Жаҳон | 07:36 / 12.03.2025
37661
4 дақиқада ўқилади

Украина дарҳол ўт очишни тўхтатишга тайёр — агар Россия ҳам тўхтатса. Саудиядаги музокараларнинг асосий якунлари

АҚШ Киевга ҳарбий ёрдамни тикламоқда.

Фото: Украина президенти офиси / EPA / Scanpix / LETA

Жиддада Украина ва АҚШ музокаралари бўлиб ўтди. Киев томонидан унда президент офиси раҳбари Андрей Ермак, ташқи ишлар вазири Андрей Сибига ва мудофаа вазири Рустем Умеров, Вашингтон томонидан эса давлат котиби Марко Рубио ва президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолц иштирок этди. Бу Украина ва АҚШ президентлари Володимир Зеленский ва Доналд Трампнинг Оқ уйдаги тортишуви ва Киевга Америка ҳарбий ёрдами тўхтатилганидан кейин икки мамлакат вакилларининг бундай юқори даражадаги биринчи учрашуви бўлди. Учрашув бошланишидан олдин Вашингтондагилар Украина ён бериш ва «қийин қарорлар»га тайёр бўлиши кераклиги айтишган – фақат шундагина АҚШ ўз ёрдамини қайта тиклаши ваъда қилинганди.

АҚШ 30 кунлик сулҳ таклиф қилди. Украина рози бўлди. Қўшма баёнотда қайд этилишича, Украина томони «Россия Федерацияси томонидан қабул қилиниши ва бир вақтнинг ўзида бажарилиши шарти билан, томонларнинг ўзаро келишувига кўра узайтирилиши мумкин бўлган вақтинчалик 30 кунлик ўт очишни тўхтатиш режимини зудлик билан жорий этиш таклифини қабул қилиш»га тайёрлигини билдирган. Учрашувдан олдин ОАВ Украина делегацияси вақтинчалик ўт очишни тўхтатишни таклиф қилиши мумкинлиги, бу қисман сулҳ бўлиши ҳамда фақат ҳаво ва денгиз ҳужумларига тааллуқли бўлиши ҳақида ёзганди.

Украина президенти Володимир Зеленский музокаралар якунланиб, баёнот эълон қилинганидан бир неча дақиқа ўтиб, Киев ўт очишни тўлиқ тўхтатишга тайёрлигини тасдиқлади. «Украина тинчликка тайёр. Энди Россия урушни тўхтатиш ёки урушни давом эттиришга тайёрлигини кўрсатиши керак», – деди у.

АҚШ Украинага ҳарбий ёрдамни қайта тикламоқда. «Қўшма Штатлар разведка маълумотлари алмашишдаги паузани зудлик билан бекор қилади ва Украинага хавфсизлик соҳасида ёрдамни қайта бошлайди», – дейилади қўшма баёнотда. Трамп ва Зеленский ўртасидаги тортишувдан сўнг ёрдам тўхтатилганди; АҚШ разведка маълумотлари йўқлиги фонида Украина қуролли кучлари бир неча кун ичида Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг учдан бир қисмини бой берди. Аввалроқ ОАВ ҳарбий ёрдамни тўхтатиш Трамп томонидан Киевни Москва билан музокараларга ундаш учун Украинага босим ўтказиш усули бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзганди.

Музокараларда нодир металлар бўйича келишув муҳокама қилинмаган, бироқ учрашув якунида Марко Рубио бу масала аввалроқ Украина ва АҚШ молия вазирликлари даражасида келишиб олинганини айтди. «Президентларимиз ўз ҳукуматларининг тегишли аъзоларига буни охирига етказиш ва якунлаш бўйича топшириқ берди», – деди АҚШ давлат котиби.

АҚШ музокаралар натижаларини Россияга етказади. «Биз ҳозир бу таклифни Россия томонига етказамиз ва умид қиламизки, улар тинчликка „ҳа“ дейишади. Тўп энди уларда», – деди Марко Рубио музокаралардан сўнг. У «руслар ҳам шундай жавоб қайтариши»га умид билдирган. Аввалроқ Доналд Трамп Россия президенти Владимир Путин «тинчлик истаётгани» ҳақида гапирган, бироқ шу билан бирга, агар Россия тинчлик сари юрмаса, «кенг кўламли санкциялар» жорий этиш билан таҳдид қилганди. Музокаралардан сўнг Трамп АҚШ вакиллари Россия делегацияси билан «бугун кечроқ ёки эртага» учрашишини айтди. Шунингдек, у Украина президенти Володимир Зеленскийни яна Оқ уйга таклиф этишини, чунки «Америка Украинадаги урушни тугатмоқчилиги»ни айтди.

Москвадагилар ҳозирча АҚШ ва Украинанинг сулҳ бўйича таклифига изоҳ бермади.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид