Ўзбекистон | 15:37 / 27.04.2021
11584
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда халқаро фан олимпиадалари ғолиблари қандай рағбатлантирилади?

20-26 апрел кунлари 28 та давлат ўқувчилари ўртасида онлайн тарзда ўтказилган 55-Халқаро Менделеев кимё олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси 7та медал олгани маълум қилинган эди.

Хўш, Ўзбекистонда Фан олимпиадалари ғолиблари қандай рағбатлантирилади? Халқ таълими вазирлиги олимпиада ғолиблари ва уларнинг устозларига бериладиган мукофот пуллари ва устамалар ҳақида маълумот берди.

2019 йил 3 майдаги «Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорига мувофиқ фан олимпиадалари ғолибларини рағбатлантиришнинг янги тизими жорий этилган.

Қарорга кўра қуйидаги фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар ва уларнинг ўқитувчилари бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади:

  • Халқаро математика олимпиадаси (International Mathematical Olympiad (IMO);  
  • Халқаро физика олимпиадаси (International Physics Olympiad (IPhO);
  • Халқаро кимё олимпиадаси (International Chemistry Olympiad (IChO);
  • Халқаро биология олимпиадаси (International Biology Olympiad (IBO);
  • Халқаро информатика олимпиадаси (International Olympiad in Informatics (IOI).

Ушбу олимпиадаларнинг дастлабки уч ўрнини қўлга киритган ўқувчилар ва уларнинг устозлари қуйидаги мукофот пуллари билан тақдирланади:

  • 1-ўрин (олтин медаль) учун – ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баравар (122,5 млн. сўм), ўқитувчисига – 450 баравар (110,25 млн. сўм);
  • 2-ўрин (кумуш медаль) учун – ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравар (73,5 млн. сўм), ўқитувчисига – 250 баравар (61,25 млн. сўм);
  • 3-ўрин (бронза медаль) учун – ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравар (49 млн. сўм), ўқитувчисига –150 бараварида (36,75 млн. сўм).

Халқаро фан олимпиадалари ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар ва таълим муассасаси директорлари навбатдаги ўқув йили учун директор жамғармасидан қўшимча устама оладилар:

  • 1-ўрин (олтин медаль) учун – 200 фоиз;
  • 2-ўрин (кумуш медаль) учун – 175 фоиз;
  • 3-ўрин (бронза медаль) учун – 150 фоиз.

Шунингдек, ушбу халқаро олимпиадаларда медаль билан тақдирланган ўқувчилар Олий таълим муассасаларига имтиҳонларсиз, имтиёзли равишда қабул қилинади.

Таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган халқаро олимпиадалар ғолиблари лавозим маошига 150 фоиз, асосий олимпиадалар республика босқичи ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 100 фоизлик устама ҳақи тўланади.

2021 йил давомида ўтказилган Халқаро Менделеев кимё олимпиадаси, Халқаро Жаутиков олимпиадаси ҳамда Кавказ математика олимпиадаларида ғолиб бўлган 21 нафар ўқувчининг барчасига яқин кунларда президент совғаси сифатида моноблок, олтин медаль соҳибларига қўшимча равишда телевизорлар берилади.

Бундан ташқари, Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда фаолият юритадиган ташкилотлардан ҳам қўшимча совғалар берилиши кўзда тутилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид