01:50 / 28.10.2018
303420

Сувда турган кишилар. Оққўрғонда нималар бўлганди?

27 октябрь ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари блокнот тутган олти кишининг ариқ сувида донг қотган ҳолати тасвирланган суратни муҳокама қилишди. Kun.uz мухбирлари суриштируви давомида ушбу ҳолат Тошкент вилояти Оққўрғон тумани, “Абдуносир Ғулом” фермер хўжалиги майдонида юз бергани аниқланди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Kun.uzʼга етиб келган ахборотга кўра, ариқ сувига оёқ тиққан кишилар Оққўрғон тумани ҳокимининг қишлоқ хўжалик ишлари бўйича ўринбосари — Шерзод Муродов, Туман сув хўжалиги бошлиғи — Тоҳир Мирзакаримов, туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи — Шароф Аҳмедов, “Озод” МФЙнинг оқсоқоли — Зокир Мусабеков, “Мавлонбой ота” фермер хўжалигини раҳбари — Аброр Мавлонов, “Абдуносир” фермер хўжалиги раҳбари (исми Носир) бўлиб чиқди.

Маълум қилинишича, раҳбарлар ғаллани ўз вақтида суғормаган масъул ва фермерларни шу кўринишда жазолаган. Ушбу маълумотни аниқлаштириш мақсадида 27 октябрь куни кечки маҳал Оққўрғон туманига йўл олдик. Ҳокимлик биноси одамлар билан гавжум бўлиб турганидан англадикки, йиғилиш энди якунига етган. Шу заҳоти, туман ҳокими Фарҳод Омонов бизни қарши олиб, воқеанинг тафсилотларини айтишга тушиб кетди.

Оққўрғон туман ҳокими Фарҳод Омонов

“Ғалла экиш бўйича туман ҳокими ўринбосари (Шерзод Муродов - таҳр.) борганда, қилинган ишларнинг барчасини таҳлил қилмоқчи бўлган. Икки нафар фермер хўжаликлари раҳбарлари, ўзининг (қўл остидаги) ходимлари, сув хўжалиги бошлиғи билан биргаликда бўлган. Ғалла экилгандан кейин, сув қўйилиши керак. Лекин, ғалла экилган жойда сув қўйилмаган, ёнидаги ариқда эса сув оқиб ётибди.“Мана сув бор-ку! Нега сув қўймайсан?”, деган пайти, сувга ўзи тушиб кетган. “Мана — сув! Бу ёққа кел, сен ҳам сувни кўргин”, деб туриб, қолганларни ҳам сувга...”, дейди у.

Омоновнинг айтишича, туман ҳокими ўринбосари Шерзод Муродов ушбу текширувга раҳбарлик қилган ва “ғаллага бўлган талабини кўрсатмоқчи бўлган”.

“Ғаллани биринчигача (1 ноябрь - таҳр.) экиб бўлишимиз керак. Бу пайтда суғориб, чиқариб юбориш керак. Шунга, талаб сал кучайтирилган. Нотўғри қилган. Шунинг учун, биз буни муҳокама қилдик. Ўзидан тушунтириш хатини олдик. Бундан ташқари, энг кам иш ҳақининг 5 бараварида маъмурий жазога тортилди. Бу воқеа ўтган куни, тушдан сўнг бўлганди”, дейди туман ҳокими Фарҳод Омонов.

Видео: Tas-IX

Видео: YouTube

27 октябрь куни ижтимоий тармоқ саҳифаларини ларзага келтирган сурат бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги “қаҳрамонлар”ни ва ўша воқеа юз берган ҳудудни аниқлашда жамоатчиликдан ёрдам сўраб, мурожаат қилишга улгурганди. Оққўрғон туман ҳокимига кўра, тегишли ахборот аллақачон вазирликка тақдим этилган. Аммо, вазирлик расмий вакили 27 октябрь соат 18.00га қадар аниқ маълумот йўқлигини билдириб, Kun.uz мухбири билан суҳбатда суриштирув давом этаётганини айтганди.

Бундан ташқари, ҳоким текширув пайти “республикадан ҳеч ким бўлмаган”ини тасдиқлади. Бу гапнинг тескариси, яъни ўша куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Зойир Мирзаев Оққўрғонда, сувга ботган олтовлондан сал нарида бўлгани ҳақида туман ҳокими ўринбосари Шерзод Муродов айтиб берди.

Оққўрғон туман ҳокими ўринбосари Шерзод Муродов

Муродовга кўра, воқеа сал бошқача юз берган, яъни у ғаллага сув қўйилмаганини аниқлаган ва жаҳл устида оёқ кийим билан сувга тушган.

“Мана сув бор-ку, деб, жаҳл устида сувга тушдим. [...]Фермерга сувни кўрсатмоқчи эдим. Мен уларни сувга туширмадим. Уларнинг ўзи тушди. “Ариқда сув йўқ”, дейилганди. “Мана бор”, деб тушгандим, улар ҳам эргашиб тушди. (!) Сувда кўп турмадик, бир дақиқа атрофида бўлдик”, дея бошқа манзарани кўрсатди Шерзод Муродов.

Сувга “ўзи англаган ҳолда тушган” ҳоким ўринбосари нега атрофдагилар, хусусан ўзининг қўли боғлиқ турганига изоҳ бермади. Унинг айтишича, “туриш - шунақа”. Рўпарада эса раҳбарлар бўлган, дея тасдиқлайди у.

“Улар бизга терс қараб турганди, 20-30 метр узоқроқда эди. Улар орасида Бош вазир ўринбосари, вилоят прокурори ўринбосари, вилоят ҳокими ўринбосари бўлган. Улар буни кўрмади”.

Муродовнинг таъкидлашича, унга нисбатан маъмурий жазо қўлланилган. Буни ҳоким ҳам айтганди, фақат Муродов жазони бошқа иши учун “олгани” ҳақида айтиб қолди.

“Энг кам иш ҳақининг 5 баравари миқдоридаги жаримани мен, туман қишлоқ хўжалиги ҳам туман сув хўжалиги бошлиғи тўлади. Далага сув қўйилмаганди, қишлоқ хўжалиги комплекси раҳбари сифатида назорат қилмагандим. Шунинг учун, маъмурий жазо тайинланди”, дейди у.

Кўриш мумкинки, ариқ сувида турганлар яқин масофадан туриб суратга олинган. Шунга қарамай, Муродов у ерда ким турганини эслолмади, билмайди. Хуллас, бу воқеа ҳақида янада кўпроқ гапириб бериши мумкин бўлган маҳалла оқсоқоли, фермерларни қидиришимиз бесамар якунланди.

Воқеалар ривожи бироз бузилгандек. Боз устига, мантиқ йўқдек туюлди. Оққўрғон туманидан қайтар эканмиз, сурат ортида яширинган ҳақиқат биздан беркинаётгандек туюлаверди. Сувга «ўзи англаган ҳолда тушган» ҳоким ўринбосари Шерзод Муродов бу воқеа катта раҳбарлар гувоҳлигида бўлганига ишора қилмоқда. Ўзбекистон ҳукуматида қишлоқ хўжалигидаги ишларга асосий масъул шахслар Қишлоқ хўжалиги вазири Баҳодир Юсупов ҳамда собиқ қишлоқ хўжалиги вазири, айни вақтда бош вазир ўринбосари, Вазирлар Маҳкамасида Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари масалалари ахборот-таҳлил департаменти раҳбари Зойир Тойирович Мирзаев ҳисобланади. Шерзод Муродов ўз изоҳида воқеа жойида айнан Мирзаев ҳам бўлганини айтмоқда.

Умид қиламизки, кенг муҳокама сабаб бўлган сурат юзасидан расман изоҳ берилиб, масалага ойдинлик киритилади.

Алишер Рўзиохунов

Хуршид Далиев

Top