Хоразмда ЙПХнинг 2 нафар ходими машинасини бошқарган ҳолда телефондан фойдаланган ҳайдовчига тўхташ ишорасини берган. Бироқ ҳайдовчи тўхтамасдан қочишга ҳаракат қилган. ЙПХ ходимлари эса шахсий машинада унинг ортидан қувишган. Ходимларнинг таъқибидан катта тезликда қочган ҳайдовчи хавфли бурилишда қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб, ВАЗ-2106 билан тўқнашган, ундаги 5 киши ҳалок бўлган. Ходимлар воқеа жойидан кетиб қолишган.

Хоразмда 5 кишининг ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчи ва ЙПХнинг 2 нафар ходими жиноий жазога тортилди.

Kun.uz танишган суд ҳужжатида келтирилишича, 2024 йил 27 сентябр куни соат 18:00 ларда Шаҳзод Шамуратов (2005 йилда Хива туманида туғилган) ўзининг Cоbаlt машинасини 4Р-163 «Боғот-Янгиариқ-Хива» автомобил йўли бўйлаб бошқариб бораётиб, йўлнинг қарама-қарши йўналишига чиққан ҳолда уяли телефонидан фойдаланган.

Буни кўрган Хоразм вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ саф бўлинмалари йўл-патрул хизмати баталёни 2-сафарбарлик гуруҳи йўл-патрул хизмати инспектори Дониёр Машарипов ҳайдовчига тўхташ ишорасини берган. Бироқ ҳайдовчи ЙПХ ходимининг қонуний талабига бўйсунмасдан ҳаракатланиб кетган.

Шунда Дониёр Машарипов ва у билан бирга хизмат олиб бораётган Руслан Матёқубов Onix русумли шахсий автомобилда ҳайдовчини қувлашга тушган. Уларнинг таъқибидан қочиб бораётган ҳайдовчи бошқарувни йўқотган ва йўлнинг қарама-қарши йўналишига чиқиб кетиб, ВАЗ-2106 машинаси билан тўқнашган.

ЙТҲ оқибатида ВАЗ-2106 машинасида бўлган 1954 йилда туғилган Р.К. воқеа жойида, 1957 йилда туғилган З.В., 2004 йилда туғилган ҳомиладор О.О. 2014 йилда туғилган И.О. ҳамда 2020 йилда туғилган Э.Қ. шифохонада вафот этган. 2009 йилда туғилган Б.О. эса оғир тан жароҳати олган. Вафот этганларнинг барчаси бир оила вакиллари бўлишган.

Ҳолатни кўрган ЙПХ ходимлари Руслан Матёқубов ва Дониёр Машарипов биринчи ёрдам кўрсатиш ўрнига воқеа жойидан қочиб кетишган.

Шаҳзод Шамуратов судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирган.

«ЙПХ ходимининг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан Хива тумани томонга қараб ҳаракатланиб қоча бошладим. Шу пайти орқамдан қора рангли Onix машинаси қувиб етиб келди. Унда 2 нафар ЙПХ ходими ўтирганини кўрдим. Шундан кейин тезликни ошириб, олдимдаги светофорнинг қизил чироғида ҳам тўхтамасдан ўтдим. ЙПХ ходимлари ҳам светофорнинг қизил чироғида ўтиб, сигнал чалиб, машинанинг олд чироқларини ёқиб-ўчирган ҳолда қувиб келишди. 110-120 км/соат тезликда ҳаракатланган бўлсам-да, улар мени 50-100 метр масофада яқин келиб, қувишди.