Жаҳон | 09:56
584
3 дақиқада ўқилади

Германия Украинага қурол-яроғ экспортини соддалаштирди

Соддалаштирилган тартиб ҳаво ҳужумидан мудофаа ва денгиз мудофааси воситаларини етказиб беришга тааллуқли. Украинадан ташқари, бу тартиб Саудия Арабистони, БАА, Қатар, Кувайт, Баҳрайн ва Уммонга ҳам татбиқ этилади.

Фото: picture alliance

Германия ҳукумати Яқин Шарқ ва Украинадаги урушлар шароитида ҳар икки можаро ҳудудига айрим турдаги қурол-яроғлар экспортини соддалаштирди. Германия Иқтисодиёт вазирлиги Иқтисод ва экспорт назорати бўйича федерал идора (BAFA) билан биргаликда 20 март, жума куни дарҳол кучга кирадиган, олти ой муддатга мўлжалланган янги умумий рухсатномани (AGG) жорий қилди. У “мудофаа мақсадларида муайян мамлакатларга қурол-яроғ етказиб бериш” учун берилади.

Ушбу вақтинчалик рухсатнома қурол-яроғ экспорт назорати тартиб-таомилларини Форс кўрфази мамлакатлари ва Украинага ўта зарур қуролларни етказиб беришда “янги талаблар”га мослаштиради.

“Шу тариқа биз уларнинг мудофаа тизимларини мустаҳкамлаш учун тезкор ва ортиқча бюрократик тўсиқларсиз экспортни таъминлаймиз ҳамда ҳамжиҳатлигимизни намоён этамиз”, — дейилади вазирлик баёнотида.

Мақсад — “мавжуд маъмурий имкониятлар доирасида хавф-хатар баҳосига асосланган ҳолда Форс кўрфази мамлакатлари ва Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳамда денгиз мудофааси учун қуролларни тез етказиб беришни янада соддалаштириш”дан иборат.

“Эроннинг Форс кўрфази мамлакатларига танлаб ўтирмасдан берган зарбалари қурол-яроғга, айниқса ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларига ўткир эҳтиёжни келтириб чиқарди”, — деди Германия иқтисодиёт вазири Катерина Райхе. Унинг қўшимча қилишича, шу билан бир вақтда Украинада ҳам ҳарбий қўллаб-қувватлашга, хусусан, ҲҲМ соҳасида эҳтиёж сақланиб қолмоқда.

Янги қоидалар татбиқ этиладиган мамлакатлар қаторига Саудия Арабистони, БАА, Қатар, Кувайт, Баҳрайн, Уммон ва Украина киради. Рухсатнома “ҳаво ҳужумидан мудофаа ва денгиз мудофаасида қўлланиладиган товарлар, жумладан денгиз миналаридан ҳимояланиш ёки уларни йўқ қилиш чоралари” учун экспортни қамраб олади.

Қурол-яроғни соддалаштирилган тартибда экспорт қилишга берилган рухсат 15 сентябргача амал қилади. Экспортчилар ундан BAFA'га олдиндан ариза бермасдан фойдаланиши мумкин — рўйхатдан ўтиш биринчи экспортдан кейин 30 кун ичида амалга оширилишига рухсат берилади. Ушбу рухсатдан фойдаланувчи компаниялар учун ҳар ойлик ҳисобот топшириш талаби белгиланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид