Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Чехия бош вазири: Украина учун снарядлар сотиб олиш режага мувофиқ кетяпти
Украина учун ярим миллиондан ортиқ артиллерия снарядларини сотиб олиш мақсади жорий йилда амалга оширилади, ўқ-дориларни етказиб бериш эса келгуси йилда ҳам давом этади, деди Петр Фиала.
Чехиянинг Украина учун артиллерия снарядларини сотиб олиш ташаббуси режага мувофиқ амалга оширилмоқда ва жорий йил охиригача Киевга ярим миллиондан ортиқ ўқ-дори етказиб бериш мақсадига эришилади, деди 23 октябр, чоршанба куни Чехия бош вазири Петр Фиала. Германия Нидерландия ва Дания билан биргаликда ушбу лойиҳанинг энг йирик донорларидан бири ҳисобланади, дея қайд этади dpa агентлиги.
Фиала етказиб бериш келгуси йилда ҳам узлуксиз давом этишини кутмоқда, бироқ Чехия бош вазири аниқ саналарни айтмади. Бугунги кунга қадар Европа Иттифоқи ва НАТОнинг 15 та давлати учинчи давлатлардан 800 минг донагача ўқ-дорилар сотиб олиш учун 1,6 миллиард евро ажратишга ваъда берган. Қолган иштирокчилар Чехия ташаббусига бошқа йўллар билан ҳисса қўшмоқда, жумладан, снарядларни ташишда ёрдам бериш орқали. Қуролларнинг келиб чиқиши ҳақидаги тафсилотлар қатъий сир сақланади.
Чехия бош вазирининг таъкидлашича, снарядларни сотиб олиш ташаббуси деярли уч йилдан бери ўзини Россия ҳарбий босқинидан ҳимоя қилиб келаётган Украинага зарур бўлган қўллаб-қувватлашнинг фақат бир жиҳати. Фиала қишнинг яқинлашиб келаётгани ва Россиянинг Украина энергетика инфратузилмасини ўққа тутиши натижасида кенг кўламли зарар етказилишидан хавотир билдирди. Бундан ташқари, Чехия ҳукумати раҳбари Шимолий Корея қўшинларининг Россия урушига қўшилиши эҳтимолини қоралаб, бу қадамни номақбул деб атади. «Бу Шимолий Корея ёки Эрондаги каби режимлар дунё тинчлиги, халқларнинг биргаликда яшаши ва қоидаларга асосланган халқаро тартиб учун хавф туғдиришини кўрсатади», деди бош вазир.
Чехия Украина учун ўқ-дориларни сотиб олишни давом эттиради
Чехия, Дания ва Нидерландия ҳукумат раҳбарлари 2025 йилда Прага томонидан бошланган Украинани ўқ-дорилар билан таъминлаш ташаббусини давом эттиришга келишиб олдилар. Бу ҳақда 17 октябр куни Чехия бош вазири Петр Фиала X ижтимоий тармоғида эълон қилган баёнотда айтилди. Ҳужжатда унинг даниялик ҳамкасби Метте Фредериксен ва Нидерландия вазирлар маҳкамаси раҳбари Дик Схофнинг имзолари ҳам бор.
«Биз бошқа давлатларни ҳам шундай қилишга чақирамиз, бу бутун Европа хавфсизлиги манфаатларига мос келади», деб таъкидлади Фиала.
Германия, Канада ва Португалия каби жами 18 мамлакат июн ойигача Украина учун 500 минг ўқ-дори, хусусан, артиллерия ва танкларга йирик калибрли снарядлар сотиб олиш имконини берувчи 1,8 миллиард доллар (1,66 миллиард евро) тўплаган, деб эслатади AFP.
Шошилинч етказиб бериш «Украина олдидаги узоқ муддатли мажбуриятларимизни тасдиқлаш учун» зарур эди, дея тушунтирди ҳукумат раҳбарлари. Ташаббус, Европа Иттифоқи март ойи охиригача Украинага миллион снаряд етказиб бериш ҳақидаги ваъдасини бажармагани сабабли ўқ-дорилар тақчиллигини қисман тўлдиради, дея аниқлик киритади агентлик.