Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Иштихондаги уйда газбаллони портлади
Ҳодиса оқибатида 5 киши жароҳатланиб, шифохонага ётқизилган. Аммо бу ҳолат ҳақида расмий маълумот берилмаяпти. Воқеа жойидан ҳам кадрлар йўқ – манбага кўра, туман ҳокими аҳолини бу ҳолатни ОАВга чиқармаслик ҳақида огоҳлантирган.
Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги хонадонлардан бирида маиший газбаллони портлаган. Kun.uz’га келиб тушган мурожаатга кўра, 10 феврал куни туманнинг Деҳқонобод маҳалласида фуқароларга тарқатилган маиший газбаллони портлаши оқибатида бир оиланинг беш нафар аъзоси оғир тан жароҳати олган.
Ҳодиса содир бўлган куни икки нафар вояга етмаган бола турли даражадаги куйиш жароҳатлари билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Самарқанд филиалига олиб келинган. 12 феврал куни яна бир вояга етмаган бола шу муассасага етказилган.
Kun.uz манбаси болаларнинг аҳволи оғирлигини билдирган. Шунингдек, уларнинг бобоси ва онаси экани айтилган икки киши Иштихон туман тиббиёт бирлашмасида даволанаётгани, уларда ҳам юқори даражадаги куйиш жароҳатлари борлиги маълум қилинган.
Портлашга носоз газбаллони сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.
Ҳодиса жойидан кадрлар мавжуд эмас. Мурожаат муаллифига кўра, воқеадан кейин туман ҳокими Фазлиддин Рўзиев қишлоққа бориб, аҳолини бу хабар оммавий ахборот воситаларига чиқиб кетмаслиги юзасидан қаттиқ огоҳлантирган.
Самарқанд вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати ушбу ҳолат ҳақида маълумотга эга эмаслигини билдирди. Бошқа расмий идоралар ҳам воқеа юзасидан маълумот эълон қилмаган.