Жамият | 18:27 / 06.10.2018
39405
7 дақиқада ўқилади

Гурлан туманида 11 жон 2 хонали уйда яшамоқда - уларга уй-жой бериладими?

KUN.UZ таҳририятига Хоразм вилояти, Гурлан туманида истиқомат қилувчи Матяқубовлар оиласидан мурожаат тушди. Унда 11 жон 2 хонали уйда қийналиб яшаётгани, уй-жой олиш бўйича қилинган барча ҳаракатлар зое кетгани ёзилган эди.

Вазиятни ўрганиш учун Гурлан тумани марказига бордик. Оиланинг яшаш шароити, аҳволи билан танишдик.

78 ёшли Машарип ака Матяқубов фарзандлари ва набиралари билан Гурлан шаҳарчаси, Паҳлавон Маҳмуд кўчаси 116-уй, 1-хонадонда истиқомат қиляпти.

Айни пайтда 2 хонали хонадонда учта оила, жами 11 жон яшаётганини гувоҳи бўлдик. Машарип ака ва унинг хотини Шукуржон опадан ташқари, уйда уларнинг икки ўғли ва икки келини, шунингдек, кичик ўғли ва қизи билан набиралари истиқомат қилишмоқда.

Машарип аканинг сўзларига кўра, оила 2 йилдан бери Гурлан тумани ҳокимиятига уй-жой масаласида мурожаат қилмоқда, бироқ ҳеч қандай натижа бўлмаяпти.

«30 йил давомида коммунал хўжалиги идорасида ишлаб, нафақага чиқдим. Мана ҳозир фарзандларим, келинларим, набираларим билан тор уйда яшаяпмиз. 2018 йил январь ойида маҳалла қўмитасида йиғилиш ўтказиб, уй-жой ажратилсин деган тавсиянома берилди. Уларнинг орасида биз ҳам бор эдик. Аммо кейинчалик, бу иш тўхтаб қолди. Сабаби, уй-жой қандайдир балл тизими орқали ажратилар экан.

Хоразм вилояти ҳокимининг Чинобод посёлкасида ўтказилган қабулида қатнашиб, ундан шахсан илтимос қилган эдим. У уч кун ичида комиссия билан ўрганиб, муаммо ҳал қилиниши ҳақида топшириқ берди, аммо мана ҳозиргача аҳвол ўзгармади.

Ўғил набираларим билан бир хонада ётамиз. Бундан ташқари, икки келиним ҳам бор. Кампирим эса касал, ўрнидан туролмайди. Мана коридорда ётибди. Икки хонали хонадондаги аҳвол мана шундай», - деди Машарип ака.

Машарип аканинг 70 ёшли турмуш ўртоғи Шукуржон опа хасталиги боис, ўрнидан туролмайди ва уйнинг коридорида ётишга мажбур.

«Ўрнимдан туролмайман, кўчага чиқолмайман. Мана шу коридордаги жойимда ётаман, шу ерда ўтираман, шу ерда ухлайман. Бу аҳволимдан келинларим, набираларим олдида жуда номус қиламан. Келинларим яхши, ҳаммаси менга қараб, хизмат қилиб турибди. Аммо мана шу жойимга михланиб қолганман. 

Мана, 25 ёшли набирамни уйлантиролмай турибмиз. Унинг тенгқурлари бола-чақали бўлиб кетишди. Кўзимнинг очиқлигида шунинг бахтини кўришни, келиннинг хизматини олишни истайман. Бироқ келинни қаерга тушираман? Яшаш шароитимиз бундай бўлса, бу ерда ҳатто бир меҳмон кутиш амримаҳол бўлиб қолган», - деди Шукуржон опа кўзига ёш олиб.

2018 йил январь ойида маҳалла қўмитаси Матяқубовлар оиласи шароитини ўрганиб чиқиб, уни арзон уй-жой олиш дастурига киритиш ҳақида Гурлан тумани ҳокимиятига тавсиянома беради. Бироқ кейинчалик вазият тубдан ўзгарди ва уй-жой маҳалла қўмитаси тавсиясига кўра эмас, балки янги низом бўйича ажратиладиган бўлди.

2018 йил 9 февралда «Ариза берувчи - уй қурувчининг 2017-2021 йилларда қишлоқ жойларида янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастурида иштирок этиш тартиби тўғрисида» низом қабул қилинди.

Низомга кўра, уй-жой олишга ариза берувчининг аҳволи ижтимоий мезонлар асосида баҳоланади. Ариза берувчи ҳар бир мезон бўйича балл тўплайди. Якунда барча ариза берувчилар ичида энг юқори балл тўплаганлар танлаб олинади ва уларга уй-жой ажратилади. Ижтимоий мезон асосида кўпи билан 60 балл тўплаш мумкин.

Матяқубовлар оиласи номидан арзон уй-жой олиш учун Машарип аканинг ўғли Шерипбой ариза берган. Якунда унинг аризаси ижтимоий мезонлар асосида 16 балл тўплаган холос. Аризаларни ўрганиб чиқувчи комиссия хулосасига асосан, камида 44 балл тўплаган аризагўйларга уй-жой билан таъминланиши тўғрисида қарор чиққан.

Шерипбой Матяқубовнинг аризаси ижтимоий мезонларнинг 2 ва 6-бандлари бўйича балл тўплаган, яъни бир кишига тўғри келадиган турар жойнинг умумий майдони 16 кв.м.дан кам бўлгани учун 10 балл, эгасининг рухсати билан текин турар жойда яшаётгани учун 6 баллга эга бўлган.

1-банд бўйича Шерипбой Матяқубов оиласи даромади аниқланмагани учун 0 балл, 3-банд бўйича оилада касал ва ногиронлар йўқлиги боис 0 балл, 4-банд бўйича гендер мезонига тўғри келмагани учун 0 балл, 5-банд бўйича ариза берувчи ишсиз экани туфайли 0 балл олган.

Бироқ ҳисоб-китобимизга кўра, Шерипбой Матяқубов оиласининг аризаси камида 46 балл тўплаши мумкин эди. Бунинг учун Шерипбой аканинг ўзи эмас, балки турмуш ўртоғи Зулфия Матяқубова ариза топшириши кифоя эди. Шу ҳолатда оиланинг аризаси 46-56 оралиғида балл тўплаб, уй-жой олиш имкониятига эга бўлар эди.

Агар Зулфия Матяқубова ариза топширганида, якка тартибдаги тадбиркор сифатида 1-банд бўйича даромади ҳақида маълумотнома тақдим қилиб, 10 балл тўплаши, 2-банд бўйича турар жойнинг умумий майдони 16 кв.м.дан кам бўлгани учун 10 балл, 3-банд бўйича қайнонаси Шукуржон Матяқубованинг хасталиги учун 10 балл, 4-банд бўйича аризагўйнинг аёл киши экани учун 10 балл, 5-банд бўйича аризагўйнинг тадбиркор экани учун 10 балл, 6-банд бўйича эгасининг рухсати билан текин турар жойда яшаётгани учун 6 баллга эга бўлар эди.

Афсуски, мана шундай имконият мавжудлиги ҳақида оилага, аризагўй Шерипбой Матяқубовга ҳеч қандай тушунтириш берилмаган. Бошқача айтганда, унинг яшаш шароити оғирлигига, ҳақиқатан ҳам янги уй-жойга муҳтож бўлиб турганига бефарқлик қилинган.

Матяқубовлар оиласи 2 йилдан бери уй-жой олиш мақсадида ҳаракат қилмоқда. Уларнинг яшаш шароити оғир экани ҳақида маҳалла қўмитаси Гурлан тумани ҳокимиятини хабардор қилган. Турли мутасадди ташкилотлар келиб, оиланинг яшаш шароитини, аҳволини ўрганган, фотосуратга олган. Аммо иш бир қадам бўлса-да олдинга силжимаган, муаммо ҳануз ҳал этилмаган.

Шерипбой Матяқубовнинг аризаси ижтимоий мезонлар асосида жуда паст балл олди. Аммо унга тушунтириш, ёрдам бериш, муаммосини ҳал қилиш учун имконият бор эди. Шунчаки, оиланинг аҳволи, шароити озгина эътибор билан ўрганилса кифоя эди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар нафақат моддий ёрдамга, балки маънавий, хусусан ҳуқуқий ёрдамга ҳам муҳтож бўлиши мумкинлигини эътиборга олиш лозим. Давлат томонидан қабул қилинган турли низомлар, меъёрий ҳужжатларни, ундаги талабларни ҳамма ҳам тушуниб, тагига етолмаслиги табиий ҳол. Матяқубовлар оиласи билан худди шундай ҳолат юз берган. Бу борада уларга ёрдам қўлини чўзадиган, муаммосини ҳал қиладиган одам топилмаган. Ваҳоланки, уларда янги уй-жойли бўлиш имконияти жуда яхши эди.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид