Иқтисодиёт | 12:30 / 20.02.2026
4032
4 дақиқада ўқилади

Кейинги йилларда Ўзбекистонда газ қазиб олиш кўрсаткичи қандай бўлади?

Янгиланган ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда 2026-2030 йиллар оралиғида газ қазиб олишни 20,6 фоизга ёки 8,3 млрд куб метрга ошириш режалаштириляпти. 2027 йилдан бошлаб барқарор кўп йиллик ўсиш прогноз қилинаётган бўлса-да, 2030 йилга бориб ҳам газ қазиб олиш ҳажми 2022 йилги кўрсаткичдан сезиларли даражада: 6,1 фоизга ёки 3,2 млрд куб метрга кам бўлиб қолади.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Ўзбекистонда газ қазиб олиш миқдори 2026 йилда ҳам қисқариб, кейинги 4 йил давомида босқичма-босқич ўсиб бориши прогноз қилиняпти. Бу Ўзбекистон-2030 стратегиясида кўзда тутилган

Янгиланган ҳужжатга кўра, жорий йилда 40,2 млрд куб метр газ қазиб олиниши кутиляпти. Бу 2025 йилга нисбатан 3,6 фоизга ёки 1,5 млрд куб метрга кам. Эътиборга молик яна бир жиҳат: ўтган йил якунларига кўра Миллий статистика қўмитаси газ қазиб олиш ҳажмини 42,3 млрд куб метр сифатида кўрсатганди. Бу натижа 41,7 млрд куб метрга пасайтирилган. 

Аввалроқ, 2024 йилда ҳам Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми 44,6 млрд кубдан 41,3 млрд кубга камайтирилгани хабар қилинганди. Рақамларнинг бирдан ўзгариб қолгани бўйича расмийлардан изоҳ бўлмади.

Ҳисоб-китобларга кўра, кейинги 4 йил давомида газ қазиб олиш кўрсаткичлари қуйидагича ўзгаради:

  • 2027 йил – 42,9 млрд куб (+6,7 фоиз);
  • 2028 йил – 44,5 млрд куб (+3,7 фоиз);
  • 2029 йил – 45,5 млрд куб (+2,2 фоиз);
  • 2030 йил – 48,5 млрд куб (+6,6 фоиз).

Умуман олганда, 2026-2030 йиллар оралиғида газ қазиб олиш ҳажмини 20,6 фоизга ёки 8,3 млрд куб метрга ошириш режалаштириляпти.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида “табиий газ қазиб олиш ҳажмини йилига 62 млрд кубга етказиш” вазифаси қўйилганди.

Газ қазиб олиш

Ҳар қандай мамлакат, шу жумладан Ўзбекистон учун ҳам табиий газ ресурслари стратегик аҳамиятга эга. Бу мамлакат иқтисодиёти, энергетик хавфсизлиги ва ташқи савдо балансига жуда катта таъсир кўрсатади. Охирги йилларда газ қазиб олиш динамикаси қуйидагича ўзгарди:

Газ экспорти

Ўзбекистон узоқ йиллар хорижга йирик ҳажмларда газ экспорт қилиб келади. Қазиб олиш кўрсаткичларининг пасайиши фонида экспорт ҳам олдингига қараганда камайди, аммо тўхтагани йўқ. Масалан, 2025 йилда 629 млн долларлик газ сотилган бўлиб, бу қиймат жиҳатдан 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 фоизга кўп.

Ўзбекистон гази асосан Россия, Хитой, Қирғизистон каби мамлакатларга экспорт қилиб келинган. 2020 йилда Россияга экспорт тўхтатилди, Хитойга етказиб бериш ҳажми ҳам камая бошлади. Ўзбек газини хорижга сотиш нархи бирор марта очиқланмаган ва бу “тижорий сир” сифатида тавсифланади. Шу сабабдан экспортнинг миқдор жиҳатдан қандай ўзгараётганини таҳлил қилиш имконсиз.

Газ импорти

2023 йилдан бошлаб қазиб олишдаги тақчиллик Туркманистон ва Россиядан газ импорт қилишни ошириш ҳисобига қоплана бошланди. Бу эса Ўзбекистоннинг табиий газ экспортчисидан, табиий газнинг соф импортёрига айланиб қолишига сабаб бўлди.

2020-2025 йиллар оралиғида Ўзбекистонга импорт қилинган газ ҳажми қиймат жиҳатдан 33 баробарга ошди.

Ўзбекистоннинг газ захиралари қанча?

2021 йил 1 январ ҳолатига кўра, Ўзбекистонда тасдиқланган табиий газ захиралари 1 трлн 867 млрд куб метрга баҳоланган эди ва жорий қазиб чиқариш ҳажмларида бу захиралар камида 34 йилга етиши маълум қилинганди. 2023 йилнинг август ойида Ўзбекистонда 296 та нефть-газ кони мавжудлиги, уларда жами 1 трлн 854 млрд куб метр газ захиралари борлиги маълум қилинган. 296 та нефть-газ конидан 122 таси “Ўзбекнефтгаз”га тегишли бўлиб, республика умумий газ захирасининг тенг ярми – 933 млрд куб метри ушбу конлар ҳиссасига тўғри келиши келтириб ўтилганди.

OPEK ташкилоти томонидан тузилган рейтингда Ўзбекистондаги газ захираси 1 трлн 522 млрд куб метрга баҳоланган ва дунёдаги умумий газ ҳажмининг 0,74 фоизи билан 22-ўринга жойлаштирилган. Бошқа бир халқаро манбада эса бу кўрсаткич 1 трлн 840,5 млрд куб метр экани кўрсатилиб, Ўзбекистон энг кўп табиий газ захирасига эга давлатлар қаторида 17-ўринда қайд этилган.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш