Жаҳон | 21:17 / 25.04.2021
13524
4 дақиқада ўқилади

Чехия президенти: Врбетицедаги портлаш бўйича икки версия ўрганилмоқда

Чехия президенти Милош Земан мамлакатнинг контрразведка хизмати тақдим қилган ҳисоботда Россия ва Чехия ўртасидаги можарога сабаб бўлган Врбетице қишлоғида жойлашган ўқ-дори омборидаги портлашга россиялик агентларнинг алоқадорлигини исботловчи маълумотлар йўқлигини маълум қилди.

Фото: Getty Images

Унинг таъкидлашича, портлашнинг иккита асосий версияси ўрганилмоқда. Улардан бирига кўра, ҳодисага хорижий махсус хизматлар алоқадор бўлиши мумкин; иккинчисига кўра, ўқ-дориларга эҳтиётсизлик билан муомалада бўлиш оқибатида бахтсиз ҳодиса юз берган.

Земан омбордаги портлашлар бўйича бирор хулосага келишдан олдин тергов натижаларини кутишга чақирган ва бу билан боғлиқ ахборот махфийлаштирилмаслигини маълум қилган.

Унинг таъкидлашича, Чехия хавфсизлик ва ахборот хизмати (BIS) ҳисоботига кўра, россиялик агентлар портлаш вақтида Врбетицеда бўлганининг исботи йўқ.

«Бироқ бу уларни гумон қилиш ножиддий эканини англатмайди. Бирор бир мустақил давлат унинг ҳудудида хорижий давлатнинг икки агенти теракт содир этишига, унинг натижасида икки фуқароси ҳалок бўлишига ва миллиардлаб зарар етишига йўл қўя олмайди», деб таъкидлаб ўтган Чехия президенти.  

17 апрелда Чехия бош вазири Андрей Бабиш мамлакат махсус хизматларидан Врбетицеда 2014 йил юз берган ҳодисага Россия Бош разведка хизмати ходимлари алоқадорлиги ҳақида ахборот олганини маълум қилган. Шундан кейин Чехия полицияси Россия фуқаролари Александр Петров ва Руслан Бошировни қидирувга берган. Чехия ОАВ маълумотларига кўра, портлаш сабабчилари Россия Бош разведка хизматининг ушбу номлар остида яширинган ходимлари Анатолий Чепига ва Александр Мишкин бўлиши мумкин. Бундан ташқари, Чехия ушбу айбловлар ортида 18 нафар россиялик дипломатни ўз ҳудудидан чиқариб юборишини эълон қилган. Праганинг фикрича, ушбу дипломатлар Россия махсус хизматлари ходимлари ҳисобланади. Москва эса бунга жавобан 20 нафар чехиялик дипломатни чиқариб юборишини эълон қилган.

Земаннинг таъкидлашича, агар россиялик агентларнинг портлашларга алоқадорлиги исботланса, унда Россия бунга «товон тўлаши» керак бўлади. Мисол учун, «Росатом» Чехиядаги «Дуковна» АЭС қурилишида иштирок этишдан четлатилиши мумкин. Бироқ гумонлар исботланмаса, унда гап махсус хизматлар ўйини ҳақида бораётган бўлади ва бу Чехиянинг ички сиёсати учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Шу билан бирга, Земан ҳукуматнинг россиялик дипломатларни чиқариб юбориш таклифини нима учун қўллаб-қувватлагани сабабини келтириб ўтди. Унинг таъкидлашича, у «разведка зобитларини жини суймайди».

«Менинг ёнимга бош вазир Андрей Бабиш ва унинг биринчи ўринбосари Ян Гамачек келиб, Россия разведкасининг 18 зобитини чиқариб юбормоқчи эканини маълум қилганда, мен бу таклифни тўлиқ қўллаб-қувватладим. Биласизми, нимага? Бу разведка зобитларини жиним суймайди, чунки улар фойдадан кўра асосан зиён келтирадилар», деб тан олган Земан.

У шу ўринда АҚШнинг Марказий разведка бошқармаси ўз вақтида АҚШ ҳукуматига Ироқда оммавий қирғин қуроли мавжудлиги ҳақида ахборот бергани, бироқ кейинроқ бундай қурол у ерда йўқлиги ошкор бўлгани, аммо «иш беҳуда урушгача етиб борганини» эслаб ўтган.

Бу орада The New York Times нашрининг маълум қилишича, болгариялик қурол савдогари Эмилиян Гебрев нашрга йўллаган электрон мактубида Врбетицедаги омборда Украина учун мўлжалланган ўқ-дориларни сақлаганини тан олган. Нашрнинг Чехиядаги расмий шахсларга таяниб хабар беришича, омбордаги портлашдан кўзланган мақсад айнан Гебрев сақлаган ўқ-дориларини йўқ қилиш бўлган. Бундан ташқари, болгариялик ўз мактубида анчадан бери тан олишни рад этиб келган маълумотни тасдиқлаган: у 2014 йилдан кейин Украинага қурол етказиб берган.

Шу билан бирга, Гебревнинг компанияси ЕМКО Украинага жўнатилган ўқ-дори қутилари устида уларни «Таиланд учун мўлжалланган» деб белгилаган. Таъкидланишича, бу Болгария ҳукуматида Россияга ён босувчиларни чалғитиш мақсадида қилинган.

Мавзуга оид