Жаҳон | 13:21 / 29.05.2024
5801
9 дақиқада ўқилади

Рафаҳ марказидаги танклар, Украинада тинчлик саммитига тайёргарлик ва Гуржистонда четлаб ўтилган президент ветоси — кун дайжести

Жаҳонда ўтган кун давомида рўй берган энг асосий воқеалар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда танишинг.

Ғазодаги вазият

Исроил танклари Рафаҳ марказига кириб борган ва шаҳар ғарбидаги эвакуация зонасига зарба бергани таъкидланмоқда. Оқибатда 21 киши ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Бу — Исроил авиациясининг якшанба тунидаги даҳшатли зарбасидан кейинги илк ҳодиса, деб хабар берди Reuters.

ҲАМАС соғлиқни сақлаш идорасининг хабар қилишича, ҳалок бўлганларнинг 12 нафари аёллар. Исроил армияси масъулига кўра, Исроил томони ҳодиса ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмас.

Гувоҳларнинг айтишича, Рафаҳ марказидаги шаҳарнинг диққатга сазовор жойи Ал-Авда масжиди яқинида пулемётлар ўрнатилган танклар ва зирҳли техникалар кўзга ташланган. Исроил ҳарбийлари ўз кучларининг Рафаҳ ҳудудида операцияни давом эттираётганини айтган, аммо шаҳар марказига ўтганлар ҳақида изоҳ бермаган.

Сешанба кунги ҳужум Исроил томонидан кенгайтирилган ҳуманитар майдон сифатида белгиланган ҳудудда содир бўлди. Исроил май ойи бошида ҳужум бошлаганида Рафаҳдаги тинч аҳолини у ердан эвакуация қилинишга чақирган эди.

Исроил уч ҳафта олдин Миср билан Рафаҳ чегара пункти назоратини қўлга киритиш орқали ўз босқинини бошлади. Шу сабабли танклар чекка ҳудудларни кузатиб, баъзи шарқий туманларга кирган, бироқ шаҳарга ҳали тўлиқ куч билан кириб келмаган эди.

Исроилнинг уч ҳафтадан буён Рафаҳ ҳудудида давом этаётган операцияси халқаро ҳамжамиятда норозилик уйғотмоқда. Бу норозилик, айниқса, якшанба куни 45 кишининг ҳаётига зомин бўлган ҳужумдан кейин кескин кучайди.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳам қочоқлар лагерида ёнғин келтириб чиқарган ва камида 45 киши ҳалок бўлишига олиб келган зарбани тан олди.

Исроил парламентида чиқиш қилган Нетаняҳу Рафаҳга ракета зарбаси берилаётганда «аянчли хатога йўл қўйилгани»ни тан олди. У айнан қандай хато экани ҳақида гапирмади, лекин ҳолат текширилаётганини айтди.

«Тинч аҳоли вакилларига зарар етказмаслик бўйича қилаётган ишларимизга қарамай, кеча тунда аянчли хато содир бўлди. Ҳолатни текширамиз ва хулоса қиламиз. Бизнинг сиёсатимиз шунақа», деди Нетаняҳу.

Сешанба куни Исроилнинг Рафаҳга ажалвор зарбасидан кейин БМТ хавфсизлик кенгаши фавқулодда йиғилиш ўтказди. Ёпиқ эшиклар ортидаги учрашувни хавфсизлик кенгашининг вақтинча аъзоси Жазоир чақиртирган.

Қайд этиб ўтиш керак, Исроилнинг Ғазодаги зулми сабаб Фаластинни 1967 йилги чегараларда мустақил давлат сифатида тан олишини эълон қилган Испания, Ирландия ва Норвегиянинг қарорлари расман кучга кирди. Яқин муддатларда Словения ва Малта ҳам шу қарорга келиши кутилмоқда. Бироқ Дания парламентига шу масала киритилганида, депутатлар бунга қарши овоз беришган.

Украинадаги вазият

Украина шу йилнинг ўзида Белгияда музлатилган Россия активларидан 1,7 млрд евро даромадларни қўлга киритиши мумкин. Бу ҳақда Белгияга хавфсизлик кафолатлари тўғрисида битимни имзолаш учун борган Украина президенти Володимир Зеленский маълум қилган.

Ўтган йилнинг октябр ойида Белгия ҳукумати раҳбари Александер де Кроо мамлакатда Украинани қўллаб-қувватлаш учун махсус фонд тузилгани ва у Белгияда музлатилган Россия активларидан олинадиган солиқлар ҳисобига тўлдириб борилишини эълон қилган эди.

Швейцарияда июн ойи ўрталарида ўтказиладиган Украинада тинчлик бўйича халқаро саммитда 70 дан зиёд давлатлар иштирок этишини маълум қилган. Зеленский Жо Байден ва Хитой раҳбари Си Жинпинг ҳам иштирок этишидан умидворлигини билдирган.

Жо Байден саммитга келмаслиги мумкинлиги тўғрисида хабарлар пайдо бўлаётганига реакция билдирар экан, Зеленский агар шундай бўладиган бўлса Путин тик туриб қарсак чалишини таъкидлаган.

Саммит Европа Иттифоқи томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда.

«Бу саммитнинг мақсади биз учун жуда муҳим, чунки биз уни бўлажак тинчлик жараёнлари учун илҳомланиш манбаси сифатида кўрмоқдамиз. Европа Иттифоқи тадбир бутун дунёдаги ҳамкорларимиз билан имкон қадар кенгроқ вакиллар иштирокида ўтказилишини таъминлаш учун саъй-ҳаракат қилмоқдамиз. 70 дан ортиқ давлат саммитда қатнашиш мажбуриятини ўз зиммасига олиб бўлган», — деган Европа Кенгаши Комиссияси матбуот котиби Петер Стано.

Путиннинг Европага таҳдиди

Россия президенти НАТО Бош котиби Йенс Столтенбергнинг Украина томонидан ғарб қуролларини Россия ҳудудида жойлашган нишонларга қарши ишлатишга тақиқ олиб ташланиши ҳақидаги сўзларига изоҳ билдирди.

«Столтенберг гарчи оддий фуқаро бўлса ҳам ҳарбий-сиёсий ташкилотни бошқараётган инсон сифатида узоқ масофаларга уча оладиган юқори аниқликдаги қуроллардан космик разведка воситаларисиз фойдаланиб бўлмаслигини билиши керак», — деган Путин.

Россия президентига кўра, 500 км олисдаги нишонларни ура оладиган Storm Shadow зарбдор тизимлари билан боғлиқ ҳолатда нишонли танлаш ва парвоз вазифаси «украиналик ҳарбий хизматчиларнинг бирор иштирокисиз» амалга оширилади.

«Буларни ким қилади унда? Буларни ўша зарбдор тизимларни ишлаб чиқараётган ва уларни гўёки Украинага етказиб бераётганлар амалга оширишади. Бу ишлар украиналик ҳарбий хизматчиларнинг мутлақо иштирокисиз амалга оширилиши мумкин, шундай бўляпти ҳам», — деган Россия етакчиси.

«Нима демоқчиман. НАТО мамлакатларининг бу вакиллари, айниқса Европадагилар, айниқса кичик давлатдагилар, умуман, нима билан ўйнашаётгани борасида ўзларига ҳисоб беришлари лозим. Улар ҳудуди унча катта бўлмаган, аҳолиси зич жойлашган давлат эканликларини эсдан чиқармаслиги керак. Бу — Россия ҳудудининг ичкарисига зарба бериш ҳақида гапиришдан аввал улар инобатга олиши лозим бўлган омил», — деган Путин бундай ҳужумларга ядровий қурол билан жавоб қайтарилишига шама қилиб.

Йенс Столтенберг Брюсселда Европа Иттифоқига аъзо давлатлар мудофаа вазирлари билан учрашув олдидан Украина Ғарб томонидан етказиб берилаётган қуроллардан Россия ҳудудидаги «легитим нишонлар»га зарба бериш имкониятга эга бўлиши, акс ҳолда Украина қуролли кучларининг қўллари боғлиқ бўлиши ва улар самарали ҳимоялана олмаслиги ҳақида айтиб ўтган эди.

Айрим давлатлар, хусусан АҚШ ва Белгия ўзлари етказиб бераётган қуроллардан Россия ҳудудига зарба бериш учун Украинага рухсат бермасликларини таъкидлашган. Масалан, Болтиқбўйи давлатлари ва Чехия бунга рухсат беришга рози.

Европа Иттифоқининг халқаро ишлар ва хавфсизлик масалалари бўйича олий вакили Жозеп Боррелга кўра бундай қарорни ҳар бир мамлакат алоҳида чиқариши, алянс аъзоси бунга рози бўлиш ё бўлмаслик борасидаги мажбуриятни мустақил ўз зиммасига олиши керак.

Гуржистонда вето бартараф этилди

Гуржистон парламенти мамлакат президенти Саломе Зурабишвили томонидан «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунга қўйилган ветони бартараф қилди.

Президент ветосини бекор қилиш учун ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партиясидан 84 депутат овоз берди, гарчи камида 76 овоз зарур бўлса ҳам.

Конституцияга кўра, қонун энди 3 кун ичида президентга тақдим этилиши керак. Агар у рад этса, парламент спикери қонунни имзолаши мумкин ва у беш кун ичида кучга киради.

Депутатлар йиғилиши чоғида Гуржистон парламенти биноси яқинида яна намойишчилар тўплана бошлаган. Полиция уларни бинодан узоқлаштиришга уринган. Одамлар «хоинлар» деб қичқиришган.

Қонун Гуржистонда «чет эл агентлари» реестрини яратишни назарда тутади, унда 20 фоиздан ортиқ хориждан молиялаштириладиган барча нотижорат юридик шахслар ва оммавий ахборот воситалари кўрсатилади.

Ушбу қонун лойиҳаси кенг кўламли норозилик намойишлари туфайли 2023 йил мартида олиб қўйилган эди. Аммо ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси томонидан 2024 йил апрелида парламентга қайта киритилди.

14 май куни Гуржистон парламенти уни учинчи ўқишда маъқуллади. 18 май куни Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили қабул қилинган қонунга вето қўйиб, уни «моҳияти ва руҳи жиҳатидан россияпараст» деб атади. Бироқ, ветони бартараф қилиш учун парламентдаги кўпчилик овоз етарли эди.

Вето бартараф этилгач, Гуржистон президенти Саломе Зурабишивили референдум ўтказишга чорлаган. Бунинг учун 200 мингта имзо тўпланиши керак.

Мавзуга оид