15:03 / 28.02.2023
6172

“ОАВ эркинлиги бошқа конституциявий ҳуқуқлар рўёбга чиқиши учун ҳам зарур” — экспертлар Конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар хусусида

Фото: Kun.uz

Очиқлик ва ошкоралик Шавкат Мирзиёев даврида амалга оширилган энг катта ўзгаришлардан биридир. Президент қанчалик оғир бўлмасин, ушбу йўлдан қайтилмаслигини шу пайтгача кўп марта таъкидлаган. Давлат ушбу мақсадда собит эканини конституцияга киритилаётган ўзгартиришда, яъни очиқлик сиёсатидан ҳеч қачон ортга қайтилмаслиги мамлакат бош қонуни даражасида мустаҳкамлаб қўйилаётганида ҳам кўриш мумкин.

“Ҳалигача журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳолатлари учрамоқда”

Анвар Эминов, сиёсий таҳлилчи:

– Бугунги кунда мамлакатимизда халқ билан мулоқотни кучайтириш, давлат органлари очиқлигини таъминлаш, ижтимоий-сиёсий жараёнларда аҳолининг фаол иштирокини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг самарали бўлишида оммавий ахборот воситалари ва журналистларнинг фаолияти муҳим ўрин тутади.

Шу сабабли ҳам кейинги йилларда мазкур соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштириш, оммавий ахборот воситалари ва журналистларнинг самарали фаолият юритиши учун етарли шароитлар яратишга алоҳида эътибор берилмоқда. Босма ва интернет нашрлари, теле ва радиоканаллар сони ошиб бормоқда.

Турли шакл ва кўринишдаги оммавий ахборот воситалари фикрлар хилма-хиллигини таъминлаш, жойларда йўл қўйилаётган камчилик ва муаммоларни дадил кўтариб чиқишда муҳим омилга айланиб бормоқда. Аҳоли билан тўғридан тўғри мулоқот қилиш, одамларни ўйлантираётган муаммоларга тезкор муносабат билдириш, турли мавзулар бўйича очиқ, холис ва танқидий фикр билан чиқишда катта имкониятлар пайдо бўлмоқда

Соҳада кечаётган ижобий ўзгаришлар халқаро майдонда сўз эркинлиги ҳолатини ўрганишга ихтисослашган халқаро ташкилотлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Ўзбекистон 2022 йил матбуот эркинлиги рейтингида 24 поғонага кўтарилиб, 133-ўринни эгаллагани ҳам шунга бир мисол.

Анвар Эминов Фото: Шахсий архивдан

Давлатимиз раҳбари сўз эркинлиги, давлат органларининг очиқлиги ва шаффофлиги давлат сиёсатининг устувор йўналишлари эканлигини таъкидлаб келмоқда. Чиндан ҳам, журналистларнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш демократик ислоҳотларимизга қарши ҳаракат, мамлакатимизнинг обрўсига путур етказиш сифатида баҳоланиши керак.

Афсуски, ҳозиргача юртимизда олиб борилаётган очиқлик сиёсати ва бугунги кун талабларини тушунишни ҳоҳламаган айрим давлат хизматчилари томонидан журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳолатлари учрамоқда.

Амалдаги конституциямизда оммавий ахборот воситалари эркинлиги, цензурага йўл қўйилмаслиги эътироф этилган. Айни пайтда ушбу нормалар ижроси ким томонидан ва қандай таъминланиши масаласи очиқ қолган.

Амалдаги Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекс ёки Жиноят кодексида ҳам сўз эркинлигини бузганлик, цензурага йўл қўйилганлик, журналист фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун тўғридан тўғри жавобгарликлар киритилмай қолган. Оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик, журналистга босим, таҳдид ва таъқиб қилиш ҳолатларига йўл қўйган шахсларга нисбатан фақат умумий тартибдаги жавобгарлик назарда тутилган. Албатта, бу моддалардаги таъсир чоралари бевосита журналист фаолиятига тегишли эмаслиги ҳам бу соҳадаги айрим салбий ҳолатларга сабаб бўлиб қолмоқда.

Шу сабабли ҳам Конституциявий ислоҳотлар жараёнида, хусусан умумхалқ муҳокамасида кенг жамоатчилик томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида оммавий ахборот воситалари фаолияти билан боғлиқ моддага тегишли қўшимчалар ва аниқликлар киритилмоқда.

Таклиф этилаётган қоидага кўра, оммавий ахборот воситаларининг эркин фаолият юритиши, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ахборотдан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари давлат томонидан кафолатланиши Асосий қонун даражасида белгиланиши кутилмоқда.

Албатта ўз ўрнида, Оммавий ахборот воситалари ҳам ўзлари тақдим этган ахборотнинг тўғрилиги учун жавобгардир.

Чунки бу соҳада ҳам айрим муаммоли масалалар кўриниб қолаётгани ҳеч кимга сир эмас. Сўз эркинлигини таъминлаш жараёнида бошқа фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, инсонларнинг шахсий ҳаёти ва қонун томонидан қўриқланадиган маълумотлари муҳофазасини кучайтириш, бировни асоссиз обрўсизлантириш, қадр-қимматини ерга уриш ҳолатларига йўл қўймаслик ҳам долзарб бўлиб қолмоқда.

Мазкур қоидаларнинг конституцияда белгиланиши оммавий ахборот воситалари ва журналистлар фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга, сўз эркинлиги ва журналист фаолияти ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилади.

Оммавий ахборот воситалари ва журналистларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Бир ҳақиқатни унутмаслигимиз керак, оммавий ахборот воситалари эркинлиги фуқароларнинг бошқа барча конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш учун ҳам зарурдир.

“ОАВ фаолиятига тўсқинлик қилиш мамлакат обрўсига путур етказиш сифатида баҳоланиши керак”

Бобур Алихонов, журналист:

Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йил Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларига йўллаган байрам табригида баъзи жойларда оммавий ахборот воситаси ходимларига менсимай қараш, уларнинг ўз ваколати доирасида эркин фаолият юритишига тўсқинлик қилиш ҳолатлари учраётгани ҳақидаги хабарларга тўхталиб, ОАВ ходимларининг ўз фаолиятини қонун доирасида эркин амалга оширишига тўсқинлик қилиш бу – демократик ислоҳотларимизга қарши ҳаракат, мамлакатимизнинг обрўсига путур етказиш сифатида баҳоланиши кераклигини таъкидлаганди.

Табрикда Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлиги доимо бош қонунимиз ва қонунларимиз ҳамда президент ҳимоясида бўлиши, суд ва прокуратура органлари бизга мутлақо ярашмайдиган бундай салбий ҳолатлар бўйича қатъий чоралар кўриши лозимлиги алоҳида қайд этилган.

Бобур Алихонов Фото: Kommersant.uz

Давлатимиз раҳбарининг очиқлик, адолат ва ошкораликка йўғрилган сиёсатини амалга оширишга камарбаста бўлган ОАВ ва журналистлар афсуски, баъзида ўз ишида тўсиқларга, турфа хил босимларга, ноқонуний аралашувларга дуч келмоқда. Бу эса кўплаб давлат органлари ва мансабдорлар ҳанузгача очиқлик сиёсатига кўника олишмаётгани билан боғлиқ.

Бир замонлар “цензура” деган балойи офатдан азият чеккан ҳамкасбларимиз эндиликда, сўз ва матбуот эркинлигини бўғишга уринаётган айрим корчалонларнинг тазйиқи-ю таъқибидан безиллаб, қўли ишга бормай қолмоқда.

Аммо энди ортга йўл йўқ, манзилимиз аниқ. Очиқлик ва ошкоралик мазасини тотган журналистлар ва оммавий ахборот воситаларини аввалгидей қолипга солиш, тизгинда ушлаб туриш бугун имконсиз. Қолаверса, президентнинг ўзи журналистларнинг ортида мен турибман деб турган бир пайтда ОАВ ва соҳа ходимларининг фаолиятига тўсқинлик қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!

Айни вақтда соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ва журналистларнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилиш, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, кучли жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш ҳам олдимизда турган муҳим вазифа ҳисобланади. Конституциянинг 67-моддасига киритилаётган ўзгартириш замирида ана шу мақсад мужассам деб биламан.

“Ўзбекистон очиқлик масаласида танлаган йўлидан чекинмайди”

Музаффар Жалолов, ИНҲА университети ректори:

– Сўнгги йилларда кўп давлатларда кузатилаётган ижобий ўзгаришлар рўй бераётган соҳалардан бири ахборот соҳасидир. Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар, блогерлик, колумнистика ривожланмоқда. Сўз эркинлигини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Буларнинг барчаси ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар конституциялари билан кафолатланган оммавий ахборот воситалари эркинлиги туфайлидир, албатта.

Хусусан, мамлакатимиз амалдаги конституциясида акс этган нормага кўра:

“Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгардирлар. Цензурага йўл қўйилмайди”.

Янги таҳририга қуйидагича қўшимча қўшиш таклиф этилмоқда:

“Давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ахборотдан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди.

Оммавий ахборот воситалари ва журналистларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Оммавий ахборот воситалари ўзлари тақдим этадиган ахборотнинг тўғрилиги учун жавобгардир”.

Музаффар Жалолов Фото: Kun.uz

Ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар оммавий ахборот воситалари фаолиятини амалга ошириш учун энг қулай шарт-шароитларни яратиш, давлат ва жамият ўртасида конструктив мулоқотни йўлга қўйишга қаратилган тегишли конституциявий асосларни шакллантириш мақсадида жорий этилмоқда.

Модданинг бундай таркибий тузилиши уни оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги ва мустақиллигини таъминлаш билан боғлиқ вазифа ва муаммоларни қулай тарзда ва самарали ҳал этиш, аниқроғи, ушбу вазифаларни муайян гуруҳларга тақсимлаш ва улар ўртасида мантиқий боғлиқликни ўрнатишга қаратилган.

Кези келганда ОАВ миллионлаб одамларнинг ҳаётига катта таъсир кўрсатади, чунки у энг нуфузли ижтимоий институтлардан бири эканини таъкидлаш жоиз. Шу нуқтаи назардан қараганда, эркин матбуот, энг аввало, жамият олдидаги мажбуриятларини чуқур онглайдиган, ахбороти доимо ҳақиқат ва воқеликка мос келиши керак бўлган тузилмадир.

Масаланинг шу жиҳатини теран англаган давлат раҳбари ОАВ ва журналистларнинг мамлакат ривожидаги ўрни ва аҳамиятини таъкидлаб келади. Жумладан, президент Шавкат Мирзиёев 24 февраль куни Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида унга ОАВ фаолиятини жиловлаш, чеклаш ҳақида кўп таклифлар бўлгани, лекин бундай қилмаслигини ишонч билан таъкидлади.

Конституцияга журналистик фаолиятга тўсқинлик учун жавобгарлик белгилаш, оммавий ахборот воситалари ходимларини қўллаб-қувватлашги кўзда тутадиган қўшимчалар киритилаётгани замирида ҳам Ўзбекистон очиқлик масаласида танлаган йўлидан чекинмаслиги ётибди.

Top