Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
FT: Россияда Telegram’нинг 500 млн долларлик облигациялари музлатиб қўйилган
The Financial Times ёзишича, Москвадаги Миллий ҳисоб-китоб депозитарийида (МҲД) Telegram’нинг тахминан 500 млн долларлик облигациялари музлатиб қўйилган. Дуров эса мессенжер “Россия капиталига боғлиқ эмас”, деб билдирди.
Москвадаги Миллий ҳисоб-китоб депозитарийида (МҲД) Telegram мессенжери облигациялари тахминан 500 миллион доллар миқдорида, Россияга нисбатан жорий этилган Ғарб санкциялари сабабли, блоклаб қўйилган. Бу ҳақда сешанба, 6 январ куни Британиянинг The Financial Times (FT) газетаси манбаларга таяниб хабар берди.
Сўнгги йилларда Telegram бир неча бор облигациялар жойлаштирган (эмиссия қилган), жумладан 2025 йил май ойида 1,7 млрд долларлик чиқарилиш ҳам бўлган. FT суҳбатдошларининг айтишича, мессенжер 2026 йилда муддати тугайдиган облигацияларнинг катта қисмини аллақачон қайтариб сотиб олган. Шу билан бирга, Telegram вакиллари инвесторларга 500 млн доллар миқдоридаги муддати ўтмаган қарз қимматли қоғозлари Россияда ҳали ҳам блокланган ҳолда қолaётганини билдирган.
Газета қайд этишича, бу ҳолат “Telegram ҳали-ҳамон Россия капиталига қай даражада боғлиқ экани”ни кўрсатади. Бироқ Telegram облигация эгаларига, музлатиб қўйилган облигациялар муддати тугагач, улар бўйича қарз мажбуриятларини қоплашини айтган. Шундан кейин тўлов агенти ва облигациялар депозитарийи мессенжернинг россиялик облигация эгаларига тўлов қилиш-қилмаслигини ҳал этади.
FT маълумотига Telegram эгаси Павел Дуров ўзининг Telegram-каналида изоҳ берди. Унинг сўзларига кўра, Telegram “Россия капиталига боғлиқ эмас”: 1,7 млрд долларлик облигация жойлаштирилишида “бирорта ҳам россиялик инвестор бўлмаган”, 2021 йилда чиқарилган қоғозлар эса “асосан қопланган ва муаммо туғдирмайди”. “Ҳар қандай ҳолатда ҳам облигация эгалари — акционер эмас ва Telegram’да қарор қабул қилишда овоз бериш ҳуқуқига эга эмас. Ягона акционер — мен”, — деди Дуров.
РИА “Новости” ва Bloomberg агентликлари 2021 йил 23 март куни Россия тўғридан тўғри инвестициялар фонди (РТИФ) вакилига таяниб, РТИФ БААнинг Mubadala Investment Company фонди билан бирга Telegram қимматли қоғозларини сотиб олганини хабар қилган. Bloomberg маълумотига кўра, араб фонди ва унинг шуъба компанияси мессенжернинг конвертацияланадиган облигацияларига жами 150 млн доллар сармоя киритган. Россия томони битим суммасини очиқламаган.
Бир неча соат ўтгач, Telegram’нинг ўша пайтдаги вице-президенти Иля Перекопский РТИФ мессенжер жамоаси билан инвестиция масаласида алоқа қилганини, аммо жойлаштиришда иштирок этмаганини айтган.
Павел Дуровнинг ўзи — бошқа бир неча бизнесменлар каби — 2022 йил апрелида, Украинадаги кенг кўламли уруш бошланганидан қарийб икки ой ўтиб, америкалик Forbes журналидан уни “россиялик бизнесмен” деб атамасликни сўраган. Telegram асосчисининг вакиллари бу илтимосни “Павел Россиядан кўп йиллар олдин кетгани ва қайтишни режалаштирмаётгани” билан изоҳлаган.