Жаҳон | 14:40 / 16.07.2022
16937
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистондаги йирик ЙТҲда ҳалок бўлганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқлиги маълум бўлди

Ҳалок бўлганларнинг шахсига тўла аниқлик киритилгач, 8 нафар қурбон орасида 2 нафар ўзбекистонлик ҳам борлиги ҳақидаги бирламчи маълумот нотўғри экани маълум бўлди. Касалхонага ётқизилган 10 кишидан 5 нафари – ўзбекистонликлар, улардан бирига уйига жавоб берилган.

Фото: Zakon.kz

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Қозоғистонда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан қўшимча маълумот берди.

Бугун, 16 июл куни Қозоғистоннинг Қарағанда области, Шетский туманида “Ман” юк машинаси ва Меrcеdеs-Benz Sprinter йўловчи микроавтобуси тўқнашиши оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Ўрганиш натижаларига кўра, Меrcеdеs-Benz Sprinter микроавтобуси салонида бўлган 18 нафар йўловчидан 8 нафари - Қозоғистон фуқаролари воқеа жойида вафот этган, ҳалок бўлган фуқаролар шахсига аниқликлар киритилганида улар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ экани аниқланган.

Шунингдек, 10 киши турли даражаларда тан жароҳати олган, уларнинг 5 нафари Ўзбекистон фуқаролари бўлиб, айни вақтда уларга Aксу-Aюли қишлоқ касалхонасида малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Улардан 1 нафарига амбулатор даволаниш учун рухсат берилган.

ФВВ томонидан аввалги берилган бирламчи шошилинч хабарда 2 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлгани айтилганди

Қозоғистон масъул хизматлари томонидан мукаммал ўрганилиб, фуқароларнинг шахсига аниқликлар киритилганда, ҳалок бўлганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқлиги маълум бўлди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид