабулга топшира олади, дея эълон қилишди.

Ниҳоят 27.04.2019 йилдаги Вазирлар Маҳкамасининг 360-сонли қарори билан мақсадли қабулга қўйилган ушбу тақиқ бутунлай бекор бўлди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабарига кўра, ОТМ учун белгиланган қабул квоталари таркибида ҳудудлар кесимида мақсадли қабул квоталари тасдиқланган таълим йўналишларига қабул қуйидаги тоифа абитуриентлар ҳисобидан амалга оширилади: 

  • муайян ҳудудда доимий яшайдиган (паспортдаги маълумоти бўйича);
  • умумий ўрта (10-11-синфлар негизида), ўрта махсус, касб-ҳунар маълумоти тўғрисидаги тегишли ҳужжатга эга бўлган;
  • кириш имтиҳонлари (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон)дан муваффақиятли ўтган.

Бу нима дегани?

Эндиликда муайян ҳудудда доимий яшайдиган (паспортдаги маълумот бўйича) исталган абитуриентлар, улар қайси ҳудудда таҳсил олганидан қатъи назар, мақсадли қабулга даъвогарлик қила олади. Масалан, андижонлик абитуриент Фарғонада ўқиганми, Тошкентда ўқиганми, Самарқандда ўқиганми, фарқи йўқ, энди у Андижон учун ажратилган мақсадли қабулга топшира олади.

Демак, давлат грантига кириш учун барчада бирдек имконият пайдо бўлади.

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худайбердиев

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид