Технология | 04:28 / 23.04.2020
6232
3 дақиқада ўқилади

Россияда дума депутатлари Telegram’ни блоклашни бас қилишни таклиф қилишди

Фото: РИА "Новости"

Россия давлат думасига «Справедливая Россия» партиясидан сайланган депутатлар Федот Тумусов ва Дмитрий Ионин Telegram мессенжерини блоклашни бас қилиш тўғрисида қонун лойиҳаси тайёрлашган. Бу ҳақда ҳужжат матни билан танишган «Коммерсант» хабар қилмоқда.

Депутатлар ҳокимият ҳозир Telegram’дан коронавирусга билан боғлиқ вазият ҳақида ахборот тарқатишда фойдаланаётгани сабабли уни блоклашни бас қилишни таклиф қилишмоқда. Хусусан, кўплаб ҳудудий оператив штаблар мессенжерда каналлар юритишмоқда.

Бундан ташқари, дейилади қонун лойиҳасида, россиялик фойдаланувчиларнинг аксариятида Telegram барибир нуқсонсиз ишламоқда, қолганлар блокировкани айланиб ўтишнинг бепул воситаларидан фойдаланишлари мумкин. «Мессенжернинг янада декларатив тарзда блоклашда давом этиш унинг ривожланишига тўсиқ бўла олмайди, бироқ РФ ҳокимияти нуфузига салбий таъсир кўрсатади», — дейилган ҳужжатда.

Давлат думаси базасида қонун лойиҳаси эълон қилинмаган. «Коммерсант»нинг ёзишича, ҳужжат 21 апрель куни бош вазир Михаил Мишустин ва Россия коммуникация ва алоқа вазирлиги раҳбари Максут Шадаевга жўнатилган. Вазирлик қонун лойиҳасини олганини тасдиқлаган, у ҳозир ўрганиш жараёнида.

Давлат думасининг ахборот сиёсати, ахборот технологиялари ва алоқа қўмитаси раҳбари Александр Хинштейн («Единая Россия») нинг таъкидлашича, у мазкур ташаббуснинг парламентда қабул қилиниши истиқболларига «катта шубҳа билан» қарайди. Чунки ҳокимият органлари коронавирус тўғрисида ахборот тарқатишда фақат Telegram’дан фойдаланаётгани йўқ, шу биргина сабаб билан унга енгилликлар ва алоҳида статус бериш мантиқсизлик бўлади. 

Telegram Россияда 2018 йилнинг 16 апрелидан расман блокланган. Шунга қарамасдан мессенжер россиялик фойдаланувларнинг катта қисми учун очиқ бўлиб қолмоқда. Роскомнадзор Telegram’ни блоклашга киришган кунлари чет сервисларнинг миллионлаб IP-манзилларини ҳам блоклаб қўйган эди.

Блоклангунга қадар Россиянинг кўплаб вазирлик ва идоралари ҳам Telegram’да расмий каналларга эга эди.

Тайёрлаган:  Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид