Ўзбекистон | 15:26 / 12.12.2018
16411
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда яна бир кўкрак нишони таъсис этилади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси билан “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш аълочиси” кўкрак нишони таъсис этилиши мумкин.

“Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш аълочиси” кўкрак нишони тўғрисидаги низомга кўра, кўкрак нишони билан мамлакат аҳолисининг уй-жой шароитларини яхшилаш, муҳандислик коммуникацияларини ўз вақтида сифатли қуриш ва таъмирлаш, уларнинг атрофидаги ҳудудларни ободонлаштириш, уй-жой коммунал хизматлар кўрсатиш ташкилотларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ишларида юқори натижаларни қўлга киритган, соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган фуқаролар тақдирланади.

Кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.

Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, ичимлик суви ва иссиқлик таъминоти корхоналари ҳамда уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги бошқа ташкилотлар ходимларини кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифлар тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, вилоятлар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармасига ҳар йили 
25 январгача тақдим этилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, вилоятлар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси номзодлар бўйича таклифларни белгиланган тартибда кўриб чиқади ҳамда ҳар йили 25 февралгача Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига тақдим этади.

Вазирликка тўғридан-тўғри бўйсунувчи ташкилотлар ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш йўналишида фаолият юритаётган ўз ходимларини кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни ҳар йили 25 февралгача вазирликка тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири томонидан кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш бўйича Комиссия ташкил этилади. 

Комиссия йиғилишида номзодлар бўйича ҳужжатлар ўрганилиб, ҳар йили 1 апрелгача энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги буйруғи ҳар йили 15 апрелгача қабул қилинади.

Кўкрак нишони ҳар йили 18 апрель – Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари куни арафасида Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири (ёки унинг топшириғига биноан бошқа масъул шахслар) томонидан тантанали вазиятда топширилади.

Кўкрак нишони билан мукофотланган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти олади.

Бир йўла тўланадиган пул мукофотлари вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан топширилади. Бир шахс кўкрак нишони билан бир марта мукофотланади. Кўкрак нишони давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда янги кўкрак нишони таъсис этилгани хабар қилинганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид