Ўзбекистон | 11:42 / 26.06.2021
7154
2 дақиқада ўқилади

Сенаторлар «Судлар тўғрисида»ги қонунни маъқуллади

Сенатнинг ўн олтинчи ялпи мажлисида “Судлар тўғрисида”ги қонун муҳокама марказида бўлди.

Қайд этилганидек, давлатда кучли суд ҳокимиятининг мавжудлиги инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини тўлиқ равишда таъминлашга қаратилган фуқаролик жамиятини ва демократияни барқарор ривожлантириш гаровидир. Бу мамлакатнинг барқарор иқтисодий тараққиётни ва инвестицияларни жалб этиш нуқтайи назаридан жозибадорлигини таъминлашдаги муҳим омилдир.

1993 йилда қабул қилинган “Судлар тўғрисида”ги амалдаги қонун мустақилликнинг дастлабки йилларида ишлаб чиқилган бўлиб, унда суд тизимидаги чуқур ўзгаришлар тўлиқ акс эттирилмаган ва у замон талабларига жавоб бермайди, дейилади маълумотда.

Қайд этилишича, президентнинг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш юзасидан янги таҳрирдаги “Судлар тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилган.

Янги таҳрирдаги қонун билан одил судловнинг асосий принциплари ва суд ҳужжатларини қайта кўриш тартиби такомиллаштирилмоқда, судьяларнинг мақоми, уларнинг мустақиллиги кафолатлари кучайтирилмоқда, судьялик лавозимига номзодлар ва сайланадиган шахсларга нисбатан қўйиладиган талаблар халқаро стандартларга мослаштирилмоқда, судьяларнинг интизомий жавобгарлиги қайта кўриб чиқилмоқда, судьялар ваколатларини тўхтатиб туриш, шунингдек, тугатиш асослари ва тартиби аниқлаштирилмоқда ҳамда судьяларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланмоқда.

Сенаторлар томонидан ушбу қонун маъқулланди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид