Иқтисодиёт | 20:20 / 01.06.2024
8605
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ЖСТга аъзолик бўйича 11 та давлат билан музокараларни якунлади

Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлида Ўзбекистон билан 30 дан ортиқ мамлакат икки томонлама музокара ўтказиш хоҳишини билдирган бўлиб, ҳозирда улардан 11 таси билан ўзаро бозорларга кириш бўйича келишувларга эришилди. Сўнгги бир йил ичида Ўзбекистондаги 40 га яқин ҳужжатлар ЖСТ нормаларига мослаштирилди.

Фото: Kun.uz

2023 йилда Адлия вазирлигида миллий қонунчиликни ЖСТ битимларига уйғунлаштириш бўйича махсус бошқарма ташкил этилганидан буён 700 дан ортиқ қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари ЖСТ қоидаларига мувофиқлигини баҳолаш учун экспертизадан ўтказилди.

Бу ҳақда 31 май куни Адлия вазирлигида “Миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимларига уйғунлаштириш масалалари” мавзусида бўлиб ўтган конференцияда адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов маълум қилди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёни фаол босқичга ўтганидан сўнг миллий қонунчиликни ЖСТ битимларига уйғунлаштириш мақсадида 2023-2024-йиллар давомида 24 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган ва 40 га яқин ҳужжатларни уйғунлаштиришга эришилган.

“Қабул қилинган ҳужжатлар қаторида 2024 йил 15 февралдаги 908-сонли қонун алоҳида ўрин эгаллайди. Унга мувофиқ, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ва маҳаллий корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказганлик учун тўланадиган давлат божи миқдори бирхиллаштирилди ва 1 БҲМ миқдорида белгиланди (олдин хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар БҲМнинг 10 баравари миқдорида давлат божи тўлаган, маҳаллий корхоналар эса 1 БҲМ).

Бундан ташқари, ушбу қонун интеллектуал мулк соҳасидаги қонунчиликка бир қатор муҳим ўзгаришлар киритди. Хусусан, қонун резидентлар ва норезидентлар томонидан интеллектуал мулк ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш учун давлат божини ундириш бўйича камситувчи қоидаларни бекор қилди, патентлар соҳасида мажбурий лицензиялаш асосларини ўрнатди”, – дейди Алишер Каримов.

Вазир ўринбосарига кўра, 2024 йилнинг 5 апрел куни 30 та банддан иборат, янгиланган Миллий қонунчиликни ЖСТ битимларига мувофиқлаштириш бўйича иш режа ҳамда 26 та қабул қилинган ҳужжат ва лойиҳаларнинг (18 та қабул қилинган ҳужжатлар ва 8 та ишлаб чиқилган лойиҳалар) таржималари ЖСТга аъзо давлатларга кўриб чиқиш учун тақдим этилган.

Фото: Адлия вазирлиги

Тадбирда иштирок этган Иқтисодиёт ва молия вазирлиги масъули Искандар Генжаевнинг таъкидлашича, ҳозирда Ўзбекистон билан 30 дан ортиқ давлатлар икки томонлама музокараларга киришган ва 11 та давлат билан музокаралар якунланган.

“Ўзбекистон билан бу борадаги музокараларни биринчи бўлиб ўтган йилнинг апрел ойида Грузия якунлаган. Ноябр ойида уч давлат – Туркия, Мўғулистон ва Саудия Арабистони билан протоколлар имзолангани хабар қилинган эди. Жорий йилнинг 26-29 феврал кунлари Абу Дабида бўлиб ўтган ЖСТ вазирларининг 13-конференцияси доирасида уч давлат – Япония, Исроил ва Доминикан Республикаси билан бозорга кириш протоколлари имзолангани ҳамда Таиланд билан музокаралар якунлангани ҳақида маълум қилинди”, – дейди у.

Искандар Генжаевнинг сўзларига кўра, шу пайтгача Хитой билан 2300 та, Россия билан 1166 та, Украина билан 449 та ва Козоғистон билан 412 та ҳужжат ЖСТ битимларига уйғунлаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, 24 май Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳнинг Женевадаги 8-йиғилишида бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев Ўзбекистон 2026 йилгача ташкилотга аъзо бўлиш ниятида эканини айтганди.

  • Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш учун 1994 йилда ариза топширган, лекин жараён 2005 йилда тўхтаб қолган. Аъзолик жараёни 2020 йилга келиб тикланди. Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳ йиғилишлари ҳозиргача 8 марта – 2002, 2004, 2005, 2020, 2022, 2023 (2 марта) ва 2024 йилда ўтказилган.
  • ЖСТга аъзо бўлиш аъзо мамлакатга миллий қонунчиликни халқаро талаблар ва стандартларга мувофиқлаштириш, ташқи бозорларга чиқиш ва экспорт диверсификацияси учун кенг имкониятлар яралиши; халқаро савдо қоидаларини шакллантиришда бошқа давлатлар билан тенг равишда иштирок этиш; барча учун очиқ савдо қоидалари; низоларни ҳал қилиш механизмидан фойдаланиш имконини беради.

Мавзуга оид