Жаҳон | 15:27 / 17.01.2026
2231
2 дақиқада ўқилади

Роскомнадзор Telegram’ни қисман блокламоқда

Давлат думаси қўмитаси раиси ўринбосари сўзларига кўра, Telegram РФ ҳокимияти билан ҳамкорлик қилади, бироқ “талабларнинг бутун мажмуаси”ни бажармайди. Андрей Свинцовнинг фикрича, мессенжер тўлиқ блокланмайди.

Фото: Андрей Любимов / РБК

Алоқа, ахборот технологиялари ва оммавий коммуникациялар соҳасида назорат қилувчи федерал хизмат — Роскомнадзор (РКН) Telegram’ни қисман блокламоқда. Бу ҳақда “Москва 24” телеканали жума куни, 16 январда манбага таяниб хабар қилди. Фойдаланувчилар мессенжерда видеолар секин юкланаётгани ва илова ишида узилишлар бўлаётганидан шикоят қилмоқда.

“Ҳа, бу РКН томонидан жорий этилган янги чекловлар”, — дея таъкидлаган манба.

Шу билан бирга, Давлат думасининг ахборот сиёсати, ахборот технологиялари ва алоқа масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Андрей Свинцов Telegram РФ ҳокимияти билан “ҳамкорлик қилаётгани”ни айтиб, уни тўлиқ блоклаш кутилмаётганини билдирди.

“Шунга қарамай, талабларнинг бутун мажмуасини бажариш керак. Масалан, ҳали ҳам турли бемаза гапларни ёзадиган, фактларни бузиб кўрсатадиган аноним Telegram-каналлар бор. Россия ҳудудида бу каналлар унчалик тезкорлик билан блокланмаяпти”, — деди Свинцов “Радиоточка НСН”га. “Telegram фаолроқ реакция қилиши керак”, — деб қўшимча қилди у.

2025 йил август ойида Роскомнадзор мессенжер орқали қўнғироқларни чеклаган эди. Ҳокимият бу чекловларни мессенжер гўёки “товламачилик, РФ фуқароларини диверсион ва террористик фаолиятга жалб қилиш” учун майдон тақдим этаётгани билан изоҳлаган.

Кейинроқ, 2025 йил 28 ноябр куни РКН бошқа бир мессенжер — WhatsApp агар Россия қонунлари талабларини бажармаса ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликни йўлга қўймаса, тўлиқ блокланиши ҳақида огоҳлантирган. 22 декабрдан бошлаб РФдаги фойдаланувчилар иловадаги муаммолар кучайганидан шикоят қила бошлаган. WhatsApp иши 70–80 фоизгача секинлаштирилган бўлиши мумкин. Свинцов, шунингдек, мессенжер 2026 йилда тўлиқ блокланишини айтди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид