Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“18 ёшда турмушга бермоқчи бўлишган” – бакалаврни Англияда, магистратурани Канадада ўқиётган ўзбек қизи ҳикояси
“Микрофон – қизларда” лойиҳасининг навбатдаги қаҳрамони Севара Йўлдошева – фарғоналик, айни пайтда “University Canada West” университетида бизнес бошқаруви йўналишининг магистратура босқичида таҳсил олади. У бакалавр босқичини Лондонда тамомлаган, 4 та тилда эркин сўзлаша олади.
“ОТМдан 2 марта йиқилдим...”
Фарғонада академиклар оиласида катта бўлганман. Ақлимни таниганимдан бошлаб китоблар билан биргаман. Оилада ўқишимизга жуда қаттиқ туришган. 7-8 ёшларимдан бошлаб онам битта хонага киритиб, инглиз тилидан луғатни ёдламагунимизча чиқишга рухсат бермасди. Ўшанда хафа бўлган пайтларим ҳам бўлган, лекин ҳозир мен учун фойдали бўлганини ҳис қиламан.
6 ёшимда, ҳали мактабга чиқмасдан туриб инглиз тилини ўрганиш учун репетиторга беришган. Онамнинг тил ўрганишга бўлган қизиқиши сабаб бизни ҳам жуда эрта тил ўрганишга турли курсларга юборишган.
Мактаб пайти инглиз тилидан турли олимпиада ва танловларга қатнашардим. Лекин аксар танловларда таниш-билишчилик, билимлиларни ўтказмаслик ҳолатларини кўриб хафа бўлганман. Ёки мактабда инглиз тили ўқитилса ҳам, нега дарслар сифатли эмаслиги, алоҳида ўқитувчига пул тўлаб ўрганишга мажбур эканимни тушунмасдим.
Мактабни тугатиб хорижий тил йўналишида лицейда ўқиганман. Сўнг ОТМга хорижий тил йўналишига 2 марта ҳужжат топширдим, ҳар сафар инглиз тилидан тестни тўлиқ ечардим, бироқ тарих ва рус тилидан тестим пастроқ чиқиб кира олмаганман. Кириш имтиҳонларидаги ноҳақликлар (2012-2013 йиллар) – айрим абитуриентларнинг тестларини хонадан олиб чиқиб кетиб ишлаб беришганлари каби ҳолатлар ҳам кайфиятимга таъсир қилган.
“18 ёшда турмушга бермоқчи бўлишган”
Инглиз тилини яхши кўриб ўрганганим учун чет элга чиқиш истагим ҳам жуда кучли эди. Университетга кира олмаганимдан кейин бу истагим янада кучайган ва шунинг учун имтиҳондан кейин Фарғонага қайтмасдан IELTS ўқидим. Шу пайтлари онамни хорижда ўқиш учун кетишга кўндиришга тайёрлай бошладим. Лекин онам рози бўлсалар-да, бошқа кўп қариндошларим: бувим, бобомлар қарши бўлишган. Хорижда ўқиб нима қилади, турмушга берамиз, дейишганди. Ўшанда роса ҳайрон бўлганман, улар ҳаммаси ўқимишли, академиклар бўла туриб четда ўқишимни хоҳлашмаган.

Менинг мақсадим эса ҳар куни нимадир янги нарса ўрганиш, олдимга қўйган аниқ мақсадларимни амалга ошириш. Чет элда ўқиш мақсадларим орасида бор эди.
Шундай қилиб 18 ёшимда Лондонга кетдим. Бир йиллик бизнесга тайёрлов мактабида ўқиб, кейин Лондондаги Southampton Solent University’нинг халқаро бизнес бошқаруви йўналишига ўқишга кирганман. Шартномам учун уйдан пул сўрамасдим. Онам Ўзбекистондан келаётганимда бағрига босиб “сизни отасиз катта қилдим, ўзингиз билдингиз қанча қийинчиликлардан ўтдик. Ҳар бир ишни қилаётганингизда мана шулар, сизни қанча қийналиб катта қилганим эсингизда турсин, менинг юзимни ерга қаратманг”, деб жўнатган. Мана шу нарса доим ёдимда бўлган.
“Ўқиш пулини тўлаш учун кечаси ишлардим”
Курсдошларим дарсдан сўнг турли тўгаракларга борса, айланишларга чиқишса ҳавасим келарди. Улар ўша ер фуқароси бўлгани учун шартномасини давлат тўлаб берарди. Менда эса бунақа имкон бўлмаган. Ўқишдан кейин уйга келиб 2-3 соат ухлаб олиб кечки пайт ишга кетардим. Кечки 8 дан эрталабки 7 гача дўконда пештахталарга товарларни тахлаб чиқардик. Ўқиш давомида 3 йил дўконда шундай ишладим.

Эсимда бир марта уйнинг ижарасига 1 ойлик, ўқишимга 1 ойлик тўлов қилиб, ёнимда атиги бир фунт танга қолган. Ишга эса автобусда боришим керак эди. Ўшанда ўзимга эсдалик бўлиши учун йиғлаб кичик видео олиб қўйгандим: “Мана ҳозир олдимда фақат бир фунтлик танга бор холос. Ишга пиёда кетяпман. Лекин хафамасман, ўқиш ва уй пулини тўладим”, деган эканман ўша видеода.
Ўқишни битиргач Лондондаги “Fortnum and Mason” компаниясида бир йил ишладим. Ҳар бир ишни яхши кўриб қилишга ҳаракат қилганим учун компаниядаги бир йиллик фаолиятимда кетма-кет бир неча ой “Энг яхши ишчи” сифатида эътироф этишган.
Карантин пайти Ўзбекистонга қайтиб, турмуш ўртоғим билан танишиб оила қурдик ва Канадага келдик. Ҳозир бу ерда магистратурада ўқийман.
Тўйимда келин кўйлак киймаганман, лекин бу бахтли бўлишимга халақит бермаган
Тўйимиз 2020 йилда қаттиқ карантин бошланадиган пайтга тўғри келиб қолган. Турмуш ўртоғим билан бошқа-бошқа вилоятлардан бўлганимиз учун карантин кучли бўлгани сабабли мени Фарғонадан Самарқандга олиб келишган ва шу орада халққа ош берилган. Вилоятдан чиқиш имкони бўлмагани учун қариндошларим тўйда қатнаша олишмаган. Тўйда келин-куёв бўлиб ясаниб ўтириш имконимиз ҳам бўлмаган. Бундан ҳечам афсусланмайман, оқ кўйлак киймаганим бахтли бўлишимга халақит бермаган. Тўйга ишлатишимиз мумкин бўлган пулни эса Канадага келиш харажатларига сарфлаганмиз.

“Китобларимни Канадага ҳам олиб келдим”
Китобларни жуда яхши кўраман. Англияда пулсиз қолиб кетган кунларим ҳам бўлган. Ўшанда ҳам ёнимда 200 дан ортиқ китобларим бор эди. Қаерга кўчсам ҳам, ўзим билан олиб юрардим. Онам “агар пулинг тугаган бўлса, китобларингни сот” деб айтган, лекин уларни ҳеч қачон сотиш ҳақида ўйламаганман. Англиядан Тошкентга келгач, у ерга қайтмаслигим аниқ бўлгач турмуш ўртоғимга китобларимни Ўзбекистонга олиб келишимга 500 доллар керак бўлишини айтганимда ҳайрон қолганди. Лекин ҳозир Канадага ўша китобларимнинг ярмини олиб келолганман.
Ҳозир ўғлимнинг ҳам кичик кутубхонаси бор. Унга китоблар ўқиб бераман. Ҳатто ўғлим қайси китобни яхши кўришини ҳам ўқиб берганимда билдирадиган реакциясига қараб билиб олганман.
“Тил ўрганиш учун хоҳиш кучли бўлиши керак”
Дунёнинг 10 га яқин давлатларида бўлдим. Бу дунёқарашга ҳам таъсир қилади. Саёҳат билан инсоннинг ўрганувчанлиги ошади.
Шу пайтга қадар 4 та тилни: инглиз, рус, турк, испан тилини ўрганганман. Уларда эркин гаплаша оламан. Испан тилини ўрганишимга Real Madrid’га мухлислигим сабаб бўлган. 13 йилдан бери фанати бўлганим учун Испанияга бориб улар билан ўз тилида гаплашаман деб шу тилни ўрганганман ва бу мақсадимга етганман. Тил ўрганишга инсонда энг биринчи навбатда хоҳиш бўлиши керак. Ҳозир тил ўрганишга ёрдам берадиган турли видео контентлар бор. Уларни титр билан томоша қилиш, кўпроқ ўқиш ва ўқиганлари ҳақида ёзиб бориш орқали бир ойда ҳам тилни анча ўрганиб олиш мумкин.
Ҳозир
Ҳозирда жуда бандман: Канадада магистратурада ўқийман, фарзанд тарбияси билан машғулман. Ўзбекистонда ўзимнинг кичик хайрия лойиҳам ҳам бор.

Фарзанд тарбияси, албатта, энг масъулиятлиси. Ҳозир араб тилини ўрганяпман. Сабаби боламга араб тилини ўзим ўргатишни хоҳлайман.
Канадада ўз шахсий бизнесимни очиш режам бор. Бундан ташқари, ўқиш истагида бўлган оналарга ёрдам берадиган лойиҳалар бошлашни режалаштиряпман. Ҳозирча фарзанд парвариши ва тарбияси ҳақида блог юрита бошладим.
Таълим
Ўзбекистонда университет таълимини олмаганман, лекин мактаб ва лицейда ўқиганимдан келиб чиқиб айтишим мумкин бўлгани: ўқув дастурларидан ортиқча фанларни олиб ташлаш керак. Бу болаларнинг вақтини ўғирлаш холос. Укам Ўзбекистонда ОТМда ўқийди. Унинг йўналишига математика керакмас, лекин шу фанни ҳам ўқишади. Хорижда фақат ўз йўналишига керакли фанлар дастурга киритилади ва улардан ҳам ёқмаган фанларни талаба ўзи ўзгартира олиш ҳуқуқига эга. Унда танлов имконияти бор.
Бундан ташқари, Лондондаги университетда жуда кўп тўгараклар бор. Баскетболми, тил ўрганишми, исталгани билан профессионал даражада бепул шуғулланиш имкони бор. Шу тажриба Ўзбекистон ОТМда ҳам бўлишини хоҳлардим.
Қизларга маслаҳат
Лондонга кетаётган пайтим онамга шартнома пулимни ўзим тўлайман деб сўз бериб кетгандим. Сабаби кичиклигимдан онам бизни меҳнатга ўргатгани учун эплай олишимга ишонганман.
Ўзбекистонда университетга 2 марта топшириб кира олмаганимдан хурсандман, агар ўша пайти кирганимда ҳозирги даражага етиб келмаган бўлармидим.
Қизларга маслаҳатим: агар ўқиш ва турмушга чиқиш танлови бўлса, биринчи ўринда ўқишни танланг. Сабаби фарзандли бўлгач унга ўргатиш учун ҳам ўқиш керак. Мен ҳам 18 ёшда эмас, сал кейинроқ ўқиб, илмли бўлиб турмушга чиқдим. 6 ойлик ўғлимга ҳозирдан ўзим билган нарсаларни ўргатишни бошладим. Илм олиш, албатта, фарзанд тарбиялаш учун муҳим. Вақтни кераксиз нарсаларга сарфлаш керак эмас.
Қиз ўстираётган оналарга эса ўз устида ишлашларини тавсия қилган бўлардим. Сабаби фарзанд биринчи навбатда онадан ўрганади. Ўзида йўқ нарсани боладан талаб қилиш хато. Қолаверса, она илмли бўлса, болада фахр туйғуси бўлади. Бу ҳам жуда муҳим нарса бўлса керак.
Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.
Мавзуга оид
20:04 / 01.01.2026
Янги Ўзбекистон университетининг кампуси 200 млн долларга баҳоланмоқда
09:39 / 31.12.2025
Нодавлат мактабларда ўқийдиганлар улуши 3 баравар оширилади
09:33 / 31.12.2025
Ҳар йили 600 нафар чет эллик “тил эгаси” бўлган мутахассис таълимга жалб этилади
10:44 / 27.12.2025