Ўзбекистон | 19:12 / 05.04.2026
3327
2 дақиқада ўқилади

Ариқ ва ирригация тизимларини кўмиб ташлаганлар жаримага тортилади

Аҳоли пунктларидаги ариқларни, ирригация тизимларини кўмиб ташлаш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан 3 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Фото: iStock

Айрим қонун ҳужжатларига атроф-муҳит, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг муҳофазасини кучайтиришга, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 74-моддаси (сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини бузиш) тўлдирилиб, аҳоли пунктларидаги ва туман (шаҳар) марказларидаги ариқларни, ирригация тизимларини кўмиб ташлаш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан 3 бараваригача (412 минг сўмдан 1 млн 236 минг сўмгача), мансабдор шахсларга эса — 5 бараваридан 10 бараваригача (2 млн 60 минг сўмдан 4 млн 120 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди.

Сунъий сув оқимлари (очиқ ва ёпиқ каналлар, коллектор-дренаж тармоқлари), сув ҳавзалари (сув омборлари, сел сувлари тўпланадиган жойлар, ҳовузлар ва бошқалар) ҳамда бошқа сунъий сув объектларидан олинадиган сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини бузиш, яъни сувдан хўжасизларча фойдаланиш, сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи гидротехника ишларини ва бошқа ишларни ўзбошимчалик билан бажариш, сув объектларидан белгиланган сув олиш лимитлари, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли режаларини бузганлик учун жарима миқдори оширилади.

Амалда фуқароларга БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача, мансабдор шахсларга 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлса, эндиликда бу миқдор фуқароларга БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача (1 млн 236 минг сўмдан 2 млн 60 минг сўмгача), мансабдор шахсларга эса 7 бараваридан 10 бараваригача (2 млн 884 минг сўмдан 4 млн 120 минг сўмгача) бўлади.

Юқоридаги ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан 7 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 10 бараваридан 20 бараваригача (8 млн 240 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Қонун 28 июндан кучга киради.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид