Ўзбекистон | 21:20 / 15.03.2022
40964
4 дақиқада ўқилади

Ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштиришда турнақатор навбатлар. Бунга сабаб нима?

Айни кунларда Давлат хизматлари марказларида эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш жараёнида узун навбатлар ҳосил бўлмоқда. Kun.uz мухбири Чилонзор тумани давлат хизматлари марказида бўлди.

Одатда ДХМларда иш вақти 9:00дан 18:00гача бўлса-да, шу кунларда марказлар “сўнгги мижозгача” режимида ишламоқда, яъни ҳайдовчилик гувоҳномалари ярим кечаси ҳам алмаштириб берилаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Шунга қарамай, кечқурун ҳам узун навбат шаклланган.

Эрталаб соат 7да келиб навбат олганмиз. Орада 2-3 марта ишларимизни ҳам битириб келдик. Ҳалиям навбатимиз келмади. Навбатим 219, ҳозир 192га келди. Ходимлар яхши ишлашяпти, лекин шунча одам кутиб ўтирибди. Бу узун навбатнинг сабабини билмадим-у, лекин бу ерда битта ходим хизмат кўрсатяпти. Шуни кўпайтиришни таклиф қилардим”, – дейди навбат кутаётганлардан бири.

Ҳайдовчилик гувоҳномамни 2008 йилда олгандим. Муддати келиб қолганди. Навбатимиз ҳозир келди. Ходимларга раҳмат, соат 23:00га яқинлашса ҳам ишлаб ўтиришибди”, – дейди ҳайдовчилардан яна бири.

Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳри бошқармаси бош маслаҳатчиси Жалолиддин Холмуродов марказларда бундай узун навбатлар шаклланиши сабабларига тўхталди.

Ҳозирда битта туман давлат хизматлари марказида кунига 250-300 дона ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштиришга муваффақ бўляпмиз.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан 2010 йилгача олинган ҳайдовчилик гувоҳномаларини 2022 йил 31 мартига қадар, 2010 йилдан 2012 йилларда олинганларини 2022 йил 30 июнга қадар, 2013 йилдан 2015 йилгача олинганларини 2022 йил 30 сентябрга қадар, 2015 йилдан кейин олинганларини 2022 йил 31 декабрга қадар янгисига алмаштириш лозим.

Бунда фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида марказларда “сўнгги мижозгача” иш режими ўрнатилган. Яъни кундузи навбат олган фуқароларга навбат тугагунча ярим тун бўлиб кетса ҳам хизмат кўрсатилади.

Навбат узунлиги сабабли фуқаролардан эътирозлар келиб тушяпти.

Вазирлар Маҳкамаси қарорида 2010 йилгача олинган ҳайдовчилик гувоҳномаларини 2022 йил 31 мартига қадар янгисига алмаштириш белгиланган бўлса-да, фуқароларимизда “31 мартгача алмаштирмасам, гувоҳномани алмаштиришда қайта имтиҳон топширар эканман” деган нотўғри тушунча пайдо бўлган. Бу эса марказларимизда навбат ошиб кетишига сабаб бўлмоқда. Ваҳоланки, 2012 ёки 2013 йилларда олинган ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштиришга фуқароларда ҳали муддатлари бор”, – дейди Жалолиддин Холмуродов.

Жалолиддин Холмуродов

Бугун, 15 март куни ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш мавзусида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Давлат хизматлари агентлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Адҳам Баратов ҳам марказлардаги узун навбатлар масаласида фикр билдирди.

У навбатлар узун бўлаётганини муддат кам қолганидан сўнг мурожаатларнинг ошиб кетгани билан изоҳлади. Унинг қўшимча қилишича, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштиришда ваколатли орган Ички ишлар вазирлиги ҳисобланиб, ДХМлар бу жараённи тезлаштиришга ёрдам бериш мақсадида ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириб бериш билан шуғулланмоқда. Бунда марказларнинг имконияти вазирлик етказиб берган 25та қурилма доирасида чекланиб қолган.

“Ички ишлар вазирлиги бу хизматни кўрсатишни таъминлаши мақсадида керакли моддий-техник база билан шакллантирилган. Агар вазирлик бизга тегишли моддий-техник база билан бошқа туманларимизни ҳам таъминлаб берса, бизда хизматлар йўлга қўйилиши мумкин.

Фақат бунинг бошқа тарафини ҳам инобатга олиш керак. Бу қурилма жуда қиммат туради. 5 миллионга яқин ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш керак бўлса, эшитимим бўйича қурилмалар шу миқдордан келиб чиқиб харид қилинган. Агарда ҳозир бу қурилмалар ҳар бир туман учун сотиб олинадиган бўлса, 5 млнга яқин ҳайдовчилик гувоҳномаси алмаштириб бўлинганидан кейин жойларда бу қурилмалар самарасиз бўлиб қолиши мумкин. Балки шу нуқтайи назардан қурилмалар кўп миқдорда харид қилинмаётгандир”, – дейди Адҳам Баратов.

Маълумот учун, 2021 йил ноябридаги қарор билан ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштиришнинг охирги муддати (2021 йил 31 декабр) яна узайтирилиб, 4 босқичли янги муддатлар белгиланган.

Шунингдек, ДХА ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштиришда имтиҳон топширилмаслигини маълум қилган.

Мавзуга оид