Ўзбекистон | 19:05 / 25.12.2020
26387
2 дақиқада ўқилади

Талабалар учун Президент гранти жорий этилади

2021 йилдан олий ўқув юртларида 200 нафар талаба учун Президент гранти жорий этилади. Бу грант маблағлари ўқиш даври охиригача - 4 йил давомида тўлаб берилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги ёшлар форумидаги чиқиши вақтида маълум қилди.

Фото: KUN.UZ

«Ўрни келганда, сизларга яна бир муҳим янгиликни айтиб ўтмоқчиман. Кейинги йилдан олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёш учун Президент гранти жорий этилади. Агар мавжуд Президент стипендияси фақат бир ўқув йили учун мўлжалланган бўлса, ушбу грант маблағлари тўрт йил давомида тўлаб борилади», деган давлат раҳбари.

Шунингдек, келгуси ўқув йилидан бошлаб республикадаги хорижий олий ўқув юртларининг бакалавриат босқичи талабалари учун ҳам Президент ва давлат стипендиялари жорий этилади.

«Чунки бундай таълим масканларида ўқиётган ёшлар ҳам ўзимизнинг фарзандларимиз. Улар эртага юртимиз тараққиёти учун хизмат қилади. Шундай экан, уларга ғамхўрлик қилиб, истеъдодини рағбатлантирсак, ўйлайманки, адолатдан бўлади.

Илм йўлини танлаган иқтидорли ёшларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида кейинги йилдан бошлаб магистратура ва докторантура босқичлари учун Президент стипендияси квотасини икки баробарга оширамиз. Ишончим комилки, бундай имконият ва имтиёзларга аввало янги Ренессанс пойдеворининг бунёдкорлари сазовор бўлади», – дея таъкидлади давлат раҳбари.

Мавзуга оид