Ўзбекистон | 10:46 / 11.10.2025
9294
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги пулли йўлларда 150 км/соат тезликка рухсат берилади

Ҳозирги хомчўтларга кўра, пулли йўлда 200 км масофа босиш тўлови 100 минг сўм атрофида бўлиши мумкин, дея маълум қилди Автомобил йўллари қўмитаси бош юрисконсулти Ҳасан Умаров. Сенатга юборилган қонунга кўра, пулли йўллар фақатгина бепул йўлга муқобил трасса сифатида қурилиши мумкин, яъни одамларда танлов имконияти бўлиши керак.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда ташкил этиладиган пулли йўлларда 150 км/соатгача тезликда ҳаракатланишга рухсат берилиши кўзда тутилган. Бу ҳақда Автомобил йўллари қўмитаси бош юрисконсулти Ҳасан Умаров маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, “Автомобил йўллари тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририда пулли йўлларга оид нормалар ҳам белгиланмоқда. Қонун қабул қилингач, йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш киритилади ва пулли йўлларда тезликни соатига 150 километргача ошириш мумкинлиги белгилаб қўйилади.

Умаровнинг айтишича, пулли йўлдан фойдаланишдаги нарх ҳисоблаш методикаси ҳукумат томонидан тасдиқланади. Бунда, ставкаларнинг энг юқори чекланган миқдорлари белгилаб қўйилиши ва инвестор йўл тўловини ана шу энг юқори миқдордан оширмаслиги талаб этилади.

“Масалан, [ҳозир] 100-200 км жойга борадиган бўлса, йўлда нечта радарга тушади. Битта радарга тушсангиз ҳам, 200 минг сўм тўлайсиз. Пулли йўлда эса, бугунги хомчўтларимизга кўра, 200 км ҳаракатланиш тўлови 100 минг сўм атрофида бўлади. Бу ҳисоб-китоблар ҳали ўзгариши мумкин”, – деди Автойўллар қўмитаси бош юрисконсулти.

Қонунчилик палатасининг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Фарҳод Зайниевнинг айтишича, пулли йўл ташкил қилишда унга муқобил бепул йўлнинг мавжуд бўлиши талаб этилади.

“Масалан, бир нуқтадан иккинчи нуқтага етиб олиш учун ҳозир мавжуд йўл пулли йўлга айлантирилмайди, мана шу йўл сақланиб қолган ҳолда, шунга муқобил пулли йўл қурилишига рухсат берилади. Демак, йўловчида танлов бўлади: хоҳласа давлат томонидан қурилган умумий автомобил йўлларидан бепул ҳаракатланади, ёки вақтини тежаш мақсадида, тўхтовсиз, юқори тезлик режимида юриш учун пул тўлаб, пулли йўл орқали ҳаракатланиши мумкин”, – деди Зайниев.

Унинг сўзларига кўра, пулли йўллардан тушган пуллар қаерга сарфланиши ҳам кўриб чиқилаётган қонунда аниқ ёзилган.

“Агар пулли йўл давлат-хусусий шериклик асосида ташкил қилинган бўлса, тушумлар аввало шу йўлни сақлашга, таъмирлашга, сифатини оширишга сарфланади. Қолган қисми “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонунга асосан, инвестиция киритган тадбиркорнинг улуши ҳисобланади. Лекин ДХШдаги давлат қисми фақат ўша йўлни ривожлантиришга сарфланиши белгилаб бериляпти”, – деди депутат.

Фарҳод Зайниевга кўра, фавқулодда ҳолатларда пулли йўллардан бепул фойдаланиш мумкинлиги қонунда белгилаб қўйилмоқда. Бундан ташқари, тез ёрдам ва ички ишлар органларининг автобиллари каби махсус транспортлар ҳам пулли йўлдан бепул юра олади.

Қонунчилик палатаси “Автомобил йўллари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини 23 сентябр куни қабул қилиб, Сенатга юборган эди.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид