Light | 17:49 / 18.06.2018
79930
4 дақиқада ўқилади

Энг машаққатли ва хавфли 10 касб

Дунёда шундай касблар борки, улар ҳаёт қадри ҳақида ўйлашга мажбур қилади. Бундай касблар ҳаёт учун таҳдид солувчи хавфли касблардир. "Best top 10" маълумотларига кўра, қуйидагилар энг машаққатли ва хавфли касблар ҳисобланади:

1. Кончилар

Фото: Pixabay

Кончи касби дунёдаги энг хавфли касблардан бири ҳисобланади. Кондаги фаолият йилига минглаб кишилар ҳаётига зомин бўлади. Метан портлаши, тоғ жинсларининг кўчиши, чекланган шароитлар ва ҳавонинг минимал даражада бўлиши, тонналаб тоғ жинслари остида эканингизни ҳис қилиш - буларнинг бари билан ҳар бир дақиқа охиргиси бўлиши мумкинлиги ҳеч гап эмас.

2. Саперлар

Фото: РИА "Новости"

Сапер ёки портловчи предметларни зарарсизлантириш бўйича мутахассис ҳам дунёдаги энг хавфли касблар рўйхатида етакчи ўринларни эгаллайди. Бундай одамлар айниқса жанговор ҳаракатлар ўтказилувчи жойларда талабгор, юзлаб кишилар ҳаёти уларнинг хатти-ҳаракатларига боғлиқ. "Сапер фақат бир марта адашади, бу касбда иккинчи имкон бўлмайди", деб бекорга айтишмайди.

3. Ўрмончилар

Фото: Pixabay

Ушбу касб ҳаққоний равишда дунёнинг энг хавфли касбларидан бири ҳисобланади. Ўрмончилар бир неча тонналик дарахтлар қулашидан, уларни саралаш жараёнида қўлланувчи ускуналардан ҳам ҳалок бўлади. Оғир меҳнат кўпинча жиддий касалликларга сабаб бўлади ва баъзан ногиронликни келтириб чиқаради.

4. Электрчилар

Фото: Pixabay

Статистиканинг гувоҳлик беришича, 100 минг ишчига охир-оқибат ўлим билан туговчи 33 бахтсиз ҳодиса тўғри келар экан, бу эса жуда юқори кўрсаткич. Энг қийин ишлар юқори вольтли электр ўтказгич линиялари монтажи ва таъмири билан шуғулланувчилар зиммасида, чунки бу хавфлардан ташқари, электрчилар аксарият ҳолатларда баландликда ишлашади.

5. Полициячилар

Фото: Pixabay

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ишчилари, полициячилар ва ҳарбий хизматчилар кўпинча бошқаларни қутқариб, ўз ҳаётларини хавф остига қўйишади. Ҳарбийлар, полициячилар, махсус кучлар хизматчилари минглаб кишиларнинг ҳаётини сақлаб қолиб, ўзлариникини хавф остига қўйишади ва бу улар учун қаҳрамонлик эмас, тўғридан-тўғри бурчдир.

6. Балиқчилар

Фото: Pixabay

Ажабланманг! Статистикага кўра, балиқчилик билан шуғулланувчи ҳар 100 минг кишига 117 ўлим ҳолати тўғри келар экан. Бу машғулотда бахтсиз ҳодисалар - оддий ҳолат.

7. Учувчилар

Фото: Pixabay

Учувчилар ўз саломатлиги ва ҳаётини хавф остига қўйиб, самолёт бортидаги юзлаб йўловчилар ҳаёти учун жавобгарликни ўз зиммаларига олишади. Фалокат юз берган тақдирда омон қолиш имкони минимал бўлгани боис учувчи касби хавфли ҳисобланади.

8. Бурғуловчилар

Фото: CNBC

Ушбу касб вакиллари юқори ҳароратда осон ёнувчи моддалар билан ишлашга мажбур. Айнан шунинг учун бурғуловчи касби дунёдаги энг хавфли касблар ўнлигидан жой олган. 

9. Ўт ўчирувчилар

Фото: Pixabay

Ўт ўчирувчи –  дунёдаги энг хавфли касблардан бири. Бу касб вакиллари оғир жисмоний ва руҳий босим шароитларида ишлашади, бошқа одамлар ҳаёти уларга боғлиқ бўлади. Ўт ўчирувчиларнинг аксарияти ўткир респиратор касалликлардан азият чекади.

10. Юк машиналари ҳайдовчилари

Фото: Pixabay

Бу иш фаолиятида кўплаб ёқимсиз вазиятларга дуч келувчи одамлардир. Улар куну тун катта масофаларни босиб ўтишларига тўғри келади. Шу билан бирга, юк машиналари ҳайдовчилари ташилаётган юк учун ҳам масъулдирлар. Боз устига, ЙТҲ хавфи ҳақида ҳам унутмаслик керак.

Мавзуга оид